Кўп квартирали уйларнинг кириш йўлаклари ва зинапоялари ҳар ҳафта тозаланиши керак бўлади
Шу муддатда лифт хоналари ҳам тозаланади ҳамда лифт ускуналари доимий техник мониторинг қилинади.

Эндиликда кўп квартирали уйларнинг кириш йўлаклари ва зинапоялари ҳафтада 1 марта тозаланиши керак.
Адлия вазирлиги Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 3824, 29.04.2026 й.)ни давлат рўйхатидан ўтказди.
Унга кўра, кўп квартирали уйлар учун бошқариш органлари томонидан умумий техник паспорт юритилади.
Бошқариш органлари юк кўтарувчи конструкциялар, кузатув камералари ва домофонлар соз ҳолатда сақланиши, хомашё, материаллар, ёқилғи, инвентар ва хўжалик анжомларини сотиб олиш ишларини амалга оширишади.
Кўп квартирали уйнинг фасад қисмларида ва умумий фойдаланиш ҳудудларида мулкдорлар умумий йиғилишининг қарори билан меъморчилик деталлари, рекламалар, афишалар, ва эълонларни ўрнатиш мумкин.
Уйларда шовқин даражаси белгиланган санитария меъёрларидан ошмаслиги шарт.
Уйлар (зинапоялар, лифтлар, чиқинди камераси, чиқиндиларни тўплаш мосламалари ертўлалари ва бошқалар), туташ ҳудудлар заруратга кўра, бошқариш органи томонидан дератизацияланиши, дезинсекция ва дезинфекцияланади.
Уйларнинг ертўла қисмидаги қувурларда авария ҳолати юзага келиши натижасида сув ёки оқова сув тўпланиб қолса бошқариш органи 24 соат мобайнида ертўладаги сув ва оқова массаларини чиқариб юбориши лозим.
Ҳафтада 1 марта кўп квартирали уйларнинг лифт хоналар тозаланади ҳамда лифт ускуналари доимий техник мониторинг қилинади.
