Улуғ кунларда Ўзбекистон Эронга ёрдам юборди
Юк таркибида ун, гуруч, шакар, макарон маҳсулотлари, кунгабоқар ёғи, консервалар, шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлар бор.

Ўзбекистон ҳукумати Эрон халқига инсонпарварлик ёрдами юборди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, ун, гуруч, шакар, макарон маҳсулотлари, кунгабоқар ёғи, консервалар, шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлар бор бўлган инсонпарварлик юки Эрон томонига етказилди.
Инсонпарварлик юкларини қабул қилиб олишда Эроннинг Дарегаз шаҳри ҳокими Мужтабо Базмара, Эрон ташқи ишлар вазирлигининг Хуросон Разавий вилоятидаги идораси раҳбари, вазир маслаҳатчиси Али Масумифар ҳамда Эроннинг Туркманистондаги элчиси Али Мужтаба Рузбехани иштирок этди.

Тадбир давомида расмийлар Эрон халқига кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами ва юксак эътибор учун Ўзбекистон Президентига самимий миннатдорлик билдирдилар. Улар мазкур ташаббусни икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш анъаналарининг ёрқин ифодаси эканини таъкидладилар.
