platina.uz
Иқтисод

Тўлов тизимларида антифрод жорий этилади

Антифрод — бу банк карталари, онлайн тўловлар ва рақамли ҳисобварақлардаги фирибгарлик ҳаракатларини (фрод) реал вақт режимида аниқлайдиган ва олдини оладиган автоматик тизим ёки чора-тадбирлар мажмуидир. 

Тўлов тизимларида антифрод жорий этилади

Ўзбекистонда тўлов тизимларида антифрод жорий этилади.

Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда мамлакатда рақамли тўлов хизматлари бозорини ривожлантиришга, молиявий хавф-хатарларни камайтиришга ҳамда тўлов хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ялпи мажлисда тижорат банклари, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида банк карталаридан фойдаланган ҳолда ўғирлик ҳамда фирибгарлик ҳоллари содир этилишининг олдини олишга қаратилган замонавий тизимлар ва бошқа ҳимоя механизмларини ташкил этиш зарурати юзага келмоқда.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларига операторлар ҳамда тўлов ташкилотлари фаолиятини тартибга солишга, антифрод тизимини ва биометрик идентификация тизимларини жорий этишга, шунингдек лицензиялаш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Мазкур Қонун тўлов хизматлари бозорида хавфсизликни таъминлашга, молиявий фирибгарликларнинг олдини олишга, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштиришга, шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоялашга хизмат қилади.

Сенаторларнинг фикрича, Қонун рақобат муҳитини таъминлаш, лицензиялаш жараёнларини камайтириш ва банкларнинг тўлов хизматлари бозоридаги фаолиятини рағбатлантиришга кенг имкониятлар яратади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Маълумот учун: антифрод (anti-fraud) — бу банк карталари, онлайн тўловлар ва рақамли ҳисобварақлардаги фирибгарлик ҳаракатларини (фрод) реал вақт режимида аниқлайдиган ва олдини оладиган автоматик тизим ёки чора-тадбирлар мажмуи. У шубҳали транзакцияларни блоклаш орқали мижозлар маблағлари ва бизнес хавфсизлигини ҳимоя қилади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid