Шавкат Мирзиёев мудофаа бўйича йиғилиш ўтказди
Унда ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси ва жанговар ҳаракатлар тажрибасини ўрганиш, ҳарбий бошқарув ва тайёргарлик тизимига замонавий ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

3 март куни Президент, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳузурида мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Мудофаа вазири қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш, қисм ва бўлинмаларни тезкор тайёрлаш, уларни замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, ҳарбий-маъмурий секторлар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берди.
Ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси ва жанговар ҳаракатлар тажрибасини ўрганиш, ҳарбий бошқарув ва тайёргарлик тизимига замонавий ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, қўшинлар самарадорлигини ошириш учун янги технологиялар, жумладан, учувчисиз тизимлар ва рақамли бошқарув ечимларини кенг қўллаш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, ҳарбий-маъмурий секторлар, полигонлар, таълим муассасалари ва моддий-техник таъминот объектлари инфратузилмасини замон талаблари асосида модернизация қилиш ҳамда ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни изчил давом эттириш, илмий тадқиқот ишларини кучайтириш, замонавий қурол-яроғ ва технологияларни ўзлаштиришга қаратилган дастурларни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.
