platina.uz
Маданият

Маданият, санъат ва адабиёт бўйича инқилобий қарор имзоланди

Ушбу ҳужжат билан ижод вакилларига кўплаб имтиёзлар, рағбатлар, йўлланмалар ва ипотека кредитлари берилади.

Маданият, санъат ва адабиёт бўйича инқилобий қарор имзоланди

Шавкат Мирзиёев 2026 йил 1 июн куни маданият, санъат ва адабиёт соҳасини янада ривожлантириш бўйича инқилобий қарорни имзолади.

Асосий жиҳатлар:

  • ижодкорларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро танловлардаги иштироки сонини 2027 йилда 20 фоизга, ғолиблар сонини 30 фоизга, 2030 йилга қадар иштирокчилар сонини 5 бараварга, ғолиблар сонини эса 2 бараварга ошириш;
  • шоир ва ёзувчилар томонидан ҳар йили камида 50 та энг сара асарлар яратилишини, миллий адабиётнинг энг яхши 10 та асари хорижий тилларга таржима қилинишини таъминлаш;
  • ижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, жумладан, ҳар йили 1 минг нафар ижодкорни уй-жой билан таъминлаш, 3 минг нафарини бепул даволаш;
  • нодавлат театр ва театр-студиялар сонини 2028 йилда 50 тага етказиб, театр соҳасида хусусий сектор иштирокини 25 фоизга ошириш.
  • Қарорга кўра, 2027 йилдан бошлаб ижодий бирлашмаларнинг йиллик ижодий ҳисоботи шаклида Миллий ижодкорлар қурултойи ўтказилади ҳамда унда ижодий бирлашмаларнинг йил давомида энг яхши натижа кўрсатган ижодкорлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда рағбатлантирилади:
  • ижодкорларнинг бадиий кечаси, маҳорат мактаби ва ижод уйлари ташкил этилади;
  • бир йил давомида ҳар ойда 5 миллион сўм миқдорида гонорар тўланади;
  • уч йил давомида Ўзбекистон бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланади, бунда ташиш харажатлари бўйича олинмай қолган даромадлар кейинчалик ҳар ойда қоплаб берилади;
  • давлат тиббиёт муассасаларида даволаниш харажати тўлиқ қопланади.

Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб ҳар йили театр, чолғу, хор ва рақс йўналишида умумий ўрта таълим муассасалари ўртасида туман – вилоят – республика даражасида танловлар ўтказилади. Бунда:

  • ҳар бир йўналиш бўйича республика даражасидаги танловда ғолиб деб топилган умумий ўрта таълим муассасасига ўз ижодини тарғиб қилиш, саҳна декорациялари ва либослари, мусиқа асбоблари харид қилиш учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан 500 миллион сўмдан грант берилади;
  • республика танлови ғолиблари маданият ва санъат йўналишлари бўйича давлат таълим ташкилотларига киришда ижодий имтиҳондан озод этилади ва уларга максимал балл берилади;
  • 2026 йил 1 июлдан бошлаб миллий чолғу асбобларини сотиб олиш харажатларининг 30 фоиз қисми давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

2026 йил 1 сентябрдан 2036 йил 1 январга қадар:

  • асосий фаолияти концерт-томоша, кинематография, болалар учун контент яратиш бўлган субъектлар, нодавлат театр ва театр-студиялар ҳамда маданият ва санъат йўналишидаги хусусий таълим ташкилотлари қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мол-мулк солиғидан, уларда ишловчи ходимлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;
  • хорижий компанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида кино маҳсулотини яратиш билан боғлиқ фаолияти натижасида олган даромадлари Ўзбекистон норезидентларининг даромадларига тўлов манбаида солиқ солишда солиқ базасига киритилмайди.

Бундан ташқари, ҳар йили қуйидагича молиялаштириш тизими ишга тушади:

  • йилига камида 50 та энг сара асарларни яратиш учун шоир ва ёзувчиларга ижодий буюртма бериш;
  • опера, симфония каби мумтоз ва замонавий жанрлар бўйича ҳар йили камида 20 та янги асар яратиш учун ижодкорларга давлат буюртмаси бериш;
  • ҳар йили миллий адабиётнинг энг сара 10 та асарини хорижий тилларга таржима қилиш ва муаллифлар иштирокида чет элларда тақдимотлар ўтказиш харажатларини қоплаб бериш;
  • Ёзувчилар уюшмаси тавсияси асосида чоп этиладиган китобларни нашр этиш учун қоғоз харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш;
  • шеърият билан санъатни уйғунлаштирган ҳолда ташкил этиладиган энг сара 100 та шеърий концертларни ўтказиш бўйича давлат буюртмаси бериш;
  • бунинг учун республика бюджети ҳисобидан 2026 йилда 25 миллиард сўм, 2027 йилдан бошлаб ҳар йили 50 иллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб:

  • маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли халқаро ва республика танловлари ғолиб ва совриндорлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорларда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:
  • Гран-при ва 1-ўрин ғолиби – халқаро танлов бўйича 300 миллион сўм, республика танлови бўйича 100 миллион сўм миқдорида;
  • 2-ўрин соҳиби – халқаро танлов бўйича 200 миллион сўм, республика танлови бўйича – 50 миллион сўм миқдорида;
  • 3-ўрин соҳиби – халқаро танлов бўйича 100 миллион сўм, республика танлови бўйича 25 миллион сўм миқдорида;
  • танловларнинг ғолиб ва совриндорларини тайёрлаган ўқитувчи (концертмейстер)нинг ойлик маошига бир йил давомида 100 фоизгача устама Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади;
  • нуфузли халқаро танловларнинг ғолиб (совриндор)лари ва уларнинг ўқитувчи (концертмейстер)ларининг танловларда иштирок этиши харажатлари тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади;
  • ушбу бандда назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чоралари хусусий секторда фаолият юритувчи шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилади;
  • ушбу нуфузли халқаро ва республика танловлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб асосида аниқланади.

2026 йил 1 июлдан бошлаб ҳар йили уй-жойга муҳтож 1000 нафар маданият, санъат ва ижодий соҳа вакилларига бирламчи бозордан квартира сотиб олиш учун қуйидаги тартибда ипотека кредитларини ажратилади:

  • Ипотека дастури доирасида ипотека кредитлари ажратишда бошланғич тўлов кредит олувчи томонидан 2-иловада белгиланган миқдорларда шакллантирилади, бунда шакллантириладиган бошланғич тўловнинг 50 фоизи ҳамда кредит муддатининг биринчи беш йили давомида тўланадиган кредит фоизларининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади;
  • бошланғич тўловнинг 50 фоизини қоплаб бериш Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “subsidiya.idm.uz” дастурий таъминот тизими орқали автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилади.

Бир ҳудуддан бошқа ҳудудга келиб ишлаётган ва ушбу ҳудудда ўз уй-жойига эга бўлмаган маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига уй-жой ижараси тўловларининг бир қисмини қуйидаги миқдорларда қоплаб берилади:

  • Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари;
  • бунинг учун 2026 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджетидан 50 миллиард сўм ажратилади.

2026 йил 1 июлдан бошлаб ижодий бирлашмаларнинг тавсияси асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги харажатларни қоплаб берилади:

  • ҳар йили 1 минг нафаргача Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаниш бўйича имтиёзга эга бўлмаган, бироқ ўз фаолиятида яхши натижаларга эришган маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига юқори технологик операцияларни ўтказиш;
  • ҳар йили 2 минг нафаргача маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига суғурта мукофоти базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган ихтиёрий тиббий суғурта бадаллари учун харажатларнинг 50 фоизини қоплаб бериш;
  • ҳар йили 100 нафаргача соҳада камида 10 йил ишлаган маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси санаторийларида бепул даволаниш.

2026 йил 1 октябрдан бошлаб ҳар йили 500 минг нафар ўқитувчи, шифокор, давлат хизматчиси, фаол ўқувчи ва талабаларга ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган 100 мингта оилаларнинг бир нафар фарзандига, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларга театр, кино ва концерт тадбирлари учун бепул ваучер берилади. Бунда:

  • ваучер қийматидаги маблағлар шахсларнинг номига очиладиган ижтимоий карта орқали тақдим этилади;
  • ваучер бериш билан боғлиқ харажатлар тегишли равишда Давлат бюджети маблағлари ҳамда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid