Мол ва қўй гўшти импорт қилувчи тадбиркорларга субсидия берилади
Субсидиялар Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан молиялаштирилади.

Тадбиркорларга мол ва қўй гўштини импорт қилишда субсидия ажратилади.
“Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–130-сон, 07.04.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, гўшт маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган қуйидаги йўналишларда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан вақтинчалик субсидиялар ажратилиши белгиланди:
- 2026 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 августга қадар тадбиркорларга мол ва қўй гўштини импорт қилишда, уларни ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ ҳар бир килограмм гўшт учун 0,8 АҚШ долларидан ошмаган миқдорда;
- 2026 йил 1 апрелдан 2026 йил 31 декабрга қадар хорижий давлатлардан ҳаво транспорти орқали импорт қилинган наслдор қорамол қийматининг 10 фоизи, бироқ ҳар бир бош қорамол учун 4 млн сўмдан ошмаган миқдорда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги субсидиялар билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун жорий йилда республика бюджетидан босқичма-босқич 300 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратади.
Мазкур қарорга мувофиқ субсидиялар Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан молиялаштирилади.
Қарор ижросини ҳар ойда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юкланган.
