platina.uz
Иқтисод

Оҳангарондаги қувур заводида 350 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинади

Шавкат Мирзиёев “Premier” маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Корхонанинг 2026-2027 йилларга мўлжалланган ривожланиш дастури тақдимот қилинди. 

Оҳангарондаги қувур заводида 350 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи доирасида Оҳангарон туманидаги “Infinity Copper Group” мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.

Лойиҳа Хитой ва Германия компаниялари билан ҳамкорликда 10 гектар майдонда амалга оширилаётгани, унинг умумий қиймати 36 миллион долларга тенг экани ҳақида маълумот берилди.

Бу ерда қурилиш ишлари 90 фоизга якунланган, лойиҳа доирасида 14,9 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.

Ўзбекистонга 2025 йилда 15 миллион долларлик мис қувурлар ва фитинглар импорт қилинган. Мазкур корхона тўлиқ ишга тушгач, 10 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариши кутилмоқда.

Корхонада 300 та янги иш ўрни яратилади, 200 миллиард сўм бюджет тушумлари таъминланади ҳамда 350 миллион долларлик экспорт амалга оширилади. Маҳсулотлар Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ, Африка қитъаси ҳамда Европа давлатларига етказиб берилади.

“Infinity Copper Group” Ўзбекистонда мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқариш ҳажми бўйича етакчи ўринни эгаллаб, жами тўртта ишлаб чиқариш корхонасини ўз ичига олади.

Президентимиз мамлакатимизда мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга саноат маҳсулотлари улушини ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Бундай замонавий, рақобатбардош корхоналар сонини кўпайтириш орқали ички бозор эҳтиёжини тўлиқ қондириш ва экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Оҳангарон туманига ташрифи давомида “Premier” маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда электротехника саноатини ривожлантириш ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Натижада тармоққа тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш, маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, импорт ўрнини босувчи, экспорт бозорларида рақобатбардош ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгайди.

Хусусан, Оҳангарондаги мазкур лойиҳа ҳам Бирлашган Араб Амирликларининг “Fajr Al Mustaqbal General Trading” корхонаси билан ҳамкорликда 10 гектар майдонда амалга оширилаётган бўлиб, умумий қиймати 30 миллион долларни ташкил қилади.

Лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўрни яратилади, 4 миллион доллар экспорт амалга оширилади. Айни вақтда қурилиш ишлари 95 фоизга бажарилиб, 11,3 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.

Мазкур корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Қирғиз Республикаси, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинади.

Айни пайтда бу каби корхона Ўзбекистонда иккита, Марказий Осиёда эса тўртта бўлиб, уларнинг орасида мазкур лойиҳа маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича иккинчи ўринда туради.

Келгусида мажмуа тўлиқ ишга тушишининг ҳисобига 87 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутиляпти.

Давлатимиз раҳбари корхонанинг иш жараёни, маҳсулотлари сифатини кўздан кечирди. Мутахассислар ва ишчилар билан суҳбатлашди.

Шу ернинг ўзида корхонанинг 2026-2027 йилларга мўлжалланган ривожланиш дастури тақдимот қилинди. Мамлакатимиздаги электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг кўргазмаси билан танишилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid