platina.uz
Мақола

Экстрасенслик билан шуғулланган махсус хизматлар

КГБ ўз фаолиятини ана шундай усулларда кенгайтирган, дунё бўйича агентларни кўпайтирган. Хўш, бу уларга нега керак эди?

Экстрасенслик билан шуғулланган махсус хизматлар
Фотоколлаж: Platina.uz

Паранормал қобилиятларга эга одамлардан, жумладан, экстрасенслардан фойдаланиш – махсус хизматлар фаолиятидаги энг махфий йўналишлардан бири ҳисобланган.

СССР ва бошқа мамлакатлар махсус хизматлари экстрасенс қобилиятларга эга инсонлардан қандай фойдаланган? Инсонда бундай қобилиятлар бор-йўқлигини қандай аниқлаш мумкин ва уларни ривожлантириш мумкинми?

Махсус қобилиятлар – махсус хизматларда

Совет махсус хизматлари экстрасенсларга қачон қизиқиш билдирган?

1980-йилларнинг охирида СССР қуролли кучлари бош штаби қошида №10003 сонли алоҳида ҳарбий қисм ташкил этилган. РФ қуролли кучлари генерал-лейтенанти, истеъфодаги ҳарбий, 1989-2003 йилларда №10003 ҳарбий қисми қўмондони бўлган Алексей Савиннинг айтишича, ушбу ҳарбий қисм мақоми жиҳатидан қуролли кучлар таркибида учинчи ўринда турган.

Халқ орасида бу қисмни ҳазил тариқасида “1001 кеча” деб аташган – гўё у ерда жиддий эмас, эртакнамо ишлар билан шуғулланишади деб ўйлашган. Шу даврда мазкур қисмга қўмондонлик қилган Алексей Савинни эса орқаваротдан “Мерлин” деб аташган.

Савиннинг ўзи ҳақида ҳам узоқ вақт давомида турли-туман миш-мишлар юрган. Гўё ўша пайтдаги президент Михаил Горбачёвнинг кўрсатмаси билан у ўзга сайёраликлар билан мулоқот қилган, ҳатто собиқ совет раҳбарларининг руҳларини чақиришга уриниб, “шайтоний ишлари” билан шуғулланган, деган гаплар тарқалган.

№10003 махфий ҳарбий қисм фаолияти

Савиннинг ўзи айтганидек, улар “ҳақиқат эликсири”, “гениаллик эликсири” деб аталувчи тушунчаларни излаган. Инсондаги бундай қобилиятларнинг табиатини илмий асосга таянган ҳолда ўрганишга интилишган. Айтишларича, мазкур ҳарбий қисм яна бир махфий тузилма – ОГПУнинг махсус шифрлаш бўлими вориси ҳисобланган.

1920-йиллар бошлари СССР ВЧК – ГПУ (Бутуниттифоқ фавқулодда комиссияси – бош сиёсий бошқарма) қошида махфий сиёсий бўлим совет махсус хизматларининг “отаси” саналган Феликс Дзержинскийнинг шахсий кўрсатмаси билан ташкил этилган бўлиб, унга Глеб Бокий раҳбар этиб тайинланган. Глеб Бокий экстрасенсор қобилиятларга эга одамларни топиб, жамоа тузган.

Сирли Бокийнинг сирли ишлари

Тарихчи Юрий Московскийнинг айтишича, Глеб Бокий ёшлигиданоқ, 1900 йиллардан бошлаб инқилобий фаолиятга киришган. Болшевиклар етакчиси Владимир Ленин уни шахсан билган, унга ишонган, давлат органлари, ВЧК ва разведка тузилмаларини яратишда уни жалб қилган. Яъни Бокий истеъдодли инсон бўлган.

Инқилобгача бўлган даврда Бокий рецидивчи қўлбола талончи сифатида “карьера” қилишга ҳам улгурган. Таъкидлаш керак, коммунистлар инқилоби элитасининг аксарияти жиноятчи қатлам вакиллари бўлиб, ўғри, қотил ва зўравонлардан иборат эди. Ҳозир коммунистлар носталгия билан эслаб, илоҳийлаштирадиган золим ва диктатор қонхўр Сталин ҳам ўсмирлигида кўп марта талончилик ва ўғирлик билан қамалган, полициядан ўч олиш мақсадида Ленин болшевиклари сафига ўтган.

Бокий ҳам 15 йил ичида 12 марта судланган, жумладан, қотиллик айбловлари билан ҳам. Бироқ ҳар сафар қандайдир мўъжиза билан ё қамоқдан қутулиб қолган, ёки оқланиб озод этилган.

Қизиқ жиҳати шундаки, Бокийни судгача қамоқдан озод қилиш учун белгиланган катта миқдордаги гаров пулларини мистик ва гипнотизёр Георгий Гуржиев, медиум ва фолбин Павел Макиевский, ҳатто тибет табиби Пётр Бадмаев тўлаб берган. Бу Бокийнинг эзотериклар ва оккултистларга яқин одам бўлгани яққол кўринади.

Тарихчи-ёзувчи Олег Хлобустов шундай деб эслайди “У физик ва материалист бўлганига қарамай, айнан психологик ва парапсихологик ҳодисалар уни доимо ўзига жалб қилган. Уларни ўрганган, маҳаллий ва хорижий манбалар бўйича жуда кўп мутолаа қилган”.

Айтишларича, айнан Глеб Бокий Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” романидан Воланд – Шайтон образи учун прототип бўлган. Сабаби, у Кучинодаги дачасида (Москва вилояти Балашиха шаҳар округи таркибидаги даҳа) ғалати бир коммуна тузган. Унинг аъзолари махфий маросимлар ўтказиб, оргияларга берилган. Бир гала эркак ва аёллар йиғилиб, тун бўйи барча шаҳвоний бузуқликларни амалга оширишган. Уларнинг кўпчилиги коммунистик тузум элитасига мансуб бўлган. Улар ҳатто шайтонни хурсанд қилиб, унинг ёрдамига эришиш учун маросимлар ўтказиб, унда ўғирлаб келтирилган чақалоқларни шайтон йўлида қурбонлик қилиб ўлдиришгани айтилади.

Элитанинг бундай бузуқлик ва қотиллик маросимлари “Уста ва Маргарита” асарида, кейинчалик Стенли Кубрикнинг “Катта ёпилган кўзлар билан” филмида, яқинда эса Жеффри Эпштейн оролида ўтказилгани ошкор бўлди.

Бошқача қилиб айтганда, одамлар шайтонга сиғиниб, унга ёқадиган гуноҳларни жамоа бўлиб қилишса, гўё шайтон уларнинг ўта бой ва сиёсий қудратга эга бўлишларига ёрдам берар эмиш. Албатта, бунинг охири вой бўлади – шайтонга қул бўлган инсоннинг ҳаёти бу дунёда хорлик ва шармандали тугайди, охиратда эса дўзах билан “тақдирланади”. Бошқача айтганда, бундай шахслар иймонини бу вақтинчалик дунёдаги вақтинча роҳатга алмашиб, абадий жаннат ҳаётидан воз кечишади. Шайтоннинг мақсади ҳам шу аслида – иродаси суст инсонларни бирозгина ёрдам билан алдаб, иймонсизлар сафини кўпайтириш холос.

Хуллас, Михаил Булгаков чекист Бокийнинг бу ишларидан, шубҳасиз, хабардор бўлган. Чунки айнан ўша Кучинода унинг дўсти – шоир Андрей Белий яшаган. Романдаги Шайтон бали саҳнаси деталларигача Бокий уюштирган оргиялардаги манзаралар билан мос келади.

Расман эса Бокий бўлими криптография билан шуғулланган. У ерда шундай шифрлар ечилганки, уларни ҳеч бир хорижий махсус хизмат еча олмаган ўшанда.

Ёзувчи Юрий Московскийнинг сўзларига кўра, Бокий Кремл кабинетларига ўрнатилган махфий тинглаш тизимлари учун жавобгар бўлган. Айрим афсоналарга кўра, Бокий ҳатто Сталинга ҳисобот беришдан бош тортган. У “мени бу лавозимга сиз қўймагансиз ва мени лавозимдан олиш ҳам сизнинг ишингиз эмас. Мени шахсан Ленин тайинлаган” дея қўпол жавоб берган.

Шифрлаш бўлими ходимлари орасида фақат математиклар ва лингвистлар эмас, балки саам сеҳргарлари, бурят шаманлари, заҳаршунослар, телепатлар ва башорат қилувчилар ҳам бор эди.

Сирли экспедиция

Бокийнинг ўринбосари Александр Барченко 1920-йиллар бошида уюштирган Колск яримороли экспедицияси ҳақида турли маълумотлар мавжуд. Шифрчилар у ерда нимани излаган бўлиши мумкин?

Улар гўёки Тибетга – Шамбалани излаб экспедиция жўнатяпмиз, дейишган, аммо аслида Ҳиндистонга олиб борадиган йўлларни қидиришган ва Тибет орқали Британия империясига қандай зарба бериш мумкинлигини ўрганишган. Ёки иттифоқчилар топишни мақсад қилишган.

Бироқ бошқа фикрларга кўра, мазкур экспедиция аниқ геосиёсий мақсадлар учун ўтказилмаган. Барченко кундаликларида “қутбий қутуриш” деб аталувчи тушунарсиз касаллик ҳақида кўплаб қайдлар учрайди. Эскимослар бу ҳолатни “Қутб юлдузи чақириғи” деб аташган. Ушбу касалликка чалинган одамлар гўёки жин ургандек жазавага тушади, увиллаб овоз чиқарар, бегона овозларда гапирар ва энг муҳими – бир-бирларининг ҳаракатларини, ҳатто бир неча километр масофада бўлса ҳам, такрорлашар эди.

Шундай экан, эҳтимол, ОГПУнинг шифрлаш бўлими телепатияни ўрганиш билан шуғулланган бўлса-чи?

Махсус хизматларнинг қизиқиши шунда эдики, бошқа давлатлар эришадиган эҳтимолий илмий ёки технологик ютуқларни фаромуш қилмаслик, шу орқали Россия аҳолисига ҳамда унинг сиёсий етакчиларига таъсир кўрсатиш таҳдидларининг кенгайиши ва чуқурлашишига йўл қўймасликка уринишган.

Бироқ, ўша даврларга хос бўлганидек, коммунистик тизим ўз болалари ва оталарини ҳам йўқ қилган. Бокий ҳам ҳар қанча шайтонга сиғиниб, мадад сўрамасин, унинг раҳбарлик ҳаёти қисқа муддат давом этди ва ҳаётининг сўнгги кунлари турли асоссиз айбловлар, даҳшатли қийноқлар, совуқ қамоқхоналар ва ўлим билан тугади. Бокий 1937 йилда Сталиннинг репрессия гирдобига тушиб, отиб ташланди. Бир пайтлари ўзи тузган ва хизмат қилган тузум охир-оқибат унинг ўзини йўқ қилди.

Орадан бир йил ўтиб, унинг ўринбосари Александр Барченко ҳам худди шу қисматга дучор бўлган. Уни хорижий давлатларга жосусликда айблаб, терговларда мисли кўрилмаган қийноқларга солишди. Кейин эса отиб ташланди. Тўғри, Барченкога бўлим фаолияти бўйича тўлиқ ҳисоботни якунлаш имконияти берилган. Ушбу ҳисоботда нима ёзилгани ҳозиргача номаълум. Ҳужжатлар йўқолган.

Айтишларича, иккинчи жаҳон уруши пайтидаёқ Германия ҳарбий разведка ва контрразведка органи – Абвер агентлари ОГПУ шифрлаш бўлими ишланмалари ҳақидаги ҳар қандай маълумот учун 50 000 рейхсмарка миқдорида ғоят катта мукофот эълон қилган эмиш.

Сўнмас қизиқиш

Бироқ бу мавзуга жиддий қизиқиш совет махсус хизматларида ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари ўрталарида пайдо бўлди. Масалан, бошқаларнинг фикрини ўқиш каби инсоннинг ғайриоддий қобилиятлари давлат хавфсизлиги органлари олдида улкан имкониятлар очиб, уларнинг ишини анча енгиллаштирар эди.

Айтайлик, контрразведка диққати доирасига хорижий разведка билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган шахс тушди, дейлик. Унинг жиноий фаолиятини аниқлаш учун контрразведка катта ҳажмда ишларни олиб боришига тўғри келади: узоқ вақт давомида унинг телефон суҳбатларини тинглаш, қизиқиш доирасини аниқлаш, танишлари ва иш жойидаги ҳамкасбларини ўрганиш керак бўлади. Ана шу тарзда, жуда синчковлик билан, Буюк Британия разведкасига ўз хизматларини таклиф қилган ГРУ (Бош разведка бошқармаси – ҳарбий разведка) полковниги Пенковский ҳақида маълумот тўпланган. Ёки Колумбияда ГРУ ходимлари томонидан ёлланган дипломат Огородник ҳақида (у Юлиан Семёновнинг “ТАСС баёнот беради” романидаги Сергей Дубов образи учун прототип бўлган) маълумот олинган.

Фақат барча маълумотлар йиғилгандан сўнггина контрразведка ҳибсга олиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин эди. Қисқаси, бу жуда узоқ, мураккаб ва зерикарли жараён. Шунинг учун СССР махсус хизматлари ноодатий қобилиятларга эга одамларга алоҳида эътибор қарата бошладилар. Улар ёрдамида маълумот тўплаш жараёни анча соддалашар эди.

Ноёб қобилиятлардан фойдаланиш

Агар инсонда ўзига хос, ноёб қобилиятлар бўлса, у тез орада фақат яқин атрофидагилар орасида эмас, кенг жамоатчиликка ҳам танила бошлайди. Ўзининг ғайриоддий истеъдоди борлигини англаган одам, одатда, бундан даромад олишга киришади: одамларни даволайди, уларнинг маиший ёки хизмат муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради, келажакда рўй бериши мумкин бўлган воқеалар ҳақида огоҳлантиради. Контрразведканинг вазифаси эса бундай инсонни давлат хавфсизлиги манфаатларида ишлашга жалб қилишдан иборат бўлган.

Айтишларича, экстрасенсор қобилиятларга эга одамлар дунёда кечаётган жараёнларга ҳақиқатан ҳам таъсир кўрсата олган. КГБнинг истеъфодаги генерали Николай Шамнинг сўзларига кўра (у ўз вақтида КГБ СССР илмий-техника контрразведкаси бошлиғининг ўринбосари, генерал-майор лавозимида ишлаган), 1968 йилда Чехословакиядаги воқеалар арафасида Чехословакия коммунистик партияси марказий қўмитаси котиби Билчик Москвага келиб, Михаил Андреевич Сусловга ЧССР раҳбариятидаги вазият ҳақида ахборот берган. Ана шу пайтда Сусловнинг референти ниқоби остида КГБнинг экстрасенсор қобилиятларга эга офицери ишлаган. Унинг вазифаси Билчик қаерда очиқчасига гапираётганини, қаерда эса ҳақиқатни яшираётганини аниқлашдан иборат эди.

Шунга ўхшаш ҳолат 1984 йилда ҳам кузатилган. Ўшанда Афғонистон етакчиси Бабрак Кармални СССР учун қулайроқ раҳбар билан алмаштириш зарурати пайдо бўлган. Бу ҳолатда КГБга паранормал қобилиятларга эга одамлар – КГБ СССР биринчи бош бошқармаси ходимлари ёрдам берган. Улар гипноз орқали Кармалга таъсир қилиб, уни истеъфога чиқиб, ўз лавозимини Наджибуллага топширишга мажбурлашган.

