platina.uz
Иқтисод

Шавкат Мирзиёев “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркига ташриф буюрди

“Kmita Polymers” корхонаси Россия компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган, махсус ва кенг ассортиментдаги полиэтилен плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Шавкат Мирзиёев “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркига ташриф буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида фаолият юритаётган “Kmita Polymers” корхонасига ташриф буюрди.

Россиянинг “Polymers” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур лойиҳа махсус ва кенг ассортиментдаги полиэтилен плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Бундай плёнкалар замонавий иқтисодиётнинг кўзга кўринмайдиган, аммо жуда муҳим бўғинларидан биридир. Бугун озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника, қурилиш материаллари, фармацевтика воситалари ва турли саноат товарларининг бозорга хавфсиз етказилиши, ташқи таъсирлардан муҳофазаланиши кўп жиҳатдан замонавий қадоқлаш технологияларига боғлиқ.

6 минг 670 квадрат метр майдонни эгаллаган корхонада Италиянинг замонавий технологик ускуналари асосида кенг ассортиментдаги полимер ва термоқисқарувчи плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Унинг ишга туширилиши натижасида 9,5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши таъминланмоқда.

Лойиҳа икки босқичли кенгайтириш дастури асосида амалга оширилмоқда. Инвестицияларнинг умумий қиймати 15,2 миллион долларни ташкил этади. Унинг биринчи босқичида 7,4 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилди.

Лойиҳа доирасида 50 та янги иш ўрни яратилди. Кейинги босқичларда иш ўринлари сони янада кўпайиши кутилмоқда.

2025 йилда бу ерда 115 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шу билан бирга, 6 миллион долларлик маҳсулот Марказий Осиё давлатларига экспорт қилинди.

Корхона ишлаб чиқараётган полимер маҳсулотлар Coca-Cola, Pepsi, Flash, «Черноголовка», Ackerman, Asl Oyna, Biolife ва Family Group каби йирик брендларнинг қадоқлаш тизимларида маҳаллий хомашё сифатида қўлланилмоқда.

Қадоқлаш индустрияси замонавий саноатнинг энг тез ривожланаётган йўналишларидан бири экани таъкидланди. Чунки маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошиб борган сари уни хавфсиз сақлаш, ташиш ва бозорга етказиб бериш талаблари ҳам кучаяётгани қайд этилди.

Шу маънода, бундай корхоналар сонининг кўпайиши нафақат бир тармоқнинг ривожланишига, балки озиқ-овқат саноати, қурилиш, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларнинг барқарор ишлашига ҳам хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid