platina.uz
Жамият

"Цикада" штамми Ўзбекистондаги вазиятга таъсир кўрсатадими?

Санэпидқўмита раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков коронавируснинг янги штамми ҳақидаги гап-сўзларга ойдинлик киритди. 

"Цикада" штамми Ўзбекистондаги вазиятга таъсир кўрсатадими?

"Цикада" штамми Ўзбекистондаги эпидемиологик барқарорликка таъсир кўрсатмаслиги маълум қилинди.

Сўнгги пайтларда ОАВда баъзи мамлакатлар бўйлаб COVID-19 нинг "Цикада" деб номланган янги — BA.3.2 штамми тарқалаётгани билан боғлиқ хабарлар эълон қилинмоқда.

Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳозиргача АҚШ, Гонконг, Мозамбик ва Буюк Британия каби 23 та давлатда ушбу мутация рўйхатга олинганини маълум қилди.

Хўш, янги штамм қанчалик хавфли? Унинг юртимизга кириб келиш эҳтимоли борми? Қандай профилактик чоралар кўриш талаб этилади?

ССВ матбуот хизмати шу каби саволларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековдан жавоб олган.

— Аслида, BA.3.2 штамми аниқланганига анча бўлган ва у бир хил тезликда тарқалмаслиги билан характерланади. Шу боис бу мутацияга 17 йилгача "уйқуга кетиши" мумкин бўлган ва узоқ муддат борлигини сездирмайдиган ҳашарот — цикада номи берилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳали касалликнинг тарқалиш даражасини кузатиб бориш керак ва жиддий муаммолар юзага келишига асос кўрмаяпмиз, деган хулосасини маълум қилди. Қолаверса, янги штамм бошқаларига нисбатан хавфлироқ эканига доир етарли далиллар мавжуд эмас.

Дастлабки ўрганишларга кўра, “Цикада” штамми “Омикрон”га хос, ўхшаш клиник белгилар билан кечади. У нафас йўллари жароҳатланиши, яъни бурун битиши, йўтал, томоқда оғриқ, қизариш, баъзан ҳид ва таъм билмаслик каби аломатлар билан намоён бўлиши мумкин.

Мутахассислар унга катталарга нисбатан болалар кўпроқ чалинаётганини айтишмоқда. Бу қуйидаги омил билан боғлиқ.

Маълумки, пандемия даврида дунё аҳолисининг катта қисми COVID-19 га қарши эмланди ва шу туфайли уларнинг қайтадан бу касалликка чалиниш эҳтимоли жуда кам. Аммо аввал коронавирус билан рўбарў келмаган, яъни организмида ҳали хасталикка қарши антитаначалар шаклланмаган болаларнинг бу вирусни юқтириш хавфи мавжуд.

Сурункали касаллиги бор, нафас йўллари хасталикларидан азият чекувчилар, иммунитети заиф ва ёши катта инсонлар ҳам бу хавфдан етарли даражада ҳимояланмаган.

Албатта, вирус ўчоқлари аниқланган ҳудудларда бўлиб қайтган одамлар билан имкон қадар мулоқотни чеклашни тавсия қиламиз. Бироқ “Цикада” эпидемия ёки пандемияни келтириб чиқаради, деган фикрдан узоқмиз, —дейди Отабеков.

Мутахассиснинг айтишича, Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарор. Аҳолида коронавирус штаммига нисбатан оддий респиратор касалликларга бўлгани сингари муносабат аллақачон шаклланган. Негаки, юртдошларимизнинг қарийб 80 фоизида жамоавий иммунитет вужудга келган.

Шу маънода, дунёда қайд этилаётган янги штаммлар ҳақида шов-шувли хабарлар тарқатиш тўғри эмас. Хавотирланиш учун ҳеч қандай асос йўқ.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid