platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Иқтисод

Омонатларни кафолатлаш жамғармаси 10,3 трлн сўмга етди: компенсация тўловлари тезлаштирилади

Ўзбекистонда омонатчилар маблағларини ҳимоя қилиш учун шакллантирилган молиявий захира ҳажми ошди. 2026 йил 1 октябрь ҳолатига Омонатларни кафолатлаш жамғармасида 10,3 трлн сўм жамланган. Бу йил бошидаги кўрсаткичдан 37,7 фоиз кўп деганидир.

Омонатларни кафолатлаш жамғармаси 10,3 трлн сўмга етди: компенсация тўловлари тезлаштирилади

Мазкур рақамлар Тошкентда Омонатларни кафолатлаш агентлиги ташкил этган очиқ мулоқотда эълон қилинди. Журналистлар ва блогерлар иштирок этган тадбирда тўққиз ойлик натижалар, компенсация амалиёти ва келгуси ўзгаришлар муҳокама этилди.

Жамғармага январь–сентябрь ойларида банклардан 2,3 трлн сўм бадал келиб тушган. Инвестициялардан олинган даромад 977 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42,6 фоизга ошган. Маблағларнинг 91,1 фоизи давлат қимматли қоғозларига, 7,4 фоизи тижорат банклари депозитларига, 1,5 фоизи давлат ташкилоти қимматли қоғозларига йўналтирилган. Кафолатлаш тизимида 34 та тижорат банки ва битта микромолия банки иштирок этмоқда.

Агентлик маълумотига кўра, «Янги банк» АЖ омонатчиларига 1 октябргача 207,5 млрд сўм компенсация тўланган. Бу агент-банкка ажратилган маблағнинг 99,4 фоизидир. Кафолатлаш ҳодисасидан кейинги 11 иш кунида омонатчиларнинг 86 фоизига тўлов амалга оширилган. Қолган маблағлар талаб қилиб олинмаган бўлиб, бундай компенсацияларнинг ўртача миқдори 45,6 минг сўмни ташкил этган.

Тўловлар учун «Бизнесни ривожлантириш банки» агент-банк сифатида жалб қилинган. Жисмоний шахслар идентификациядан ўтгач, пулни BRB мобил иловаси орқали картага ёки банк марказларидан нақд олиш имконига эга бўлган. Тадбиркорлар ва юридик шахслар компенсацияни ҳисобварағига ўтказиш орқали олган. Бу хизматлар учун қўшимча ҳақ ундирилмаган. Колл-марказ 15 мингдан ортиқ мурожаатни кўриб чиққан. Омонатчиларга тўлов усуллари расмий сайт, ижтимоий тармоқлар ва манзилли SMS-хабарлар орқали ҳам тушунтирилган. Тўланган сумма «Янги банк» тугатиш комиссияси томонидан Агентликка тўлиқ қайтарилган.

2027 йил 1 январдан қонун талаблари янада қатъийлашади: кафолатлаш ҳодисасидан кейин етти иш куни ичида омонатчиларнинг камида тўртдан уч қисмига компенсация олиш имконияти яратилиши лозим. Шу мақсадда банклар билан маълумот алмашиш, реестрларни текшириш ва ҳисоб-китобларни автоматлаштириш устида ишланмоқда. Марказий банк ва Жаҳон банки мутахассислари билан кўриб чиқилаётган низом лойиҳасида маълумотларни ягона стандартда шакллантириш ҳамда тўланадиган суммаларни тез ҳисоблаш тартиби назарда тутилган.

Рақамлаштиришга Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги — KOICA ҳам жалб қилинмоқда. Агентликнинг уч йиллик лойиҳаси 5 млн АҚШ долларлик грант ҳисобидан молиялаштириш учун танланган. Режалаштирилган ягона ахборот тизими компенсация, банк бадаллари, инвестициялар ва мониторингни бирлаштиради. Техник талаблар Корея депозитларни суғурталаш корпорацияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда.

Банклар бадалларини таваккалчиликка қараб фарқлаш механизми ҳам жорий этилди. У депозитлар бўйича фоиз сиёсатига хос таваккалчиликларни ҳисобга олишга хизмат қилади. Агентлик бозордаги ўртача тортилган ставкаларни ҳар ой ҳисоблаб, банклар ва Марказий банкка етказмоқда. Миллий валютадаги омонатларнинг ўртача тортилган фоиз ставкаси тўққиз ойда 22,8 фоиздан 20,4 фоизга тушган. Жаҳон банки ва Марказий банк экспертлари билан янада кенг қамровли баҳолаш модели тайёрланмоқда.

Айни пайтда тизим ҳақидаги хабардорлик даражаси паст экани аниқланган. Ҳудудларда 2 минг респондент иштирокида ўтказилган сўровда базавий хабардорлик индекси жисмоний шахсларда 2,9, тадбиркорларда 5,8 фоизни ташкил қилган. Шу боис 2027–2030 йилларга мўлжалланган ахборот стратегияси ишлаб чиқилган. Унда содда тушунтирувчи материаллар, ҳудудий ахборот каналлари ҳамда ОАВ ва блогерлар билан ҳамкорликка урғу берилган.

Агентлик 14 та хорижий ташкилот билан ҳамкорлик қилади, халқаро тажриба асосида исломий омонатларни кафолатлаш концепциясини тайёрламоқда. Октябрда Бухорода беш давлат вакиллари иштирокида семинар ўтказилди. Шунингдек, 31 октябрь — Бутунжаҳон жамғариш куни муносабати билан аҳоли, журналистлар ва блогерлар учун танловлар режалаштирилган.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid