"Асакабанк"ни хусусийлаштириш жадаллаштирилади
Банкнинг асосий фаолиятига тааллуқли бўлмаган ва қўшимча юкланган ҳар қандай фаолият тури ва вазифалар бажарилиши тўхтатилади.

“Асакабанк” акциядорлик жамиятини хусусийлаштириш жадаллаштирилади.
“Асакабанк” акциядорлик жамиятини хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–149-сон, 20.04.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, барча банк амалиётлари бозор (тижорат) тамойиллари, замонавий банк амалиёти ва хатарларни бошқариш тизими талабларидан келиб чиққан ҳолда банкнинг ички сиёсати асосида амалга оширилади.
Банкнинг асосий фаолиятига тааллуқли бўлмаган ва қўшимча юкланган ҳар қандай фаолият тури ва вазифалар бажарилиши тўхтатилади.
Активлар сифатини таҳлил қилиш натижаларини инобатга олган ҳолда банк акцияларининг номинал қийматини бозор қийматига мослаштиришда юзага келган тафовут унинг қўшилган капиталига киритилади.
Қарорга мувофиқ, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ҳамкорликда Асакабанк акцияларининг 15 фоизини сотиш режалаштирилган, бу эса банкка стратегик инвестор кириб келишини англатади ва унинг бошқаруви ҳамда корпоратив тизимини халқаро стандартларга яқинлаштиради.
Шунингдек, давлат активларини бошқариш агентлигига 382,6 миллиард сўмлик 4 та лойиҳа ва айрим активлар ўтказилади, улар кейинчалик хусусийлаштириш ёки самарали бошқарувга бериш учун тайёрланади, бу орқали банк баланси “тозаланади” ва инвестициявий жозибадорлик оширилади.
