Янги юлдузлар кашф этилаётган саҳна: “Бўзатов FEST” ҳал қилувчи паллага кирди
“Ёшлар овози – Бўзатов FEST” республика танловининг энг ҳаяжонли ва ҳал қилувчи босқичи бошланди. Умумий мукофот жамғармаси 2,5 миллиард сўмни ташкил этган мазкур танловнинг якуний ғолиблари яқин кунларда бўлиб ўтадиган супер финалда эълон қилинади.

Республика бўйлаб 370 мингдан ортиқ ёшларни қамраб олган “Ёшлар овози – Бўзатов FEST” танлови ўзининг ҳал қилувчи палласига кирди. 29 май куни старт олган мазкур республика танлови доирасида 3 июнь куни Нукус саҳнасида унинг энг нафис йўналишларидан бири анъанавий ижро бўйича ҳудудий босқичлардан сараланган 42 нафар энг иқтидорли ёшлар тўлиқ жонли ижрода ўзаро куч синашди.
Мазкур танлов ёшларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, миллий санъатга қизиқишини ошириш ҳамда янги истеъдодларни кашф этиш мақсадида ташкил этиб келинмоқда.
3 июнь кунги дастурда иштирок этган 42 нафар иштирокчи 3 та ёш тоифасида ўз овоз имкониятларини намойиш этишди. Танловнинг ўзига хос жиҳати шундаки, барча ижролар тўлиқ жонли мусиқа жўрлигида тақдим этилмоқда. Созандалар ва концертмейстерлар иштирокчилар чиқишига мос мусиқаларни саҳнанинг ўзида ижро этиб, ҳақиқий ижодий муҳитни яратмоқда. Жараёнларни Тошкент шаҳридан келган тажрибали ҳакамлар ҳайъати холис баҳолаб бормоқда.
Ғолиб ва совриндорларни муносиб тақдирлаш мақсадида танловнинг умумий мукофот жамғармаси 2,5 миллиард сўмни ташкил этган. Унга кўра, йўналишлар ва ёш тоифалари бўйича 1-ўрин соҳиблари 50 миллион сўм, 2-ўрин 30 миллион сўм, 3-ўрин эса 20 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади.
Шунингдек, финалгача етиб келган ҳар бир иштирокчи ҳам 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан рағбатлантирилади.Эътиборли жиҳати, ўтган йиллар давомида мазкур танлов кўплаб истеъдодларни кашф этди. Бугун давлат мукофотлари, нуфузли танловлар ва халқаро саҳналарда муваффақият қозонаётган бир қатор ёш санъаткорлар ўз вақтида айнан «Ёшлар овози» саҳнаси орқали кенг жамоатчиликка танилган.
Бўзатовдаги қизғин беллашувлар якунига етиб бормоқда. Кўп минглаб иштирокчилар орасидан сараланган энг кучли овоз соҳибларининг ғолибликка лойиқлиги айнан шу саҳнада ҳал бўлади. Танлов ғолиблари номи эса супер финал якунида эълон қилинади.
