platina.uz

Барнум-Форер психологик эффекти

Мунажжимлар башоратию сохта табибларга тез ишонувчанлик одати фанда шундай аталади.

Мақола
24 ноябрь, 15:37
Барнум-Форер психологик эффекти
Фотоколлаж: Platina.uz

Фолбинларга ва сохта табибларга ишониб борган лақма ва жоҳил одамларни алдашнинг минг йиллик ва самарали йўллари кўп.

“Сиз фалондай одам экансиз, хулқ-атворингиз мана бундай экан” ёки “фалон жойингиз безовта қилар экан, фалон нарсадан шикоят қилмоқчи бўляпсиз” қабилидаги, ҳамма учун умумий ва бир хил гаплар айтилса кифоя. Лақма мижоз бу умумий гаплардан хусусий хулосалар чиқариб, ўзидаги ҳақиқий белгиларга “тўғрилаб” олади ва ёлғончи фолбин ёки табибга ишона бошлайди.

Умумуан, одамзот ноаниқ ва умумлашган маълумотдан ўзи истаган ёки ишонган маълумотни чиқариб олишга мойил бўлади. Агар бирор жойда мунажжимлар башоратини ўқиб қолиб, сизни буржингиздаги одамларга қаратилган, “бугун эҳтиёт бўлинг, сизни фалокат кутяпти” деган жумлаларни ўқиб қолсангиз, албатта ақли расо одам сифатида ишонмайсиз. Бироқ ўша куни тасодифан бирор нохушлик рўй берса, дарров шу “башорат” ёдингизга тушади, “ўша гороскопда тўғри ёзилган экан-да” деб ўйлаб қоласиз беихтиёр.

Бундай психологик эффектнинг илмий номи – Барнум-Форер эффекти дейилади.

Илмий изоҳ

Демак, Барнум-Форер эффекти – психологик ҳодиса бўлиб, унда одамлар умумий ва ноаниқ баёнотларни ўзларининг шахсий хусусиятларини ёки ҳолатларини тўғри тавсифловчи маълумот сифатида қабул қилишади. Бу таъсир нега мунажжимлар башорати, фолбинлик ва психологик тестлар ноаниқ ва умумий бўлишига қарамай, жуда аниқ ифодалайдигандек туюлишини тушунтириб беради.

Атаманинг келиб чиқиши ва тарихи

Бу психологик ҳодиса XIX асрда яшаган америкалик шоумен, “бизда ҳар бир инсон учун нимадир бор” дея таъкидлашни яхши кўрган П.Т.Барнум шарафига шундай номланган.

1948 йилда психолог Бернард Форер бир тажриба ўтказдики, у кейинчалик мазкур эффектнинг классик тадқиқотига айланди.

Форер ўз талабаларига шахсий хусусиятларни аниқловчи тестларни тарқатди. Талабалар ушбу тест саволларига жавоб бериб бўлишгач, гўёки шу тест натижасида аниқланган шахсий хулқ-атвор ҳақидаги профил маълумотларини уларга тарқатди. Барча талабалар ҳайратда қолишди. Тестнинг улар характерини нақадар аниқ топганидан қониқиш ҳосил қилишди. Бироқ гап шундаки, барча талабаларга бир хил хулоса-профил тарқатилган эди!

Гўёки тестдаги саволларга берилган жавоблар асосида олинган умумий хулоса матнида қуйидаги жумлалар бор эди:

“Одамлар сизни яхши кўришини ва сизга маҳлиё бўлишини истайсиз.”

“Сиз ҳали кўпгина қобилиятларингизни юзага чиқармагансиз.”

“Сиз баъзида айрим қарорларингиз тўғрилигига шубҳа қиласиз”.

Қизиғи шундаки, ҳар бир талаба бу матн фақатгина унинг учун ёзилганига ишонган. Психолог Форер улардан бу хулоса-профилнинг қанчалик тўғрилигини “нолдан 5 гача бўлган” шкала бўйича баҳолашни сўраганида, ўртача баҳо 5 баллдан 4,26 баллни ташкил этди. Бу эса одамлар умумлаштирилган баёнотларни фақат ўзига хос ва ноёб деб қабул қилишларини исботлади.

Тарихий ва замонавий мисоллар

Мазкур эффектга мисоллар инсон ҳаётида кўп учрайди.

Масалан, ўтмишда одамлар осмонда чақмоқлар чақишини тушуна олишмаган. Буни шаманлар “чақмоқ худоси қиляпти”, деб тушунтирган. Агар бирорта гуноҳкор одамни чамоқ уриб ўлдирса, одамлар “ҳа, буни ростан чақмоқ илоҳи қилар” экан дея талқин қилиб, бу фикрга батамом ишонишган.

Ёки эрамизнинг 79-йилида Помпей яқинида Везувий вулқони отилиб, одамларни ҳалок қилган. Вулқон отилишидан бир кун олдин ўпқондан қуюқ тутун ва учқунлар чиқиб, гўёки одамларни огоҳлантирган. Бироқ ўша кунлари ён-атрофдаги шаҳар ва қишлоқлардан одамлар йиғилиб келиб, вулқон “илоҳи”га бағишланган катта байрам ўтказиб, ўйин кулги қилишган, қурбонлик келтиришган. Улар вулқон тутунлари ва учқунларини кўриб, “Вулқон илоҳи қурбонлигимизни қабул қилди, биздан рози бўлди” дея талқин қилишган ва қочишга уринишмаган. Вулқоннинг “огоҳлантиришлари” – уларнинг “илоҳлар биздан рози бўляпти” деган фикрларини исботлашга хизмат қилган.

Яна бир мисол. Ванга ёки Нострадамус башоратлари ҳақида кўп эшитганмиз. Дунёда нимадир муҳим воқеа рўй берса, дарров шу одамларнинг “китобларидаги башоратлар” эсга тушиб қолади. “Мана қаранглар, шу воқеани фалончи мана бунча йил олдин башорат қилиб кетган экан” дейишади. (Лекин негадир шу воқеалардан олдин бу “башоратлар” борлигини ҳеч ким билмай қолади.)

Айтайлик, ўша башоратчиларга мансуб кўриладиган маълумотларда “2022 йилда Шарқ тарафдан бир тўфон кўтарилиб, қўшни ҳудудга ёпирилиб, вайрон қилади”, деб ёзилган бўлса, айримлар “ҳа, Россиянинг Украинага бостириб киришини назарда тутган экан” дейишади. Лекин айримлар, масалан, Африкадаги одамлар, “эй, бу билан Маврийкий оролининг шимоли-ғарбида шаклланган Батсирай циклони Мадагаскар оролига ёпирилгани башорат қилинган экан-ку”, дейишади. Ҳа, африкадагилар учун ҳам башорат тўғри чиқди: Мадагаскарга қўшни (!) орол яқинида шаклланган тўфон шарқ тарафдан (!) ҳужум қилди!

Ёки кимдир қишда, оқшом пайтида ўрмонда, қорда бирор айиқ югуриб ўтганини ғира-шира кўриб қолса, нималигини аниқ пайқай олмаса, “қор одамни кўргандирман”, деб ўйлаб қолади. Кейин эса ўша жойда айиқнинг тойиброқ ташлаган изларини кўриб, одам изига ўхшатиб талқин қилади ва ўз тахминининг тўғрилигига ишонч ҳосил қилади. “Аниқ “қор одам”ни кўрибман”, деб ўйлайди. Бу ерда ноаниқ тасвир ва излар шу “гувоҳ” миясида Барнум-Форер эффектини ҳосил қилади.

Ўзга сайёраликлар ёки уларнинг учар ликопчаларини “кўрган” кўпчилик одамлар ҳам аслида ерга қулаётган ракета парчалари, зонд, тутун ёки булутларни шунга ўхшатади. Барнум-Форер эффекти уларнинг бу хато ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Нега Барнум-Форер эффекти доим иш беради?

1. Тасдиқлатиш истаги. Одамлар кўпинча ўз фикрлари тўғрилигини тасдиқлатиб олишга интилишади ва умумлаштирилган баёнотлар бу фикрларни ўз “фойдаларига” талқин қилишга ёрдам беради.

