Ички истеъмолдаги маҳаллий дорилар улуши 70 фоизга етказилади
Ҳокимларда ҳудудидаги фармацевтика корхоналари билан гаплашиб, улар кўтарган масалаларга ечим топадиган тизим йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Тадбирда фармацевтика корхоналари вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
“Тиббиётдаги кенг кўламли ислоҳотларимиз, бирламчи бўғинда профилактиканинг кучайтирилиши касалликларни даволаш билан бирга унинг олдини олишга қаратилган препаратларни кўпайтиришни тақозо этмоқда”, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу боис, мутасаддилар олдида бу йил соҳага камида 1 миллиард доллар инвестиция олиб келиш, сифатни ошириш ва хорижий етук фармацевтика компаниялари билан ҳамкорликда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали ички истеъмолдаги маҳаллий дорилар улушини 2030 йилгача 70 фоизга етказиш, келгуси беш йилда экспортни 1 миллиард долларга олиб чиқиш вазифалари тургани қайд этилди.
Бу борада 100 дан зиёд ишлаб чиқарувчилар, 50 дан ортиқ импортчилар, 300 га яқин улгуржи ва чакана савдо корхоналари, инвесторлар билан соҳадаги масалалар муҳокама қилинди, билдирилган таклиф ва ташаббуслар асосида катта қарор лойиҳаси тайёрланди.
Шундай бўлса-да, ҳокимларда ҳудудидаги фармацевтика корхоналари билан гаплашиб, улар кўтарган масалаларга ечим топадиган тизим йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
