Президент бир қатор Яқин Шарқ давлатлари раҳбарлари билан мулоқот ўтказди
БАА, Қувайт, Қатар етакчилари билан суҳбатда томонлар охирги кунларда минтақадаги вазият тобора кескинлашиб, низо ва зиддиятлар авж олаётгани қаттиқ ташвишга солаётганини қайд этди.

4 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Томонлар охирги кунларда Яқин Шарқ минтақасидаги вазият тобора кескинлашиб, низо ва зиддиятлар авж олаётгани қаттиқ ташвишга солаётганини қайд этди.
Муқаддас Рамазон ойида рўй бераётган бундай нохуш ҳолатлар халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид эканлиги ҳамда тинчлик-осойишталикка таҳдид солаётган ҳар қандай ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ушбу мураккаб дамларда Ўзбекистоннинг стратегик шериги ва яқин ҳамкори бўлган Бирлашган Араб Амирликлари Раҳбарияти ва халқи билан бирдам ва якдил эканини билдирди.
Ҳозирда ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган амалий кўмак, уларни Ватанига қайтариш бўйича олиб борилаётган чоралар учун алоҳида ташаккур изҳор этди.
Ўз навбатида Амирликлар етакчиси ушбу синовли дамларда Ўзбекистон Президентининг самимий қўллаб-қувватлагани, кўрсатаётган биродарлик ҳурмати ва ҳамжиҳатлик руҳи учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 4 март куни Кувайт Давлати Валиаҳди Шайх Сабоҳ ал-Ҳолид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан телефон орқали суҳбатлашди.
Мулоқот чоғида охирги кунларда Яқин Шарқ минтақасида вазият кескинлашаётгани, мамлакатдаги турли инфратузилма объектларига берилган зарбалардан жиддий хавотир билдирилди. Бундай салбий ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид эканлиги ва ушбу синовли дамларда Ўзбекистон биродар Кувайт халқи билан бирдам ҳамда елкадош экани таъкидланди.
Аҳолининг тинчлиги ва осойишталигига жиддий хавф туғдирадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлиги қайд этилди.
Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари бу ерда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган амалий ёрдам учун алоҳида ташаккур айтди. Шунингдек, Кувайт Амири Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ Аъло Ҳазратларига илиқ саломларини йўллади.
Ўз навбатида Кувайт Валиаҳди ҳозирги қийин вақтда изҳор этилган дўстона қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик туйғулари учун Ўзбекистон етакчисига мамлакат раҳбарияти ва халқи номидан чуқур миннатдорлик изҳор этди.
Бундан ташқари Шавкат Мирзиёев 4 март куни Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат давомида Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви ва зиддиятлар минтақавий барқарорлик ва тинчликка жиддий таҳдид солаётгани таъкидланди. Муқаддас Рамазон ойида мусулмон уммати ўртасидаги келишмовчиликни кучайтирадиган номақбул ҳаракатлардан чуқур хавотир ифода этилди.
Давлат суверенитети, тинчлиги ва осойишталигига хавф солувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш минтақа давлатларининг умумий манфаатларига хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Қатарда бўлиб турган фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни Ватанига қайтариш бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда яратилган шароит учун Амир Аъло Ҳазратларига чуқур миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида Қатар Амири ҳозирги синовли кунларда Ўзбекистон Президентига дўстона мулоқоти, доимий равишда қўллаб-қувватлаб келаётгани, билдирган самимий бирдамлик сўзлари, икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга қаратаётган катта эътибори учун алоҳида ташаккур изҳор этди.
