Бўзатов FEST танлови ғолиби “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони билан тақдирланди
Бугунгача жуда кўплаб ёш истеъдод эгаларини кашф этиб келаётган “Ёшлар овози” – Бўзатов FEST танлови Ёшлар ишлари агентлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилади.

2019 йил Қорақалпоғистон Республикасида Бўзатов тумани ташкил этилган. 2020 йил эса Президент Шавкат Мирзиёев қорақалпоғистонлик ёшлар билан мулоқот чоғида ёш истеъдод эгалари мана шу гўзал масканга келиб, туманнинг обрўсини ва довруғини бутун дунёга танитиш учун “Ёшлар овози” – Бўзатов FEST танловини ўтказиш ташаббусини илгари сурганди.
Давлат раҳбарининг ташаббусидан сўнг, 2021 йилдан бошлаб Ёшлар ишлари агентлиги ва ҳамкор ташкилотлар ушбу танловни ўтказиши анъанага айланди. Танлов бахшчилик, анъанавий ижро, опера ва эстрада йўналишлари бўйича маҳалладан бошланиб, сектор, туман, вилоят ва республика босқичларида ўтказилади.



Бугунгача Бўзатов FEST кўплаб истаъдод эгаларини кашф этди. Улардан бири – Отабек Назировдир. У танловнинг 2024 йилги мавсумида 23-30 ёш тоифаси бўйича опера йўналишида 1-ўринни қўлга киритган.
Отабек Назировнинг финалдаги иштироки:
25 январь куни Президент Фармонига асосан “Ёшлар овози” – Бўзатов FEST танлови ғолиби Назиров Отабек Бахадир ўғли “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан тақдирланди.
Бўзатов юлдузлари: Отабек Назиров
Бу лойиҳа ёшларга нима беряпти?
Биринчидан, танловнинг илк босқичи бутун республикада мавжуд ҳар битта маҳаллада ўтказилади. Яъни энг чекка ҳудуддаги ёш ҳам, энг марказдагиси ҳам эътибордан четда қолмайди – барча йигит-қизлар қатнашишига тенг имконият яратилган.
Иккинчидан, муносиб рағбат. Танловда ҳар бир йўналиш ва ёш тоифасида республика босқичида 1-ўринга 50 млн сўм, 2-ўринга 30 млн сўм ҳамда 3-ўринга 20 млн сўм пул мукофоти топширилади. Қолган барча республика босқичи иштирокчилари эса 10 млн сўмдан пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Учинчидан, халқаро майдонга чиқиш кўприги вазифасини ўтаяпти. Масалан, “Бўзатов ёшлар овози 2022 йил” танловида 1-ўринни қўлга киритган 12 нафар иқтидорли ёш 2023 йил 17-28 май кунлари Италия давлатида малака ошириб, “Ўзбекистон маданияти” ҳафталигида концерт дастурлари билан иштирок этишди.

Бундан ташқари, танловининг 2024 йилги республика босқичида 10-15 ёш тоифасида 1-ўринни қўлга киритган Ясмина Ҳусниддинова Беларусда ўтказилган ХХII “ВИТЕБСК–2024” Халқаро болалар мусиқа танловида гран-прини қўлга киритди.


Тўртинчидан, бутун Ўзбекистон олдида шу танлов орқали ўз истеъдодини кўрсатган, республика босқичида ғолиб бўлган ёшлардан бугунги кунга қадар, 1 нафари “Шуҳрат” медали, 3 нафари “Келажак бунёдкори” медали, 2 нафари “Ниҳол” мукофоти билан тақдирланди.
Бир сўз билан айтганда, Бўзатов истеъдодларни кашф этади!