Кўринмас фронт жангчилари: жосус аёллар
КГБ жосуслари заводдаги Америка махсус хизматлари кузатувидаги мутахассисларни ёллай олмаган. Бироқ корхона раҳбарининг котибаларидан бирининг қалбига йўл топа олган.
Совуқ уруш даврида КГБ разведкачилари нафақат сиёсий сирлар, балки тижорий ва илмий сирларга ҳам ўч бўлишган. Чунки айрим илмий ишланмаларни лицензия ва патент учун катта пул тўлаб сотиб олиш керак бўлса, айрим маълумотлар махфий ҳисобланган. Бу тадқиқотлар олиб борилаётгани ҳам оммадан сир тутилган. Айрим маълумотларни сотиб олиш имконияти мавжуд бўлса-да, турли халқаро санкция ва чекловлар туфайли қўлга киритишнинг ҳуқуқий имкони бўлмаган.
Шу боисдан, СССРда ишлаб чиқарилган деярли барча техникалар ёки ҳаётга татбиқ этилган кўплаб инновацион илмий лойиҳалар шунчаки Ғарбдан ўғирланар ва улар бироз ўзгартирилиб ёки такомиллаштирилиб, қайсидир “совет олими”нинг ихтироси сифатида тақдим этилган. Бу ҳолат қурол-яроғ ишлаб чиқариш, ядро ва космик тадқиқотлар соҳасига ҳам тааллуқли бўлган, албатта.
Шундай бир даврда АҚШдаги ёпиқ заводлардан бирида айрим махфий илмий лойиҳалар СССРга ўтиб кетаётгани аниқланган. Мудофаа саноатига оид ушбу корхона АҚШ махсус хизматлари томонидан обдон текширилган. Махфий сирларга алоқадор олим ва муҳандислар сўроқ қилинган, кузатувга олинган. Бироқ илмий ва тижорий сирларни совет разведкасига ким ёки кимлар сиздираётганини аниқлашнинг имкони бўлмаган.
Кейинчалик маълум бўлишича, КГБ жосуслари заводдаги Америка махсус хизматлари кузатувидаги мутахассисларни ёллай олмаган. Бироқ корхона раҳбарининг котибаларидан бирининг қалбига йўл топа олган.
Аввалига бу котиба қизни тўсатдан “бой” ва қадди қомати келишган француз йигити “севиб қолган”. Ишқий муносабатлар секин-аста жиддий тус олган. “Француз” йигит (аслида эса совет жосуси) котиба қизни мунтазам махфий маълумотлар бериб туришга кўндира олган. Корхонада эса котиба қизга ҳеч ким етарли аҳамият бермаган. Шунчаки бошлиқнинг айтганларини машинкада ёзиб берувчи ва хатларни сараловчи соддагина ва тортинчоқ котиба қизнинг КГБга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Бироқ, бу соддагина қизнинг қўлидан махфий маълумотлар, айтайлик, янги ҳарбий техника синовлари, ёпиқ мажлис қарорлари, таъминот занжирлари ва илмий ишланмалар ҳақидаги хатлар ва мурожаатлар ўтиши боис, у барча ёзишмаларнинг нусхаларини, турли миш-мишларни ва бошқа ходимларнинг оғзидан “чиқиб кетган” гапларни севгилисига, яъники ўзи билмаган ҳолда совет разведкасига етказиб турган. КГБ эса бу узуқ-юлуқ маълумотларни саралаб, бошқа давлат ва ташкилотлардаги жосуслар топган маълумотлар билан қиёслаб, тўлдирган ҳолда таҳлил қилиб, вазият ҳақидаги умумий манзарани тиклай олган...
Жосусликда пешқадам хилқатлар
Бу каби мисоллар махсус хизматлар тарихида кўп учрайди. Совуқ уруш даврида котибалар, умуман аёллар ўз лавозимидаги имкониятлардан фойдаланиб, махфий маълумотларни душман давлатларга етказиб туришган. Энг машҳур мисоллардан бири – Этел Розенберг ҳисобланади.
