Шавкат Мирзиёев исломий молиялаш бўйича тақдимот билан танишди
Жорий йилда камида битта тижорат банкида исломий “дарча” фаолиятини йўлга қўйиш, 2026-2030 йилларда эса тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи иккита банк ташкил этиш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 25 март куни Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш, Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда банк тизимида исломий молия механизмларини жорий қилиш бўйича тақдимот билан танишди.
Товарни насияга сотиш орқали мижозни молиялаштириш – муробаҳа, фойдани тақсимлаш шарти асосида мижозни молиялаштириш ёки пул маблағларини жалб этиш – музораба, вакиллик шартномаси орқали пул маблағларини бериш ёки жалб этиш – вакала, товарлар учун олдиндан ҳақ тўлаш орқали молиялаштириш – салам ва истисно, биргаликдаги фаолият орқали мижозни молиялаштириш – мушорака, мол-мулкни исломий ижарага бериш каби операциялар, шунингдек, қонунчиликка зид бўлмаган бошқа исломий молия инструментларини жорий қилиш назарда тутилмоқда.
Бунда сотилган товар устамасига қўшилган қиймат солиғи ҳисобланмаслиги, инвестициявий омонатдан олинган даромад солиқдан озод қилиниши, исломий ижара шартномалари молиявий ижара ва лизингга тенглаштирилиши белгиланмоқда.

Соҳада тизимли бошқарувни таъминлаш мақсадида Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилади. Шунингдек, исломий молия хизматларини кўрсатувчи банкларда ҳам алоҳида кенгашлар тузилади. Ушбу кенгашлар стандартлар ишлаб чиқиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда кўмаклашиш, баҳсли масалаларга изоҳ бериш, шартномалар ва ички ҳужжатларни кўриб чиқиш, мувофиқлик устидан назоратни таъминлаш билан шуғулланади.
Жорий йилда камида битта тижорат банкида исломий “дарча” фаолиятини йўлга қўйиш, 2026-2030 йилларда эса тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи иккита банк ташкил этиш режалаштирилган. Умуман, соҳадаги янгиликлар орқали 2026-2030 йилларда қўшимча 1 миллиард доллар миқдорида инвестиция ва депозитларни жалб қилиш имконияти яратилиши қайд этилди.
