Ёшлар орасида энг оммалашаётган танлов

Бу шундай танловки, ғолиблардан ташқари республика босқичига чиққан ҳар бир иштирокчига пул мукофоти берилади.

Маданият
15 апрель, 11:19
Ёшлар орасида энг оммалашаётган танлов

2021 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинаётган “Ёшлар овози” Бўзатов FEST” танлови минглаб иқтидорли ёшларни кашф қилмоқда. Бу шунчаки гап эмаслигини қуйидаги фактлар исботлайди.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташриф буюрган пайтда Ўзбекистоннинг барча юлдузларини Бўзатовга олиб келадиган бир лойиҳа ўтказиш ташаббусини илгари сурган. Ёшлар ишлари агентлиги эса бунга дарров лаббай деб жавоб бериб, “Ёшлар овози” фестивалини бошлаган.

Бу ўзи қандай танлов?

Бу шундай танловки, ғолиблардан ташқари республика босқичига чиққан ҳар бир иштирокчига пул мукофоти берилади. Бунақаси ҳозиргача бўлмаганини тарих исботлайди. Ҳакамлар энг юқори балл тўплаган иштирокчиларга барча йўналишлар бўйича 3 та ўрин белгиланади.

  • 1-ўрин – 50 миллион сўм (тўрт йўналишда, жами 12 та);
  • 2-ўрин – 30 миллион сўм (тўрт йўналишда, жами 12 та);
  • 3-ўрин – 20 миллион сўм (тўрт йўналишда, жами 12 та);
  • республика босқичи иштирокчиларига – 10 миллион сўмдан берилади.

Танлов Ёшлар ишлари агентлиги, Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши ва тилидан қатъи назар, 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида ўтказилади.

Танловнинг асосий мақсад:

  • ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, миллий ғурур ва ифтихор, бағрикенглик, бунёдкорлик, меҳр-оқибат ғоялари руҳида тарбиялаш;
  • бахшичилик, анъанавий ижро, опера, эстрада йўналишларида ижод қилаётган ёш истеъдодларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш;
  • катта саҳналарда ўз санъатини намойиш этиши учун кенг йўл очиб бериш;
  • ижрочиларнинг маҳорати, истеъдоди ва қобилиятини намоён этиш, уларнинг ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш;
  • ёш ижодкорларни юксак даражага кўтариш, миллий санъатимизни дунё саҳналарига олиб чиқиш, ҳаваскор ва профессионал ижодкорларни рағбатлантириш, уларнинг ижодини кенг тарғиб қилиш.

Танлов 3 ёш тоифасида, 4 йўналишда ва 5 босқичда ўтказилади:

  • 10-15 ёш;
  • 16-22 ёш;
  • 23-30 ёш.

Танлов йўналишлари:

  • бахшичилик;
  • анъанавий ижро (мақом, катта ашула);
  • опера;
  • эстрада.

Биринчи босқич маҳаллалар, иккинчи босқич секторлар, учинчи босқич туман-шаҳарлар, тўртинчи босқич вилоятлар ва бешинчи босқич республика бўйича ўтказилади. Республика босқичи ҳар йили Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида фестивалу катта тантана билан ташкил этилади.

Республика босқичи 2 босқичда бўлади:

  • финал – республика босқичига келган барча иштирокчилар ичидан ҳакамлар йўналишлар ва ёш тоифасидан 5 нафардан саралаб олган иштирокчилар супер финалда иштирок этади;
  • супер финал – 5 нафардан саралаб олинган иштирокчилар қўшиқ ижро этади.

Дарвоқе, қўшиқлар фақат жонли ижро этилади. Танлов йўналишлари бўйича иштирокчилар учун ижро вақти қуйидагича белгиланади:

  • 10-15 ёш учун 5 дақиқагача;
  • 16-22 ёш учун 6 дақиқагача;
  • 23-30 ёш учун 10 дақиқагача.

Танловнинг бу йилги ҳудудий босқичи 15 апрелдан бошланади ва 30 апрел куни Тошкент шаҳар босқичи билан якунланади. Шу билан танловнинг республика босқичи май ойида Бўзатовда бўлиб ўтади.

Фестивалнинг фойдаси

Ушбу танловнинг ёшларга қандай фойдаси бор, деган саволни бериш унчалик тўғри эмас. Чунки танлов ғолиблари аллақачон Ўзбекистон ва дунёда ўзини кўрсатишга улгурган. Кўплаб халқаро танловлар, лойиҳаларда ватанимиз номидан қатнашишмоқда, ғолиб чиқишяпти.

Масалан, 2023 йил 19-22 май кунлари “Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳаси тақдимоти доирасида танловнинг 2022 йил мавсуми ғолиблари (11 нафар) тажриба алмашиш учун Италиянинг Пезаро шаҳрида бўлиб, ўз чиқишлари билан иштирок этишган. Италиянинг машҳур хонандалари ва созандалари маҳорат дарслари ўтаб берган.

Шунингдек, ғолиблар орасида Зулфия номидаги, "Ниҳол", "Келажак бунёдкори" каби давлат мукофотлари соҳиблари ҳам борлиги аҳамиятли. Энг муҳими, танлов ғолиблари ва республика босқичи иштирокчилари пул ютуқларини олиб, бир корига ишлатишмоқда, камини тўғрилаяпти ёки келажагига инвестиция қилмоқда. Энг муҳими, бундай иқтидорли ёшлар ўзлари учун илҳом олиб, бошқа истеъдодларга ҳам мотивация бермоқда.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+