Ёзувчиларга ойига 20 млн сўмдан қалам ҳақи тўланади
Бунинг учун янги тузилган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш” жамғармаси орқали энг истеъдодли ёзувчиларга ижодий буюртма берилади.

Янги тузилган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш” жамғармаси орқали энг истеъдодли ёзувчиларга ижодий буюртма берилади ва бир йил давомида ойига 20 миллион сўмдан ҳақ тўланади.
Шунингдек, энг сара хорижий адабиётларни ўзбек тилига, миллий адабиётларни хорижий тилларга таржима қилиш ва чоп этиш харажатининг ярми қопланади.
Бу орқали ахборот хуружлари авж олаётган бугунги кунда ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш мақсад қилинган.
Мутасаддиларга янги ўқув йилигача энг яхши 100 та асардан иборат китоблар тўпламини тайёрлаб, барча мактаб ва техникумларга етказиш топширилди. Мактаблардаги энг фаол китобхон ўқувчиларга 10 миллион сўмдан мукофот берилади.
Кутубхона, book cafe ва китоб дўконлари очиб, китоб савдосини ойига 10 минг донадан оширган тадбиркорларга уч йилга 1 миллиард сўмгача 7 фоизли ссуда бериш йўлга қўйилади.
