Спорт соҳасида ташаббуслар бўйича янги жамғарма ташкил этилади
Футбол клублари харажатларининг камида 20 фоизи миқдорида ҳомийлик маблағи киритган тадбиркор ёки тадбиркорлар гуруҳига клубни ишончли бошқарувга бериш амалиёти жорий этилади.

Спорт соҳасида ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
“Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–107-сон, 24.03.2026 й.) қабул қилинди.
Қуйидагилар мазкур қарорнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:
- спорт соҳасини молиялаштиришнинг замонавий механизмлари ва муқобил молиялаштириш манбаларини жорий этиш;
- спорт соҳасига ажратилаётган маблағлар йўналтирилишини марказлаштириш, бюджет маблағлари ҳажмини кенгайтириш ҳамда уларнинг самарадорлигини ошириш.
Қарорга кўра, Спорт вазирлиги ҳузурида Спорт соҳасида ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (Жамғарма) ташкил этилади.
2026 йил 1 апрелдан:
- спорт федерация (уюшма)си фаолияти билан боғлиқ йиллик барча харажатларнинг камида 20 фоизи миқдорида ҳомийлик маблағи киритган тадбиркорни спорт федерация (уюшма)ларининг ижро органларига киритиш йўлга қўйилади;
- профессионал футбол клублари фаолияти билан боғлиқ бўлган йиллик барча харажатларнинг камида 20 фоизи миқдорида ҳомийлик маблағи киритган тадбиркор ёки тадбиркорлар гуруҳига профессионал футбол клубини ишончли бошқарувга бериш амалиёти жорий этилади.
2026 йил 1 апрелдан 2029 йил 1 апрелга қадар бўлган даврда Суперлига ва Пролигада иштирок этувчи футбол клублари футболчилари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинади ҳамда улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.
