Ўзбекистон бўйлаб 180 дан ошиқ ноқонуний қурол сақлаш ҳолати аниқланди
Навоийдаги тадбирда фуқаро автомашинаси салонидан 10 та ўрамга жойланган жами 500 дона патрон топилган.

Ўзбекистон бўйлаб 180 дан ошиқ ноқонуний қурол сақлаш ҳолати аниқланди.
Январ ойидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги томонидан республика ҳудудида қурол ва ўқ-дориларининг ноқонуний муомаласини олдини олиш ҳамда аҳоли томонидан уларни ихтиёрий равишда топширишга қаратилган комплекс тарғибот-ташвиқот ва тезкор-профилактик тадбирлари тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда.
Ўтказилган тадбирлар натижасида йил бошидан буён қуролни аниқлаб, ноқонуний муомаладан олиб қўйиш 181 та ҳолати қайд этилган.
Бу борадаги энг кўп фактлар Тошкент шаҳрида – 56 та, Наманган вилоятида – 69 та ва Фарғона вилоятида – 49 та ҳолат аниқланган.
Жумладан, Навоий вилоятида ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида 1989 йилда туғилган, Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи Ҳ.Н. бошқарувидаги автомашина салонида 10 та ўрамга жойланган жами 500 дона патрон мавжудлиги аниқланди.

Шу билан бирга, маҳалла еттилиги ва фаоллар имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда, рўйхатга олинмаган қуроллар, уларнинг ўқ-дориларини ички ишлар органларига ихтиёрий равишда топшириш тартиби, қурол топширган шахсларни рағбатлантириш чоралари ҳақида аҳоли ўртасида кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Йил бошидан буён ушбу йўналишда жами 319 та тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилди. Натижада, январь ойидан буён 195 та ихтиёрий топшириш ҳолатлари қайд этилди.
Масалан, Сирдарё вилояти Ховос туманида яшовчи Г.С. ўз яшаш хонадонга қарашли молхона томининг нураган қисмини тозалаш жараёнида марҳум бобосига тегишли бўлган “ИЖ-58М” русумли, 16 калибрли, рақамсиз ов қуролини топиб, уни ўз ихтиёри билан туман ички ишлар бўлимига топширди.
Мазкур профилактик ва тарғибот тадбирлари республика бўйлаб давом эттирилмоқда.
