platina.uz
Мақола

Кўринмас фронт жангчилари: КГБнинг хориждаги операциялари

Совет фуқаролари арзимаган қўлқоп ёки диван, колбаса ёки пишлоқ учун километрлик навбатларда турган, бир ойда бир марта гўштли овқат ейишга пули бўлмаган бир пайтда КГБ миллиардлаб доллар маблағларни хориждаги самараси ва фойдаси шубҳали махфий операциялар учун совурган.

Кўринмас фронт жангчилари: КГБнинг хориждаги операциялари
Фотоколлаж: Platina.uz

Давлат хавфсизлик хизматларининг хорижий давлатлардаги фаолияти борасида сўз борганда, бир ҳақиқат кўп такрорланади: муваффақиятли операциялардан ҳеч ким хабар топмайди, агар бирор амалиётдан кенг жамоатчилик хабар топган бўлса, демак, бу операция муваффақиятсиз ёки самарасиз якунланган!

Тўғри, давлат ўзининг қудрати билан мақтаниш ёхуд рақибларни чалғитиш мақсадида айрим маълумотлар ёки дезинформацион материлларни эълон қилиши ҳам мумкин. Тотал ишончсизлик ва шубҳа шароитида уларга тўла ишониб бўлмайди, албатта.

Узоққа бормасдан, жорий йилда Исроилнинг МОССАД махсус хизмати жосуслари Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда юқори лавозимдаги ҳарбий ва илмий элитасини йўқ қилишгани ёки “Портловчи пейжер” операцияси доирасида “Ҳизбуллоҳ” шиа жангариларининг юзлаб раҳбарларига жуда устамонлик билан тайёрланган зарар етказилгани, Украина хавфсизлик хизмати Россиянинг 3 та шаҳридаги аэродромларига зарба бериб, рус ядровий триадасининг деярли 30 фоизини йўқ қилганини мисол келтириш мумкин.

Бироқ аллақачон тарих чанглари остида қолиб кетган, маҳв этилган давлат ва махфий хизматлар ўтказган операцияларнинг кўпчилиги махфийликдан чиқарилган. Бутун дунёда коммунистик инқилоб қилиб, абадий барҳаёт бўлишни даъво қилган бўлса-да, 70 йилдан ортиқ яшамаган СССР давлатининг Давлат хавфсизлиги қўмитаси (КГБ) фаолияти ҳам шулар жумласидандир. Совуқ уруш йилларида КГБ жамоатчилик фикрини манипуляция қилгани, НАТО ва Ғарбнинг юқори мансабдор шахсларини “овлагани” ва Яқин Шарқни қўрқув исканжасида ушлаб тургани билан тарихда қолди. Тўғри, СССР тугатилган бўлса-да, унинг вориси ҳисобланмиш Россия бу сирларнинг асосий қисмини ҳамон ошкор қилишни истамаяпти. Лекин СССРнинг биринчи ва сўнгги президенти Михаил Горбачев (1931-2022) эълон қилган сиёсий ислоҳотлар, қайта қуриш ва ошкоралик йилларида (80-йиллар охири) анча-мунча маълумотлар матбуот саҳифаларига чиқиб кетишга улгурган. Уларнинг айримлари ростан ҳам диққатга сазовор.

1. “Тукан” операцияси

1970-йилларда КГБ шунчалик қудратли эдики, ҳатто капиталистик дунёдаги етакчи оммавий ахборот воситаларини ҳам пул ва танишлар ёрдамида ўз манфаати йўлида ишлата олар, ахборот урушларини бошлаб, жамоатчилик фикрини ўзгартиришга муваффақ бўлар эди. КГБ совет иттифоқига мақбул шахсларни кўкка кўтарар, қарши томонларни эса ер билан яксон қилишга уринар эди. АҚШнинг The New York Times газетаси билан боғлиқ “Тукан” операцияси бунга ёрқин мисол бўла олади.

Совет ва Куба махсус хизматлари 1976 йилда бошлаган ушбу қўшма операция Чили раҳбари Аугусто Пиночет (1915-2006) образини жаҳон миқёсида обрўсизлантиришга қаратилган эди. Чунки диктатор Пиночет коммунизмни ўзининг асосий душмани деб билар эди.

КГБнинг собиқ офицери, архив бўлими ходими Василий Митрохиннинг айтишича, операция ғояси шахсан Юрий Андроповга тегишли бўлган. “Тукан”нинг асосий мақсади 2 та – Пиночетнинг образини ОАВда ёмон кўрсатиш ҳамда инсон ҳуқуқлари ташкилотларини Чили раҳбарига ташқи босим ўтказишга ундаш бўлган.

1976 йилда The New York Times газетасида Чилида инсон ҳуқуқлари бузилиши мавзусига бағишланган 66 та мақола чоп этилди. Қизиқ жиҳати, Камбоджадаги Қизил Кхмерлар режими ва унинг хунрезликлари ҳақида 4 та ва Кубада инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида атиги 3 та мақола ёзилган холос, гарчи бу мамлакатлардаги диктатура ва инсон ҳуқуқлари бузилиши Чилидагидан 10 чандон даҳшатлироқ бўлса-да.

Бундан ташқари, КГБ диктатор Пиночет билан Чили миллий разведка бошқармаси (ДИНА) раҳбари Мануэл Контрерас ўртасидаги “ёзишмаларни” сохталаштирди. У ерда ҳукумат режимига қарши чиққан ва чет элда яшовчи мухолифат аъзоларини йўқ қилиш режаси батафсил “ёзилган” эди. Америкалик журналистлар бу хатларни ҳақиқий деб ўйлаб, ўз мақолаларида Лотин Америкаси диктатори нуфузига янада катта зарба беришди.

“Тукан” операцияси давомида КГБ АҚШ разведкачилари Чилининг ДИНА хизматига сиёсий таъқибларни амалга оширишда ёрдам берганини “исботловчи” сохта хат ҳам тайёрлади. Кейинчалик кўплаб журналистлар, шу жумладан The New York Times’даги Жек Андерсон ҳам бу сохта хатдан Жанубий Америкада мухолифатни йўқ қилишга қаратилган “Кондор” операциясида МРБнинг қўли борлигини исбот қилиш учун фойдаланишди.

2. “РЯН” (ракета-ядровий ҳужум) операцияси

Бу совет иттифоқи тарихидаги энг йирик ва мураккаб разведка операцияси бўлган. 1981 йилда “Ракета-Ядер Нападение” (РЯН) операциясини ўтказиш КГБ ва ГРУга топширилди.

РЯНнинг мақсади АҚШнинг совет иттифоқига қарши ядровий зарба бериш тайёргарлигини кўздан қочирмаслик ва шундай ҳужумга қарши тўғри стратегия ишлаб чиқиш эди. Совет раҳбариятидаги хавотирлар Вашингтонда коммунизмга қарши қаттиқ сиёсат юритган Роналд Рейган ҳокимиятга келганидан кейин пайдо бўлди.

Операция доирасида “Варшава шартномаси”га кирувчи мамлакатлардан ташқаридаги совет разведка резидентураси фаолияти кескин кучайтирилди. Ядровий ҳужум буйруғини беришга ваколатли шахслар, баллистик ва қанотли ракеталарни учириш учун жавобгарлар ҳамда НАТО давлатларининг Ҳаво кучлари раҳбариятидаги юқори лавозимли ходимлар кузатув остига олинди. Шунингдек, ядровий уруш бошланган тақдирда ишга тушиши шарт бўлган “мудроқ” агентлар тармоғи ҳам яратилди.

Қимматбаҳо операция 1984 йилда унинг асосий ташаббускорлари – совет иттифоқи коммунистик партияси (КПСС) бош котиби Юрий Андропов ва мудофаа вазири Дмитрий Устинов вафот этганидан кейин тўхтатилди.

3. КГБ “Ҳизбуллоҳ”га қарши

1985 йил 30 сентябр куни, айнан СССРнинг Байрутдаги элчихонаси ёнида “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати аъзолари тўрт нафар совет дипломати, шу жумладан, КГБнинг штатдаги 2 ходими – Валерий Мириков ва Олег Спиринни ўғирлаб кетишди. Ўғирлаш “классик” услубда амалга оширилди: машиналарни тўсиш, қора ниқоблар, ўқ узиш ва таҳдидлар... Консуллик бўлими ходими Аркадий Катков қаршилик кўрсатишга уринди, аммо ҳужумчилардан бири уни пулемёт ўқлари билан йиқитди.

Ўғирлаш учун масъулиятни Ливандаги “Холид бин Валид кучлари” гуруҳи ўз бўйнига олди, аммо КГБнинг Байрутдаги резидентураси асл ташкилотчилар шиа фундаменталистлари – “Ҳизбуллоҳ” фаоллари эканини аниқлади. Шунингдек, совет дипломатларини ўғирлаш Эрондаги радикал руҳоний доиралар билан келишилгани ва террорчилар “Ҳизбуллоҳ”нинг диний раҳбари, шиалар шайхи Фазлуллоҳдан “оқ фотиҳа” олгани ҳақида маълумот келиб тушди.

“Ҳизбуллоҳ” шиа жангарилари ўз ниятлари қатъийлигини исботлаш учун улар қўлга олинганлардан бирини отиб ўлдиришди. Москва дарров Ҳофиз Асадга босим ўтказди ва операция тўхтатилди.

“Ҳизбуллоҳ”нинг талаби – Ҳофиз Асадни у тайёрлаётган Сурия қўшинларининг шимолий Ливанни “тозалаш” амалиётидан воз кечишга мажбурлаш эди. Чунки Триполи ва Байрут шаҳарлари “Ҳизбуллоҳ” назоратидаги ҳудудлар эди.

Москва террорчиларнинг деярли барча талабларини бажарганига қарамай, “Ҳизбуллоҳ” совет фуқароларини озод қилишга шошилмади ва янги талаблар қўя бошлади.

КГБ раҳбарияти муаммони ҳал қилиш учун бошқа йўллар излай бошлади. Одам ўғриларининг шахси ва дипломатларни сақлаётган жой тезда аниқланди. Аммо совет махсус кучларини бинони ҳужум билан эгаллаб олиш учун юбориш ғояси тезда рад этилди – бу ортиқча шов-шувга сабаб бўлиши мумкин эди.

КГБга тасодифий вазият ёрдам берди. Ливан ҳарбийлари билан отишмада ўғирловчилардан бири ва иккинчисининг акаси ҳалок бўлди. Совет иттифоқи бу ишга алоқаси йўқлигига қарамай, КГБ ўз “қулоқлари” орқали “руслар ўз одамларини ўғирлаганлар билан яширинча “ҳисоб-китоб қиляпти” деган миш-миш тарқатди.

“Россия ташқи разведкаси тарихи очерклари” китобининг 6-жилдида ёзилишича, марказ ўз резидентига “Ҳизбуллоҳ”нинг ўша пайтдаги диний раҳбари билан учрашиш ва унга босим ўтказишни буюрди. Ливандаги совет резиденти Юрий Перфильев “Ҳизбуллоҳ”нинг асосчиси ва маънавий раҳбари, Оятулло Фазлуллоҳ билан учрашувга йўл олди. Фазлуллоҳ рус резидентини меҳмондўстлик билан кутиб олди. Резидент “СССР максимум сабр кўрсатди, аммо жиддий ҳаракатларга ўтиши мумкин”, деди. Бироқ Фазлуллоҳ ўзаро суҳбатда резидентнинг гаровдаги дипломатлар масаласини ҳал қилишга уринишларини кескин рад этди.

Шунда Перфильев раҳбариятдан рухсат олмаган тарзда бир гапни айтди. У Оятуллоҳ Хумайний резиденцияси шиалар учун муқаддас Қум шаҳрида – совет иттифоқи чегарасига яқин жойлашганини ва совет армиясининг ўқув машғулотлари вақтида техник носозлик сабабли бирор ракета “тасодифан” Қум тарафга учиб кетиб, Ҳумайнийни портлатиб юбориши мумкинлигини айтди. “Ва Аллоҳ сақласин, бу ядровий каллак ўрнатилган ракета бўлса, иш батамом расво бўлади”, деди резидент “гап орасида”.

Бу яширин таҳдид иш берди. Ўткир сукунатдан сўнг Фазлуллоҳ: “Менимча, ҳаммаси яхши бўлади”, деди.

Шу билан бирга, КГБнинг Байрут резидентураси Имод Муғния (ўғирлашни бошқарган шахс) атрофидан бир нечта одамни ёллади, шунингдек, унинг бир неча қариндошларини ҳибсга олди. Кучли психологик босим ўз самарасини берди: ўғирланганидан бир ой ўтгач, совет дипломатлари озод қилинди.

4. “Кедр” операцияси

1959-1972 йилларда совет агентлари АҚШда Ню-Йорк штати ва шу номдаги мегаполиснинг электр таъминоти тизими ҳақида маълумот йиғишган. Шу билан бир вақтда бошқа агентлар шимолроқда – Канададаги нефтни қайта ишлаш заводларини турли нуқталардан суратга олишган. Мақсад – АҚШда йирик гидроэлектростанцияларда диверсиялар уюштириш ва шу орқали кенг кўламли электр энергияси ўчишларини келтириб чиқариш, Монтана штатидаги Ҳангри-Ҳорс тўғонини йўқ қилиш эди.

Британиянинг MI-5 разведка хизматининг (собиқ КГБ разведкачиси, сиёсий қочоқ Василий Митрохин ҳужжатларига асосланган) версиясига кўра, шу йўл билан совет махсус хизматлари АҚШнинг шарқий соҳилидаги электр таъминоти тизимига қарши йирик диверсия режасини ишлаб чиққан. Бунинг учун унинг энг заиф нуқталари аниқланган. Ҳисоб-китобларга кўра, Монтанадаги Флэтхед тўғони яқинидаги бориш қийин жойда электр узатиш симлари устунларини портлатиш орқали Ҳангри-Ҳорс ГЭСини ҳам ўчириш мумкин эди. Бу диверсиячи гуруҳларга тўғридан-тўғри тўғонни эгаллаб уни йўқ қилиш имконини берарди.

Иккита йирик гидроэлектростанцияни ишдан чиқариш Ню-Йорк ва унинг атрофидаги шаҳарларни токсиз қолдирарди. Канададаги нефтни қайта ишлаш заводларида юзага келадиган ёнғинлар эса АҚШнинг шимолидаги ёқилғига муҳтож иссиқлик электр станцияларини ёқилғисиз қолдириб, энергия етишмовчилигини тезда қоплаш имконини йўққа чиқариши мумкин эди.

Бироқ кейинчалик бу амалиёт тўхтатилган. Унинг самарасизлиги ёки амалга ошириш имконсизлиги совет раҳбариятини шунга мажбурлаган бўлса эҳтимол. Совет фуқаролари бир ой ишлаб, атиги 3-50 доллар атрофида маош олган бир пайтларда бу аҳмоқона ва фантастик амалиётга миллионлаб доллар сарфланган, минглаб қимматли жосуслар сафарбар этилгани айниқса ачинарли.

5. “Вихрь” (гирдоб) операцияси

1956 йилда Венгрия Халқ Республикаси халқи манфур совет тизимидан озод бўлиш ва мустақиллик эълон қилиш учун исён кўтарди. Халқ кўчаларга чиқди, совет босқинчилари ва золим ва қонхўр Сталинга ўрнатилган ҳайкалларни ағдариб ташлади, рус аскарларини Венгриядан чиқиб кетишга чақирди. СССР бу исённи қонли равишда бостирди. Шаҳарларга танклар кирди, самолётлардан бомбалар ёғдирилди. Совет аскарлари кўплаб венгрияликларни шафқатсизларча, итдек отиб ташлади. Кўчаларда қон ариқ бўлиб оқди.

Аммо бундан аввалроқ, 1956 йил 3 ноябр куни совет томони Венгрия раҳбарини музокара ўтказиш баҳонасида алдаб бир бинога чақирди. КГБ офицерлари Венгриянинг янги мудофаа вазири Пал Малатертни совет делегацияси билан музокаралар чоғида ҳибсга олди. 4 ноябр соат 6:00 да совет қўмондонлиги радио орқали “Гром” (момақалдироқ) кодли сигналини узатди. Бу Венгрия қўзғолонини босишга қаратилган “Вихрь” операциясининг бошланганини англатар эди.

Қўзғолонни босиш вазифаси махсус корпус зиммасига юклатилди. Жами 15 дан ортиқ танк, механизациялашган, пиёда ва авиация дивизиялари, 7 ва 31-десант дивизиялари, темир йўл бригадаси (60 мингдан ортиқ ҳарбийлар) қатнашди. Шаҳар иншоотларини эгаллаш учун махсус отрядлар тузилди, уларга 150 десантчи, БТР ва 10-12 та танк ёрдам берди.

Ҳар бир отряд таркибида КГБ ходимлари – генерал-майор Павел Зирянов, генерал-майор Кузма Гребенник (кейинроқ у Будапешт ҳарбий коменданти этиб тайинланади) ва машҳур нолегал агент Александр Коротков ҳам бор эди. Улар Имре Над ҳукумати аъзоларини қўлга олиш ва ҳибсга олишни ташкил этиш вазифасини бажаришди.

Бир кун ичида Будапештдаги асосий нуқталар эгалланди. Имре Над ҳукумати аъзолари Югославия элчихонасига яширинди. 22 ноябр куни соат 18:30 да Югославия элчихонаси ёнида енгил машиналар ва кичик автобус тўхтади, дипломатлар ва Венгрия ҳукумати аъзолари, жумладан Имре Над автобусларга чиқишди.