2. Фойда эффекти. Умумлаштирилган баёнотлар кўпинча ижобий бўлиб, одам ўзини беқиёс ва ижобий ҳис қилишига ёрдам беради.

3. Ноаниқлик. Кенг кўламли ва ноаниқ иборалар ҳар ким учун ўзига яқин фикрни “топишига” имкон беради.

Статистика ва тадқиқотлар

Барнум-Форер психологик эффектини ўрганиш бўйича илмий тажрибалар сўнгги ўн йилликларда бир неча бор ўтказилган. Буюк Британиядаги психология профессори Ричард Уизман олиб борган тадқиқот шуни кўрсатдики, бундай тажрибалар иштирокчиларининг 85 фоизи ноёб хислат сифатида тақдим этилган бироқ умумлаштирилган тавсифларнинг тўғрилигига ишонади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, шахснинг ижобий ва салбий хусусиятларини ўз ичига олган умумлаштирилган иборалар айниқса кучли таъсир қилади. Мисол учун, “Сиз ўзингизга ишонасиз, лекин баъзида сизда қатъийлик етишмайди” каби иборалар тажриба иштирокчиларининг 70% дан ортиғи томонидан тўғри дея қабул қилинган.

Мутахассисларнинг фикрлари

Таниқли психолог ва ҳис-туйғуларни аниқлаш бўйича мутахассис Пол Экманнинг таъкидлашича, Барнум-Форер эффекти инсоннинг атрофимиздаги мавҳум дунёдан маъно топиш истагига асосланган. Бу истак, агар улар бизнинг шахсиятимиз билан боғлиқ бўлса, бизни ҳатто энг умумий баёнотларнинг ҳақиқат эканлигига ишонишга мажбур қилади.

Барнум-Форер эффектини ўрганган яна бир психолог Рей Хайманнинг таъкидлашича, умумлаштирилган баёнотлар “ижобий нохолислик” туфайли осонлик билан ижобий талқин қилинади. Чунки биз салбий хусусиятларга қараганда ижобий хусусиятларга кўпроқ эътибор берамиз.

Барнум-Форер таъсирига қандай чап бериш мумкин?

Барнум-Форер таъсирига тушиб қолмаслик учун бир неча оддий қоидаларга амал қилиш кифоя бўлади.

Энг аввало, танқидий фикрлаш ва танқидий ёндашувни унутманг. Умумий баёнотларга танқидий муносабатда бўлишга ҳаракат қилинг, айниқса уларда аниқ тафсилотлар бўлмаса!

Шунингдек, ахборот манбаларини текширинг ва ўрганинг. Aхборот манбаларингизнинг ишончлилигини синчиклаб текшириш лозим. Айниқса, у сохта фанлар ёки текширилмаган ва исботланмаган далилларни ўз ичига олган бўлса.

Қолаверса, хулосалардаги жумлаларни таҳлил қилиш ва таққослаш ҳам катта ёрдам беради. Aгар айни баёнот, фикр ва хулосани кўплаб одамларга нисбатан қўллаш мумкин бўлса, демак, бу индивидуал хулоса эмас, балки шунчаки умумлаштирилган фикр бўлиши мумкин.

Хулоса қиладиган бўлсак...

Барнум-Форер эффекти қизиқарли психологик ҳодиса бўлиб, бизни ноаниқ, аммо ёқимли иборалар билан алдаш осонлигини кўрсатади. Ушбу таъсирни тушуниш нафақат илмий тадқиқотлар учун, балки кундалик ҳаёт учун ҳам муҳим. Айниқса, шахсиятни аниқловчи тестлар, мунажжимлар башорати ва фолбин "башорат"лари жуда кўпайган айни замонда – қизғин ахборот асрида бу эффектни англаш ва унинг таъсирининг олдини олиш катта аҳамият касб этади.

Қисқасини айтганда, Барнум-Форер эффектини тушуниш ОАВлардан, ижтимоий тармоқлардан ва бошқа манбалардан олинган маълумотларни яхшироқ таҳлил қилишимизга ёрдам беради ва умумлаштирилган баёнотларга ҳаддан ташқари ишонмасликка чақиради.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+