Этел Розенберг ва унинг эри Юлиус Розенберг америкалик коммунистлар бўлиб, АҚШ ядро тадқиқотлари марказларида ишлаган. Аввал Юлиус ғоявий асосда КГБга ёлланган ва кейин хотинини ҳам ўз ишига тортган. Этел котиба бўлиб ишлаган ва АҚШда ядро бомбаси яратиш билан боғлиқ махфий маълумотларни тўплаб, СССРга узатиб турган. Америкалик олимларнинг ядро физикасига оид махфий тадқиқот натижалари ва конструкторлик бюроларининг илмий чизмаларини қўлга киритган совет иттифоқида атом бомбасини яратиш ишлари тезлашиб кетган. Яъни АҚШ аллақачон атом бомбасини яратган ва 1945 йил август ойида Хиросима ва Нагасаки шаҳарларида қўллаб ҳам кўрган эди. Ниҳоят 1950 йил 8 март куни СССР вазирлар кенгаши раиси Климент Ворошилов СССРда атом бомбаси мавжудлигини расман эълон қилган. Бу жараёнга катта ҳисса қўшган Розенберглар оиласи эса 1953 йилда жосусликда айбланиб, қатл этилган. Улар совуқ уруш даврида жосусликда айбланиб ўлимга ҳукм қилинган ягона жиноятчилар ҳисобланади.
Аёлларнинг жосуслик ғалваларига аралашиб қолишлари ҳозирги замонда ҳам юз бериб турса-да, ҳали уларнинг кўпчилиги жамоатчиликка ошкор қилинмаган. Масалан, 2017 йилда АҚШда Миллий хавфсизлик агентлигининг пудратчи ташкилоти ходимаси Реалити Ли Виннер бир махфий ҳисоботни журналистларга сиздирган. Ҳужжатда Россиянинг АҚШдаги президентлик сайловларига аралашуви ҳақидаги маълумотлар бўлган. Виннер хоним давлат сирларини ошкор қилишда айбланиб ҳибсга олинган.
Аёллар идеал агент сифатида: муваффақият сири нимада?
Агар нима учун жосусликка ёлланган аёллар самарали агентлар ҳисобланади, деган савол ўртага ташланса, унинг жавоби жуда оддий. Боиси – аёллар табиатан таҳлил ва тафтишга устамон, ижтимоий идрок, кучли ички сезги ва бошқа ноёб қобилиятларни ўзида мужассамлаштирган бўлади.
Қолаверса, аёлларга нозик хилқат сифатида қаралувчи стереотиплар сабабли, улардан қандайдир хавф кутилмайди. Аёллардаги ҳусн ва жозиба аксарият эркакларни ўзига ром қилади, ҳушёрлигини ўтмаслаштиради. Эркаклар аёллар билан суҳбатда мақтаниши ва айрим айтилиши керак бўлмаган маълумотларни ҳам айтиб қўйиши мумкин.
Аксарият аёллар инсон психологиясини яхши билишади. Эркак киши аёл табиати ва руҳиятини тушунмаслиги мумкин, бироқ аёллар ҳар икки жинс вакилларининг ҳам “ичидан гап суғуриб” олиш, ёлғондан ҳамдард бўлиб ишончига кириш, ишонтириш ёки қандайдир ишларни бажаришга ундашга уста бўлишади. Британия разведкачиси Ким Филби айтганидек: “Аёл одамнинг руҳига эркакдан кўра тезроқ кириб олиши мумкин. Бу қобилият уларга одамларнинг ишончини қозониш талаб этиладиган муҳим операцияларда катта устуворлик беради.
Шубҳа туғдирмайдиган хилқат
Кўпчилик аёллар табиатан манипуляцияга уста бўлишади Улар душманнинг ҳис-туйғулари ва заиф томонларига босим қилиш орқали маълумот олишга қодир.
Аёл айғоқчилар кўпинча ўзларининг ижтимоий ролларини ниқоб сифатида ишлатишган. Ҳамширалар, котибалар, раққосалар – бу касблар эркаклар кира олмайдиган аммо киришни орзу қиладиган жойларнинг эшикларини ҳам очиб беради.
Тарихга назар солсак, жосус аёлларни фош қилиш қийин, аксарият айғоқчи аёллар жосусликда гумон қилинмаган. Бу уларга жуда қўл келади ва уларга энг қўриқланадиган доираларга ҳам одамлар эътиборини тортмасдан кириш имконини берди. Мата Хари каби аёллар ўз харизма ва жозибаларини унумли ишга солиб, энг тажрибали разведкачиларни ҳам чалғитиши мумкинлиги тарихдан маълум.
