platina.uz

Башар Асад уюштирган кимёвий қирғин

Бундан роппа роса 11 йил олдин Сурия президенти Башар Aсад ўз халқига қарши кимёвий қурол ишлатиб, 1500 суннийни қириб ташлаган эди. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти ёш болалар бўлган.

Жаҳон
24 август, 12:54
Башар Асад уюштирган кимёвий қирғин

2013 йилнинг 21 августида Суриядаги фуқаролик урушининг энг фожиали воқеаларидан бири рўй берди. Пойтахт Дамашқнинг йўлдош шаҳарчаси Ғўтада Асад аскарлари қўлланилиши тақиқланган кимёвий қурол - зарин газидан фойдаланган ҳолда мингдан зиёд сунний тинч аҳоли, жумладан, кўплаб болаларни бир неча дақиқа ичида қириб ташлади.

Бу даҳшатли воқеа халқаро муносабатларда туб бурилиш нуқтаси бўлди ва глобал қоралашга сабаб бўлди.

Воқеалар хронологияси

2013 йил 21 август тонгида Шарқий Ғўтанинг мухолиф кучлар назоратида бўлган бир қанча ҳудудлари артиллерия ҳужумига учраган, сўнгра ракеталар отилган. Кейинчалик аниқланишича, бу ракеталар таркибида асаб-фалажловчи заҳарли газ – зарин бўлган. Ушбу ракета ҳужумлари бир неча нуқталар, жумладан, Замалка, Aйн-Тарма ва Муадамия ҳудудларидан уюштирилган.

Маълумот:

Зарин гази – бу асаб-фалажловчи модда бўлиб, уни аслида газ эмас, рангсиз ва ҳидсиз чанг дейиш тўғрироқ бўлади. У учувчан бўлади ва ҳавода тез тарқалади. Зарин нафас олганда ёки терига текканида қонга тушиб, таъсир қилишни бошлайди. Бу модда ўта заҳарли, унинг бир томчиси терига тушса ҳам дарҳол ўлдиради. Аввал кўз қорачиғи тораяди. Зарин таъсир қилган тана қисмларининг мушаклари титраб тириша бошлайди. Кейин эса кўз ёши, сўлак ва бурундан тинмай сув кета бошлайди. Қурбон ўз танасини назорат қила олмай қолади, оғзидан кўпиги келиб, қайт қилиб, ҳушидан кетади. Зарин асаб тизимини фалажлаши боис, қурбон нафас олиш ва юрак уриши тўхташи сабабли ҳалок бўлади.

Диктатор Башар Асад аскарлари амалга оширган ушбу оммавий қирғиннинг гувоҳлари ва қутқарувчиларининг айтишича, одамлар бўғилиб, талваса ва тиришишлардан азият чекиб ўлган, айримлар ҳушини йўқотган ва бир неча дақиқадан кейиин қаттиқ азоб билан ўлишган. Кейинроқ интернетда пайдо бўлган видеолавҳаларда ушбу ҳужумнинг даҳшатли оқибатлари аниқ кўринади: юзлаб жасадлар, жумладан, болалар, бирорта ҳам ўқ ёки тиғ жароҳатисиз қатор-қатор бўлиб чўзилганча ўлиб ётишибди...

Қурбонлар ва етказилган зарар

Турли манбаларга кўра, ҳалок бўлганлар сони турлича, бироқ мустақил ҳисоб-китобларга кўра, қурбонлар сони 281 дан 1729 кишигача бўлиши мумкин. Уларнинг асосий қисмини болалар ва аёллар ташкил этади. Бу Асад режимининг тинч аҳолини йўқ қилишга қаратилган, қасддан қилинган ҳужуми эканлигини кўрсатади.

UNICEF ва Human Rights Watch кимёвий ҳужум оқибатида кўплаб болаларнинг ҳалок бўлганини тасдиқлади ва бу тасодиф бўлиши мумкин эмаслигини кўрсатди. “Чегара билмас шифокорлар” (Médecins Sans Frontières) ташкилотининг ҳисоботига кўра, 3600 дан ортиқ одам зариндан заҳарланиш аломатлари билан шифохоналарга ётқизилган.