Яна бир мисол. Россия президенти хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Васильевич Коржаков 1990-йиллар бошида СБП (Президент хавфсизлик хизмати – муаллиф) учун паранормал қобилиятларга эга одамларни излаш ва ишга жалб қилиш масалалари билан жиддий шуғулланган. Орадан кўп ўтмай, Президент хавфсизлик хизмати таркибида шундай гуруҳ тузилган. Унга генерал-майор Георгий Георгиевич Рогозин раҳбарлик қилган.

Бу экстрасенслар гуруҳи 1990-йилларда фаол иш олиб бориб, турли вазифаларни бажарган. Хусусан, давлат раҳбарига қайси мамлакатга ташриф мақсадга мувофиқ экани ёки эмаслиги ҳақида тавсиялар берган. Масалан, Борис Елциннинг Японияга режалаштирилган ташрифи арафасида экстрасенслар бу сафар бефойда бўлишини, Япония билан ҳеч қандай жиддий келишувларга эришиб бўлмаслигини қатъий айтган. Натижада Елциннинг кунчиқар мамлакатга сафари бекор қилинган.

Нафақат давлат идораси, балки элита вакиллари ҳам бундай қобилиятли одамлардан фойдаланишга ҳаракат қилишган. Кремл элитасининг машҳур табиби – Жуна Давиташвили 90-йилларда ўта машҳур бўлган. Айтишларича, у СССР ва Россиянинг деярли бутун сиёсий раҳбариятини даволаган. Жунани билганлар орасида ягона фикр бўлмаган: кимдир уни шарлатан деб ҳисоблаган, кимдир эса деярли даҳо деб билган.

Жуна, албатта, бу йўналишда муайян қобилиятларга эга эди. Аммо у янада кучли қобилиятни ўз пиари ва оммалаштириш соҳасида намоён этган. Акс ҳолда унинг ҳаётдан тўсатдан кетишини қандай изоҳлаш мумкин? Ахир келажакни олдиндан кўра оладиган инсон, мантиқан, ўз тақдирини ҳам билиши керак эмасми?

Шунингдек, ҳозир катта-катта амалдорлар жойлардаги турли табиб, шаман, дуохон ва фолбинларга хуфёна тарзда учраб туришади, улардан ишларини юриштириш, душманларини (рақобатчиларини) йўқ қилиш ва гўёки махфий маълумотлар олишга уринишади.

СССР рақибларининг режаларини қандай ўғирлаган?

Генерал Шамнинг сўзларига кўра, 1980-йилларда Винница шаҳрида ғайриоддий қобилиятларга эга экани очиқ-ойдин сезилиб турган икки нафар инсон яшаган. Айрим пайтларда улар Москвага ҳам келиб турган. Уларнинг ноёб қобилиятлари ҳақида совет махсус хизматларига бевосита гувоҳлар хабар берган. Шундан сўнг КГБ ушбу фуқароларни айниқса муҳим давлат вазифаларини бажаришга жалб қилишган.

Кўп ўтмай, бу жуфтлик билан алоқа ўрнатилган ва маълум бўлишича, бу икки инсон ҳақиқатан ҳам ўта ноёб қобилиятларга эга экан: улар ўз биомайдони орқали фазода лаҳза ичида ҳаракатлана олар, қолаверса, Ер шарининг исталган нуқтасига кўча олар экан. Бу совет разведкаси учун қандай улкан истиқболлар очганини айтиб ўтириш шарт эмас. Разведка уларнинг бу имкониятидан фойдаланишган, албатта.

КГБ топшириғига биноан Винницалик экстрасенслар Англия бош вазири Маргарет Тэтчернинг иш кабинетига “кўчирилган”. Улар унинг барча суҳбатлари, Вазирлар маҳкамаси аъзолари билан ўтказган йиғилишларида иштирок этган ва кўрган-эшитган барча маълумотларни зудлик билан ўз раҳбариятига етказиб турган.

