Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 6,8 млн сўмдан ошди
Тошкент шаҳрида республика бўйича энг баланд ўртача маош миқдори қайд этилган бўлиб, ўртача 11 млн 684 минг сўмни ташкил этди.

Миллий Статистика қўмитаси Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақилари бўйича маълумот берди.
2026 йилнинг январь-март (I чорак) якунлари бўйича Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи ва унинг ҳудудлар ҳамда соҳалар кесимидаги ҳолати тақдим этилган.
2026 йилнинг биринчи чорагида республика бўйича ўртача ойлик иш ҳақи 6 825,9 минг сўмни (тахминан 6,8 млн сўм) ташкил этди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 17,4 % га ўсган.
Тошкент шаҳрида республика бўйича энг баланд маош миқдори қайд этилган бўлиб, ўртача 11 млн 684 минг сўмни ташкил этди. (18,8 фоиз ўсиш)

Бу иқтисодиётнинг йирик тармоқлари, молиявий хизматлар ва ахборот технологиялари марказлари Тошкентда жойлашганлиги билан изоҳланади.
Иккинчи ўринда Навоий вилояти туради, бу ерда ўртача иш ҳақи 8 млн 453 минг сўмга тенг. Бу ҳудуддаги йирик тоғ-кон саноати ва металлургия корхоналарининг таъсири катта.
Кучли учликни Тошкент вилояти якунлайди, бу ерда ўртача кўрсаткич 6 млн 169 минг сўм.
Шу билан бирга, ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи Сирдарё вилоятида 5 369,9 минг сўмни (114,9 %), Хоразм вилоятида 5 302,4 минг сўмни (114,9 %), Андижон вилоятида 5 580,9 минг сўмни (114,4 %), Қашқадарё вилоятида 4 665,2 минг сўмни (114,3 %), Қорақалпоғистон Республикасида 5 318,8 минг сўмни (114,0 %), Тошкент вилоятида 6 169,6 минг сўмни (113,9 %) ҳамда Сурхондарё вилоятида 4 724,2 минг сўмни (112,1 %) ташкил этиб, бошқа ҳудудларга нисбатан ўсиш суръати пастроқ эканлиги кузатилди.