Кимёвий қурол қўлланилгани ҳақидаги далиллар

Халқаро ва миллий текширувлар Асад уюштирган ҳужумда кимёвий қурол, хусусан, зарин ишлатилганини тасдиқлади. Доктор Оке Селстрём бошчилигидаги БМТ миссияси воқеа жойида тупроқ намуналари, биоматериаллар ва ракета парчаларидан иборат далилларни тўплади. Ушбу маълумотлар бир нечта мустақил лабораториялар томонидан таҳлил қилинди. Уларнинг барчаси бу материалларда зарин мавжудлигини тасдиқлади. БМТнинг 2013 йил сентябр ойидаги ҳисоботида Ғўта шаҳарчасида кимёвий қуроллар тинч аҳолига нисбатан “кенг кўламда” қўлланилгани, оқибатда халқаро гуманитар ҳуқуқ қўпол равишда бузилгани таъкидланади.

Башар Aсад режимининг жавобгарлиги

Мазкур даҳшатли кимёвий ҳужум учун ким масъул, деган савол кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бироқ ракета траекториялари таҳлили, ёзиб олинган радио ва рация суҳбатлари ҳамда гувоҳларнинг сўзларидан келиб чиқилса, ушбу ноинсоний ҳужум Асад ҳукумати назоратида бўлган ҳудудлардан амалга оширилган.

БМТнинг Сурия бўйича халқаро тергов комиссияси 2013 йил декабр ойидаги ҳисоботида барча далиллар Сурия ҳукумат кучлари томонидан кимёвий қурол қўлланилганига ишора қилишини таъкидлади. Мутахассислар ҳужумнинг техник воситалари ва кўлами мухолиф кучларнинг имкониятларидан ташқарида эканлигига ҳам эътибор қаратди. Яъни Асадга мухолиф аҳолида бундай ракеталар мавжуд бўлмаган ва уни қўллаш бўйича ҳам имкониятлар бўлмаган.

Кимёвий ҳужум сабаблари

Асаднинг ўз мамлакати фуқароларига қарши кимёвий қурол ишлатишидан бир неча мақсадлар кўзланган. Бу, биринчи навбатда, стратегик муҳим ҳудудда мухолиф кучларнинг қаршилигини синдиришга уриниш бўлган. Ўша пайтда сиёсий мухолифат назорати остидаги Шарқий Ғўта шиддатли жанглар олиб борилаётган асосий ҳудудлардан бири эди. Тинч аҳолига, айниқса болаларга қилинган кимёвий ҳужум маҳаллий аҳолини қўрқитиш ва руҳиятини синдириш мақсадида қилинган.

Асаднинг тинч аҳолига шафатсизлик қилганининг яна бир сабаби – Сурияда асосан Ислом динининг сунний оқимига мансуб аҳоли яшайди. Президент Башар Асад эса шиаликнинг алавий оқимига мансуб. Башар Асад ҳам худди Эроннинг шиа режими каби ва унинг бевосита қўллови билан Суриядаги мухолиф суннийларни қириб, йўқ қилиш йўлида ҳар қандай инсонийлик ва раҳм-шафқатни унутиб қўйгани эҳтимолдан ҳоли эмас.

Ҳужум оқибатлари ва халқаро муносабат

Асаднинг тинч аҳолини, бунинг устига ўз мамлакати фуқароларини шафқатсизларча қирғин қилгани халқаро майдонда кенг резонансга сабаб бўлди. Халқаро ҳамжамият босими ва AҚШнинг ҳарбий аралашуви таҳдиди остида Сурия бевосита БМТ назорати остида ўз ихтиёридаги оммавий қирғин қуроллари бўлмиш кимёвий арсеналини йўқ қилишга рози бўлишга мажбур бўлди. Россия аралашуви натижасида эришилган келишув доирасида Сурия ҳукумати ўзининг барча кимёвий заҳираларини топшириши ва йўқ қилиши ҳақида баёнот берди.

Бироқ кўплаб экспертлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари мазкур келишув Суриядаги кейинги кимёвий ҳужумларнинг олдини олмади, деб ҳисоблайди. 2013 йилдаги воқеа халқаро ҳамжамиятнинг Асад томонидан оммавий қирғин қуролидан фойдаланилганига самарали жавоб бера олмаганини, бу можаро янада кучайишига олиб келганини таъкидлади.

Асаднинг ноинсоний жинояти нега жазосиз қолди?

Халқаро ҳамжамият Шарқий Ғўтадаги кимёвий қирғиннинг кўлами ва Башар Асад режимининг шафқатсизлигидан ҳайратга тушди. Бироқ, жуда кўп далиллар ва айбловларга қарамай, Aсаднинг икки асосий иттифоқчиси - Россия ва Эрон Сурия ҳукуматининг тарафини олишда ва кимёвий қурол қўлланилиши ҳақидаги фактларни яшириш ҳамда бузиб кўрсатишда муҳим рол ўйнади.

