14 та банк ва 4 та тўлов ташкилоти огоҳлантирилди
Қонунчилик талабларига мувофиқ фаолиятини ташкил этмаганлиги учун хамда ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун 11 та банкга нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.

Марказий банк томонидан 14 та банк ва 4 та тўлов ташкилоти огоҳлантирилди.
Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2026 йилнинг феврал ойидаги йиғилишлар (жами 7 марта) давомида 43 та масала кўриб чиқилди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида жами 30 та масала, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (3 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (1 та), банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (6 та), микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш (5 та), тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия қайта расмийлаштириш (1 та), шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (14 та) билан боғлиқ масалалар кўрилди.
Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 13 та масала кўриб чиқилди. Хусусан, Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденсиал меъёрлари талабларининг бажарилиши, тижорат банкларида ўтказилган инспекция натижалари, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, банк ва тўлов ташкилотларида киберхавфсизлик талабларига риоя этиш ҳамда ташкилотларнинг молиявий ҳизматларини “тартибга солиш қумдони” доирасида синовдан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Қонунчилик талабларига мувофиқ фаолиятини ташкил этмаганлиги учун хамда инспекция ва ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун 11 та банкга нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.
Пруденциал норматив талабларига риоя этилмаганлиги, ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари талабларига белгиланган тартибда мувофиқлаштирмаганлиги ҳамда ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун 14 та банк ва 4 та тўлов ташкилоти чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Бундан ташқари, 8 та банкка нисбатан вужудга келиши мумкин бўлган йўқотишларнинг банк молиявий барқарорлигига салбий таъсирини камайтириш, уларда макропруденцуал буферлар шакллантиришини таъминлаш мақсадида банк акциядорларига оддий акциялари бўйича дивидендлар тўлаш орқали фойдани тақсимламаслик талаби белгиланди.
