Қатор ижодкорларга бир йил давомида ҳар ой 5 млн сўмдан қалам ҳақи тўланади
Ҳар йили "Миллий ижодкорлар қурултойи" ўтказилади. Унда ижодий бирлашмаларнинг йиллик фаолияти сарҳисоб қилиниб, энг яхши натижа кўрсатган ижодкорлар тақдирланади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувида истеъдодларни аниқлаш ва рағбатлантиришга қаратилган янги механизмлар тақдим этилди.
Унга кўра, театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу, тасвирий ҳамда амалий санъат каби 21 та йўналиш бўйича ижодий бирлашмалар ташкил этилади.
Мазкур бирлашмаларга тажрибали устоз ижодкорлар билан бир қаторда вазирлар ва йирик компаниялар раҳбарлари ҳам ҳамраис сифатида бириктирилади.
Таъкидланишича, устоз санъаткорлар ёшларга касб сирлари ва саҳна маданиятини ўргатса, давлат ташкилотлари раҳбарлари жойлардаги маданият муассасалари муаммоларини ҳал этишга кўмаклашади.
Янги тизим доирасида ҳар бир ижодий бирлашма кесимида маҳалладан республика босқичигача бўлган танловлар ташкил этилади. Ғолиблар гастроль сафарлари, фестиваллар ва халқаро танловларда иштирок этиши учун қўллаб-қувватланади.
Шунингдек, ҳар йили "Миллий ижодкорлар қурултойи" ўтказилади. Унда ижодий бирлашмаларнинг йиллик фаолияти сарҳисоб қилиниб, энг яхши натижа кўрсатган ижодкорлар тақдирланади.
Мусиқа соҳасида камида 10 та асар яратган, нуфузли унвонларга эга бўлган ёки халқаро танловларда ғолиб чиққан санъаткорлар эътироф этилади. Адабиёт соҳасида эса китоблари кенг тарқалган, асарлари театр ёки кинода саҳналаштирилган, шеърлари оммалашган шоир, ёзувчи ва драматурглар сараланади.
Танлов ғолиблари ва муносиб деб топилган ижодкорларга бир йил давомида ҳар ой 5 миллион сўмдан қалам ҳақи тўланади. Шунингдек, уларга мамлакат бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Бундан ташқари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида даволаниш харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Ижодкорлар учун маҳорат мактаблари ва ижод уйлари ҳам ташкил этилади.
Президент ушбу имтиёзларнинг бир йил билан чекланмаслиги ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлади. Агар ижодкор кейинги йилларда ҳам юқори натижаларни намоён этса, унга берилган рағбатлантириш чоралари сақлаб қолинади.
Эндиликда ҳар йили 1 минг нафар шоир ва ёзувчи, маданият ва санъат вакили, музей ходими ва рассомга уй-жой олиш учун ипотека кредити бошланғич тўловининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.
Шунингдек, бошқа ҳудуддан келиб ишлаётган ижодкорлар учун ижара тўловларини компенсация қилиш тизими жорий этилади.
Унга кўра:
– Тошкент шаҳрида ойига 2,5 миллион сўмгача;
– вилоятларда эса 1,6 миллион сўмгача ижара харажатлари қоплаб берилади.