Аввал 30 йилдан зиёд Сурияни эзиб келган диктатор Ҳафиз Асаднинг зулмидан, кейин эса унинг ўғли, нолегитим диктатор Башар Асаднинг 20 йил давомида зулм билан президентлик қилиб келаётганидан тўйган аҳоли унга қарши намойишга чиққан эди. Асад бу тинч намойишларни қурол билан шафқатсизларча бостириб, одамларни қириб ташлагач, сунний аҳоли Асадга қарши уюшган ҳолда курашишга ўтиб, бу кураш фуқаролар урушига айланиб кетди.

Кейинчалик бу фуқаролар урушига Россия ва Эрон аралашиб, Башар Aсадга сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий ёрдам беришга ўтди. Ҳар икки давлат Aсад режимини сақлаб қолишни муҳим стратегик манфаат сифатида кўрди.

Россия 2011 йилдан бери Сурия режимини дипломатик йўл билан фаол қўллаб-қувватлаб, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Aсадга босими кучайишига ёки халқаро аралашувга олиб келиши мумкин бўлган резолюцияларига тўсқинлик қилди. Кимёвий ҳужумдан сўнг Россия Сурия режимига қарши санкцияларнинг олдини олиш учун вето ҳуқуқидан фойдаланди ва бу қилмишини “инкор этиб бўлмайдиган далиллар” йўқлиги билан изоҳлади. Россия ҳукумати бошиданоқ бу ҳужум мухолифатнинг провокацияси бўлиши мумкинлигини таъкидлаб келди.

Шунингдек, Эрон режими ҳам Aсаднинг муҳим иттифоқчиси сифатида ишга киришиб (чунки Асад шиа бўлгани учун), режим томонида курашган шиа прокси гуруҳи - Ҳизбуллоҳ каби шиа жангариларини молиялаб ва улар воситасида Асадга ёрдам бериб келди. Эрон Сурия армиясига катта молиявий ёрдам ва ҳарбий техника бериб, режим аскарларини ўқитиб ва ҳарбий тайёргарликдан ўтказиб, Aсаднинг ҳарбий қудратини мустаҳкамлади.

Россия ва Эрон уюштирган ахборот уруши ва пропаганда

2013 йил 21августдаги кимёвий ҳужумдан сўнг Россия ва Эрон очиқ далилларга қарши чиқиш ва Aсад режимини жавобгарликка тортиш масаласидан чалғитиш учун кенг кўламли пропаганда ва ахборот кампаниясини бошлади. Уларнинг ҳаракатлари бир неча йўналишлардан иборат бўлди:

1. Фактларни инкор этиш

Россия ахборот кампаниясининг асосий йўналишларидан бири - Сурия ҳукумати кимёвий қурол қўлланганини тўлиқ инкор этиш эди. Россия расмийлари ва оммавий ахборот воситалари гўёки бу ҳужум Асадга мухолифат томонидан халқаро ҳамжамиятни можарога аралашишга ва Aсадни ағдаришга мажбурлаш мақсадида қилинган провокация эканлигини тўтиқушдек такрорлай бошлади. Масалан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги кимёвий моддалар мухолифат томонидан АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг Суриядаги вазиятга аралашуви учун "баҳона яратиш" учун ишлатилган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Эрон манбалари ҳам ҳужум учун Ғарб ва Форс кўрфази давлатлари томонидан қўллаб-қувватланган "террорчи гуруҳлар" масъул эканлиги ҳақидаги фикрларни тарқата бошлади. Бу тарғибот йўналиши сунний мухолифатни обрўсизлантириш ва можарога ички сабаблар эмас, балки ташқи кучлар сабаб бўлгандек таассурот уйғотишни мақсад қилган.

2. Муқобил версияларни илгари суриш

Россия ва Эрон содир бўлаётган воқеаларнинг муқобил версияларини фаол равишда илгари сурди. Russia today ва Спутник каби Россия ОАВларида кимёвий қуроллар мухолифат томонидан халқаро ҳамжамият эътиборини тортиш ва уларни Суриядаги можарога аралаштириш мақсадида қўлланилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Ишончли далиллар йўқлигига қарамай, ушбу версия тез тарқалди. Айниқса Россия ва Эроннинг медиа-пропагандаси таъсир доирасидаги аудитория бунга ишона бошлади.

3. Терговга аралашиш

Россия БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоси сифатида кимёвий ҳужумни тергов қилишга фаол аралашди. Далиллар, жумладан, зарин намуналари тўпланганда, Россия натижаларни диққат билан, икки марта текшириш кераклигини таъкидлади. Шунингдек, Aсад режимига босимни кучайтириши мумкин бўлган қарорларнинг олдини олди ва бу билан Сурия режимига қарши халқаро санкцияларни қабул қилиш жараёнини секинлаштирди.

Бундан ташқари, Россия Сурия режими учун зарарни юмшатиш учун дипломатик ресурсларидан фаол фойдаланди. Хусусан, у Сурия кимёвий арсеналини топшириш ва йўқ қилиш бўйича келишувни тузишда муҳим рол ўйнади, бу эса Aсадга AҚШнинг ҳарбий зарбасидан қочиш имконини берди. Бу келишув Москванинг дипломатик ғалабаси сифатида тақдим этилди.

4. Ғарбни обрўсизлантириш учун пропагандадан фойдаланиш

Россия ҳам, Эрон ҳам, Сурия режимини кимёвий ҳужумда айблаган Ғарб давлатлари, хусусан AҚШ, Буюк Британия ва Францияни обрўсизлантиришга қаратилган пропагандани қўллади. Россия ва Эрон ташвиқоти бу мамлакатларни ўзларининг геосиёсий манфаатлари йўлида Aсадни ағдаришга интилаётган тажовузкорлар сифатида кўрсатди.

Россиядаги кўплаб ОАВлар АҚШ Ироқ ва Ливиядаги сценарийни такрорлашни режалаштираётганига этибор қаратди. Бундай риторика мухолифатни руҳий тушкунликка тушириш ва Асаднинг тарафдорлари миқдорини сақлаб қолишни мақсад қилган.

5. Туҳмат ва ёлғонлар

Россия ва Эрон тарқатган яна бир версияга кўра, АҚШ ва Ғарб тарафдорларининг ўзлари “бегона байроқ остида” бу қирғинни амалга оширган эмиш. Пропагандачилар бу каби туҳматлар оқими ёрдамида одамларни гўёки АҚШ ва Ғарб Сурияга кириш учун қирғинни ташкил этган, деган ёлғонга ишонтиришга уринди.

6. Маълумот ва далилларни қалбакилаштириш. Россия ва Эрон кўплаб ёлғон “далиллар” ва “экспертларнинг” фикрларини уюштиришди. Қалбаки ҳужжатлар тайёрланиб тарқатилди. Сурат ва видеолавҳалар монтаж қилинди. Пулга сотилган “мутахассислар”дан Асадни қўлловчи “холис” фикрлар олиниб, интернет орқали ва бошқа йўллар билан тарқатилди.

7. Прокси-гуруҳлар ва кибератакалар. Россия ва Эрон, шунингдек, ўз прокси гуруҳлар, “тролл”, бот ҳамда киберҳужумчи хакерларидан халқаро платформалар ва ижтимоий рармоқларда ёлоғон маълумотлар – дезинифорация тарқатишни кучайтирди. Бундай саъй-ҳаракатлар одамларда ёлғон ижтимоий фикр уйғотишга қаратилди.

Aхборот урушининг оқибатлари

Россия ва Эрон юритган ахборот уруши халқаро ҳамжамиятнинг шафқатсиз кимёвий ҳужумга муносабатини секинлаштириш ва юмшатишда муҳим рол ўйнади. Кўплаб далиллар, жумладан БМТ ва мустақил экспертларнинг ҳисоботларига қарамай, Россия ва Эрон Асаддан эътиборни четга чалғитиб, шубҳаланиш муҳитини яратишга муваффақ бўлди. Бу эса Aсадга ўз қонхўрлиги учун жавобгарликдан қочиш имконини берди.

Қолаверса, вақт ўтиши билан Россия ва Эроннинг Aсад режимини қўллаб-қувватлашдаги роли янада сезиларли тус олди. 2015 йилда Россиянинг Сурияга ҳарбий аралашуви, рус авиациясининг мухолиф сунний аҳоли яшовчи даҳаларни фаол бомбардимон қила бошлаганида, ниҳоят, Сурия ҳукумати позициясини яна мустаҳкамлаб олди. Россия ва Эрон шу йўл билан Асаднинг содир этган қилмишлари – инсониятга қарши жиноятлари учун жавобгарликдан қутилиб қолишига ёрдам берди. Асад мухолифатга қарши урушини янада ғайрат билан давом эттирди. Бу эса минтақада можаронинг янада кучайишига ва мамлакатдаги гуманитар инқирознинг чуқурлашишига олиб келди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+