Тошкентнинг 2,3 минг гектардан ошиқ ҳудудида қурилиш ишлари амалга оширилади
Лойиҳа қиймати 16,2 млрд АҚШ долларига баҳоланган. Натижада 15 млн кв метрдан ортиқ турар ва нотурар жойлар барпо этилади.

Тошкентда 2 311,4 гектардан ортиқ ҳудудда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
28 феврал куни Тошкент шаҳрида комплекс қурилиш тамойили асосида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда яшил ҳудудларни барпо этиш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
Унга мувофиқ, пойтахтнинг 2 311,4 гектар ҳудудида қурилиш ишлари амалга оширилади. Лойиҳа қиймати 16,2 млрд АҚШ долларига баҳоланмоқда. Натижада 15 млн кв метрдан ортиқ турар ва нотурар жойлар барпо этилади. 260 мингга яқин янги иш ўрни яратилади.
Лойиҳалар Тошкент шаҳрининг барча туманларини қамраб олади. Айрим ҳудудларда замонавий турар-жой мажмуалари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда муҳандислик инфратузилмаси барпо этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳужжат билан 2024 йилда тасдиқланган айрим қурилиш лойиҳаларига ўзгартиришлар киритилиб, реновация ва реконструкция ишлари рўйхати кенгайтирилди.
Шаҳарда амалга оширилиши режалаштирилган йирик кўчмас мулк лойиҳаларидан тушадиган инфратузилма тўловлари ва бошқа ажратмалар – янги паркларни ташкил этишнинг молиялаштириш манбалари деб белгиланди.
Шунингдек, қарорга асосан, Тошкент шаҳрида:
-ер майдони 1 гектаргача бўлган кичик ва зич қурилишлардан воз кечилади;
-умумий майдони 1,5 минг гектар бўлган 30 та йирик турар ва нотурар жой мажмуалари қурилади;
-бу йирик кўчмас мулк лойиҳаларига ажратилган ҳудудларнинг камида 30 фоизи яшил майдонлар бўлиши керак.
Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режасига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