Генералнинг айтишича, совет даврида бундай йўналишда ҳатто кенг қамровли илмий-тадқиқот дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга тахминан йигирмата илмий институт жалб этилган. КГБ таркибида эса бундай иш учун одамларни тайёрлайдиган махсус гуруҳ тузилган.

Масалан, КГБ мутахассислари махсус ўлчаш аппарати ўрнатилган қурилма жойлаштирилган ўриндиқ ишлаб чиққан. Одам ўриндиққа ўтириб, тўлиқ бўшашганда, ушбу қурилма ишга тушар, натижада инсон организми фаоллашар ва унинг биоэнергетик қуввати бир неча баробар ошар эди. Шу ҳолатда инсон Ер юзининг исталган нуқтасидаги исталган шахс билан алоқага киришиб, бизга керакли маълумотларни олиши мумкин бўлган, гўёки.

Аммо, кейинчалик экстрасенсор йўналиш ривожланмади. Эҳтимол керакли натижа бермагандир, эҳтимол синовдан ўта олмагани учун ишонч йўқолгандир, эҳтимол ноёб қобилиятли одамлар ўрнига фирибгарлар йиғилиб қолгандир. Нима бўлганда ҳам, Коржаков хавфсизлик хизматидан четлатилгандан сўнг эса бу мавзу бутунлай ёпилди, экстрасенсор қобилиятларга эга одамлар гуруҳи тарқатиб юборилди.

Лекин АҚШда бундай ишлар муваффақиятли давом эттирилган: масалан, америкалик махсус хизматлар экстрасенслар ёрдамида Америка соҳиллари яқинидаги совет сувости кемаларини аниқлашга уринишган.

Хулоса

Қисқа қилиб айтганда, махсус хизматлар тарихан экстрасенсор қобилиятларга эга одамлардан (телепатия, масофадан кўриш) разведка, объектларни қидириш ва таҳдидларни таҳлил қилиш мақсадида фойдаланишга уриниб келган.

Хусусан, СССР ва АҚШ махсус хизматлари экстрасенсларни ҳарбий объектларни масофадан туриб кузатиш учун жалб этган ҳолда турли тажрибалар ўтказган. Бироқ бу тажрибалар натижалари кўп ҳолларда аниқ эмаслиги ва қайта-қайта такрорланиш даражаси паст бўлгани сабабли кам қимматли деб эътироф этилган.

Экстрасенсларнинг минглаб километр узоқликда туриб, душманнинг яширин объектлари, махфий базалари ёки биноларини тасвирлаб беришга уринишлари махфий хизматларни қизиқтирган.

Шунингдек, интуитив қобилиятлар орқали махфий хариталарда кўрсатилган яширин бункерлар, ҳарбий техника ёки офицерларни аниқлашга уриниш ҳам диққатга сазовор.

Экстрасенслар душманнинг эҳтимолий ҳаракатларини олдиндан башорат қилиш ёки ёпиқ ҳужжатлар мазмуни ҳақида маълумот олишга ҳам уринишган.

Шу билан бирга, экстрасенслар “каламушлар”(яъни хизмат ичидаги сотқин агентлар)ни аниқлаш ёки таҳдидни сезиш учун жалб этилган, бироқ бу соҳада асосий ролни психологик профайлинг усуллари ўйнаган.

Ҳужжатларга асослансак, СССРда КГБ экстрасенслардан “қизғин нуқталар”да ва давлат хавфсизлигини таъминлашда фойдаланган, уларни ўзига хос “махфий қурол” сифатида кўрган.

АҚШда МРБ ва АНБ парапсихологлар билан тажрибалар ўтказган, аммо 1976 йилга келиб бундай дастурларнинг аксарияти паст самарадорлик сабабли ёпилган.

Амалий тажриба шуни кўрсатганки, бундай “ўта қобилиятлар” кўп ҳолларда анъанавий разведка усулларига нисбатан камроқ самара берган.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid