Чирчиқ дарёсига кимёвий моддалар билан ифлосланган оқова сувлар оқизилгани маълум бўлди
Ижтимоий тармоқларда дарёда қизил сув оқаётганлиги тўғрисида мурожаат тарқалди. Чирчиқ шаҳар оқова сув тозалаш иншооти биологик тозалашга ихтисослашган бўлса-да, бўёқ ишлатадиган тўқимачилик ва кимёвий моддалардан фойдаланадиган корхоналарнинг белгиланган меъёрлардан юқори даражада ифлосланган оқова сувларини қабул қилган.

Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ дарёсида қизил сув оқаётганлиги тўғрисида мурожаат тарқалди.
Ҳолат юзасидан Экология қўмитаси Экология полицияси ходимлари томонидан Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган “Тошкент вилояти сув таъминоти” АЖ Чирчиқ шаҳар оқова сув тозалаш иншоотида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этиш орқали 14 сентябрдан 23 сентябргача 10 кун муддатда текшириш ўтказилди.
Текширув давомида маълум бўлдики, Чирчиқ шаҳар оқова сув тозалаш иншооти биологик тозалашга ихтисослашган бўлса-да, бўёқ ишлатадиган тўқимачилик ва кимёвий моддалардан фойдаланадиган корхоналарнинг белгиланган меъёрлардан юқори даражада ифлосланган оқова сувларини қабул қилган. Устига-устак, оқова сувларни тозалаш жараёнларидан бири бўлган аэрация ва чўкиндиларни тиндириш тизимида носозликлар юзага келганлиги сабабли тозалаш иншооти самарадорлиги 27,7 фоизни ташкил этган.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 11-сон қарорига кўра, бўёқ ва биологик тозалаш жараёнига тўсқинлик қилувчи зарарли моддалар билан ифлосланган оқова сувларни олдиндан тозаламасдан коммунал канализация тизимига оқизиш тақиқланади. Бундай ҳолатлар аниқланганда, оқова сувларни канализацияга оқизиш дарҳол тўхтатилиши шарт.
Шунингдек, Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳарчасидан қабул қилинаётган оқова сувлар Чирчиқ шаҳар оқова сув тозалаш иншоотига тозалаш учун ташланмасдан, тўғридан-тўғри Чирчиқ дарёсига оқизилаётганлиги маълум бўлди. Ҳолат юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги 202-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 17-бандига асосан компенсация ҳисоб-китоб қилинди.
Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги 202-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 22-бандига мувофиқ, компенсация тўловлари бўйича 2025 йил III чорак — 2026 йил II чораклари учун ҳисобот топширмаганлиги учун компенсация ҳисоб-китоб қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–343-сон қарори 6-бандига асосан фон мониторинг станцияси ўрнатилмаганлиги учун ҳам компенсация белгиланди.
Жамият вакиллари текшириш якуни бўйича тузилган далолатнома билан таништириб чиқилди. Бироқ “Тошкент вилояти сув таъминоти” АЖ Чирчиқ шаҳар оқова сув тозалаш иншоотида олиб борилган текширув натижалари бўйича тузилган далолатномага жамият раҳбари имзо қўйишдан бош тортди.
Ҳозирда аниқланган қонунбузарлик бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тақдим этилди ва ҳисобланган компенсация тўловларини ундириш мақсадида тегишли иқтисодий судга даъво аризаси киритиш ишлари олиб борилмоқда.