КГБ подполковниги Венгрия ҳукуматига автобусдан тушишни буюрди, аммо уларнинг тушишини кутиб ўтирмади. Бир неча совет бронетранспортёрлари автобусни қуршаб олиб, юргани имкон бермади. Кейинроқ КГБ раиси Серов СССР марказий қўмитасига “И.Над ва унинг жамоаси ҳибсга олинди, Руминияга етказилди ва ишончли жойда қамоқда сақланмоқда”, дея хабар берди. Шу тариқа Венгриянинг совет истилосидан қутулиб, мустақилликка эришишга биринчи уриниши муваффақиятсиз якунланди.

6. Жон Уолкерни ёллаш

КГБ Ғарб махсус хизматларининг мутахассисларини ёллашда кўплаб муваффақиятли операциялари билан машҳур. Уларнинг энг омадлиларидан бири – 1967 йилда америкалик шифрчи Жон Уолкерни (1937-2014) ёллаш эди.

Шу вақтда КГБ қўлида АҚШда фойдаланиладиган KL-7 шифрлаш машиналари ҳам бор эди.

Журналист Пит Эрли ёзганидек, бу ёллаш “худди АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг алоқа маркази Қизил майдонда филиал очгани” билан баробар эди.

Уолкер 17 йил давомида фош бўлмасдан, АҚШ қуролли кучлари ва разведка хизматларининг сирларини СССРга маълум қилиб турди. Қаерда махфий ўқув машғулотлари ўтказилмасин, ўша ерда КГБ одамлари ҳозиру нозир бўлишар эди.

Уолкер шифр калитлари жадвалларини ҳар куни советларга узатиб турарди. Советлар эса қўлларидаги шифрлаш машинасида бу калитлар ёрдамида АҚШ армиясининг шифрланган махфий хабарларини бемалол ўқиб ўтиришар эди. У ўз оила аъзоларини ҳам агентура тармоғига жалб қилди – ва бу хатоси унинг фош бўлишига сабаб бўлди. Хотини Барбара билан ажрашгач, собиқ хотин Уолкердан ўч олгиси келиб қолди. Барбара дарров бориб АҚШ полициясига эрининг жосус эканини чақиб берди. Кейнчалик судда ҳам аниқ-тиниқ далиллар билан эрига қарши кўрсатмалар берди. АҚШ суди Уолкерни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Ёвузлик ҳимоясида 37 йил...

КГБ 1954 йил 13 март куни СССР олий совети президиуми қарори билан ташкил этилган эди. Кейинги 37 йил давомида бу уч ҳарф совет иттифоқининг энг машҳур рамзларидан бирига айланди. Кимлардир бу номдан қўрқар, бошқалар эса уни фахр билан тилга олар эди.

Аммо Лубянкада (КГБнинг Москвадаги бош қароргоҳида), шунингдек, 15 та республикадаги ҳудудий бинолари ва ертўлаларида аслида нима ишлар бўлгани ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлишимиз қийин.

Бироқ миллионлаб синдирилган тақдирлар, хоинлар ва ваҳшийларнинг ҳикоялари ҳамда миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг қони КГБнинг тарих китобига шу қадар сингиб “бўкиб” кетганки, бу тарих китобини бемалол “хиёнат ва ёвузликнинг қизил ва қонли китоби” деб аташ мумкин.

КГБ нафақат СССР ичида озодлик, ҳурфикрлилик ва инсонийликни бўғишга, бошқа халқларни итоатда сақлашга уринди, балки хорижда ҳам ёвузлик тузуми ўрнатилиши учун фаол ҳаракат қилди.

Совет фуқаролари арзимаган қўлқоп ёки диван, колбаса ёки пишлоқ учун километрлик навбатларда турган, бир ойда бир марта гўштли овқат ейишга пули бўлмагани ҳолда КГБ миллиардлаб доллар маблағларни хориждаги самараси ва фойдаси шубҳали бўлган махфий операциялар учун совурган. Ўз фуқаролари қийналаётган бир шароитда хориждаги коммунистларни қўллаб-қувватлашга шошилган.

Пуч ва ёлғон ғоялар йўлида миллионлаб СССР фуқароларининг бахти ва келажагини қурбон қилди. Бироқ адолат ва эзгулик барибир ғалаба қозонди – атиги 70 йил мавжуд бўлган СССР ўзининг қўрқинчли КГБси билан бирга йўқлик қаърига қулади...

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid