Таҳлил: автомобил бозорида таклифлар миқдори камайди
2024 йил июн ойида жами таклифларда электромобиллар улуши 5,4 фоизни ташкил қилган бўлса, 2026 йил апрел ойида бу кўрсаткич 10,0 фоизга етди.

Автомобил бозорининг апрел ойидаги ҳолати таҳлил қилинди: харидор учун танлов, сотувчи учун рақобат кучаймоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан 2026 йил апрель ойида Ўзбекистондаги иккиламчи автомобил бозори 1,4 миллиондан ортиқ очиқ эълонлар асосида таҳлил қилинди.
Жорий йилнинг апрел ойида таклифлар сони март ойидагига нисбатан камайди.
Тозаланган маълумотлар бўйича жами эълонлар сони 13,5 мингтани ташкил этди. Бу март ойидагига нисбатан 18,6% кам, бироқ ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 59,6% кўп.

(Ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошган ва автомобил тўғрисидаги маълумотлар нотўғри киритилган эълонлар ҳисобга олинмаган)
Бозор таркибида электро (гибрид) мобиллар улуши ошмоқда.
2024 йил июн ойида жами таклифларда электромобиллар улуши 5,4% ни ташкил қилган бўлса, 2026 йил апрел ойида бу кўрсаткич 10,0% га етди. Маҳаллий автомобиллар улуши эса 53,7% дан 47,0% гача қисқарган.
Маҳаллий оммабоп автомобиллар нархи асосан барқарор.

Кам фойдаланилган Cobalt медиан нархи 12 900 доллар атрофида, ўзгармаган, Onix эса 14 800 долларгача бироз қимматлашган. Шу билан бирга, айрим Damas, Labo ва Nexia моделларида пасайиш кузатилган.
Хорижий автомобиллар сегментида динамика аралаш. Кам фойдаланилган айрим Chery ва KIA моделларида пасайиш бўлса, кўп ва ўртача фойдаланилган люкс сегментидаги Carnival ҳамда Sorento моделларида бироз ўсиш кузатилди.

Электромобиллар энди маҳаллий автомобилларга бевосита рақобатчи бўлиб бормоқда.
Масалан, BYD Seagull нархи 15,5-16 минг доллар, BYD Yuan Up нархи 20-21,5 минг доллар, BYD Chazor нархи эса 20,5-22 минг доллар атрофида шаклланмоқда.
Асосий хулоса: автомобил нархи ҳамма сегментларда бир хил ошмаяпти. Пастроқ нарх сегментида ликвидлик юқори, люкс ва айрим электромобил моделларида эса нарх тебраниши кучлироқ.
Сотувчилар учун: нархни “бозор кўтарилмоқда” деган умумий қарашга эмас, аниқ модел, фойдаланилганлик даражаси ва электромобил рақобатига қараб белгилаш муҳим.
Харидорлар учун: автомобилни инвестиция воситаси сифатида эмас, фойдаланиш қиймати ва ликвидлик асосида баҳолаш лозим. Кам фойдаланилган айрим маҳаллий автомобиллар салон нархидан арзонроқ шаклланмоқда.
Таҳлил OLX платформасидаги очиқ эълонлар асосида тайёрланди.
