platina.uz
Жамият

Террорчилик ташкилотига пул ўтказган шахс 10 йилга қамалди

Уни бу ишга ўз ўғли жалб этган. Ўғилнинг алдовларига учган яна 8 киши тергов қилинмоқда, унинг ўзига эса қидирув эълон қилинди. 

Террорчилик ташкилотига пул ўтказган шахс 10 йилга қамалди

Бухорода террорчилик ташкилотларига пул ўтказган шахс қамалди. Уни бу ишга даъват этган ўғлига қидирув эълон қилинди.

Бухоро шаҳрида яшовчи, 1999 й.т. шахс ёт ғоялар таъсирида 2019 йилда Сурия давлатидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти сафига бориб қўшилди. У жангарилар сафида фаолият олиб бориш билан бирга, ижтимоий тармоқлар орқали турли баҳоналар билан бошқалардан пул йиғиб, террористик ташкилотнинг молиявий таъминотини яхшилашга кўмаклашди.

2021-2025 йиллар давомида мазкур шахс интернет орқали ўзбекистонлик фуқаролар билан мулоқотга киришиб, уларни криптовалюта кўринишида пул маблағлари юборишга даъват қилди ва натижада катта миқдорда пул йиғишга муваффақ бўлди.

Ҳозирда унинг алдовларига учиб, пул юборган 8 нафар шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 155³-моддаси, яъни терроризмни молиялаштириш айби билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, у ўзининг қабиҳ ишларига Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи, 1965 й.т. ўз отасини ҳам жалб қилди. Ота эса ўғлининг айтганларини бажарди.

Хусусан, 2022-2025 йиллар давомида ота “BINANCE” халқаро крипто-биржаси орқали жами 13 597 USDT крипто-валютасини ўғлига юборди.

Таъкидлаш лозимки, ота муқаддам диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиш билан шуғулланганлиги учун 2019 йилда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олиниб, Жиноят Кодексининг 244¹-моддасига асосан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Кейинроқ эса Бухоро шаҳар судининг ажрими билан, у шартли равишда озод қилинган.

Лекин, у давлат томонидан ўзига нисбатан кўрсатилган инсонпарварликнинг қадрига етмасдан, билдирилган ишончни суиистеъмол қилди.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида унинг ҳаракатларига чек қўйилиб, жиноят иши қўзғатилди.

Бухоро шаҳар судининг ҳукми билан 1965 й.т. мазкур фуқаро Жиноят Кодексининг 155³-моддаси 2-қисми “а” банди ва 278⁸-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Унинг 1999 й.т. ўғли эса Жиноят Кодексининг 244¹, 244², 155², 155³-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун, унга нисбатан қидирув эълон қилинди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid