"Энергосавдо" муҳандиси 9 минг доллар билан қўлга олинди
У хусусий боғчада электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати бўйича чиқарилган жарима бўйича ёрдам бериш эвазига пул талаб қилган.

"Энергосавдо" муҳандиси жаримани камайтириб бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилди.
"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг "Энергосавдо" филиали Фарғона бўлинмаси муҳандиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Ўзбекистон туманида яшовчи, 1962 й.т. фуқарога тегишли хонадон ва хусусий боғчада электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати бўйича расмийлаштирилган далолатнома юзасидан ҳисобланган жами 1,8 млрд сўм жарима суммасини 210 млн сўмга тушириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда муҳандис сўралган пул маблағидан 9 минг АҚШ долларини учинчи шахс орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда ФВБ ходими ушланганди.