Биринчи жаҳон уруши авжига чиққан даврда Европа салонлари исми экзотик мусиқага ўхшаб кетган аёл ҳақидаги миш-мишларга тўла эди. Нидерландия фуқароси, жозибадор раққоса Мата Харининг (1876-1917) номи тилларда достон эди. Унинг ҳақиқий исми Маргарета Гертруд Зелле бўлган, лекин у экзотик ва шарқона раққоса сифатида танилиш учун шу тахаллус билан чақиришларини афзал кўрган. Унинг чиқишлари шу қадар чиройли ва жозибадор эдики, салон заллари генераллар, дипломатлар ва разведка зобитлари билан тўлиб кетар эди. Уларнинг ҳар бири нафақат рақсни томоша қилишга, балки бу сирли аёл билан хилватда учрашиш учун ҳам ташриф буюришар эди.
У зобитлардан сирларни олиш учун ўз жозибасидан ва шу хусусияти ёрдамида орттирган сиёсий ва ҳарбий элитага оид ёки уларга яқин танишларидан самарали фойдаланган. Мата Хари Биринчи жаҳон уруши даврида Германия фойдасига жосуслик билан шуғулланган. 1917 йилда Франция суди уни уруш вақтида рақиб давлат фойдасига жосуслик қилиш жиноятида айблаб, ўлимга ҳукм қилган. Унинг жозибаси шунчалик кучли эдики, кўпчилик унинг айбига тўлиқ ишонмаган. Кўпчилик мутахассислар Мата Харига қўйилган айблов ҳамда далил-исботлар қалбакилаштирилгани, у айбсиз бўлганини таъкидлашади. Айрим мутахассисларнинг фикрича эса Мата Хари камида 2-3 та давлат фойдасига жосуслик қилган. Айрим давлат махсус хизматлари турли дезинформация, яъни душманни чалғитиш учун яратилган, тўғрига ўхшовчи ёки бироз ҳақиқат ва сир қўшилган маълумотларни атайлаб душманга сиздириш учун Мата Харидан фойдаланишган.
Яна бир рус раққосаси Марина Ли Иккинчи жаҳон уруши даврида иттифоқчилар бош штабига суқилиб кириб, махфий ҳужжатларни фашистларга етказиш билан шуғулланган.
Жосус аёл Кристин Гренвилл эса Британия бош вазири Уинстон Черчиллнинг севимли агентларидан бири бўлган. МИ5 сафида туриб кўринмас фронтда жанг олиб борган Кристин Полшада фашистларнинг режаларини барбод қилишга катта ҳисса қўшган.
Жасорат ва метинликда эркакни ортда қолдирувчи хилқат
Аёлларнинг мисли кўрилмаган жасорат эгалари экани ҳақида гап кетганида Виржиния Холл номини алоҳида тилга олиш лозим. Бу жасоратли аёл Америкада туғилган, аммо бахтсиз ҳодиса оқибатида оёғидан айрилгач, унинг ҳаёти тубдан ўзгариб кетди. Виржиния умидсизликка берилиш ўрнига ҳаётини нацизмга қарши курашга бағишлашга қарор қилди.
У ўзи "Катя" деб атовчи ёғоч оёғини дўқиллатиб, фашистлар ишғол қилган Францияга кириб борди, партизан гуруҳларини ташкил қилди, кўприкларни портлатиб юборди ва иттифоқчиларга ёрдам берди. Немислар уни "иттифоқчиларнинг энг хавфли жосуси" деб аташди, аммо у урушнинг охиригача соя бўлиб қолди.
Иккинчи жаҳон урушининг яна бир қаҳрамон аёли – Нэнси Вейкни эса “қаршилик ҳаракатининг оқ сичқончаси” деб аташган. Нэнси Вейк исмини фашистлар махсус хизмати Гестапо ғазаб ва титроқ билан тилга оларди. Нэнси фашистлар қўйган ҳар қандай тузоқдан осонлик билан қутулиб кета олгани учун унга "Оқ сичқон" деб лақаб қўйишган. Асли австралиялик бўлган Нэнси фашизм Европада одамлар ҳаётини қандай барбод қилаётганини кўриб, иттифоқчилар фойдасига жосуслик қилишга қарор қилган.
У нафақат иттифоқчиларга маълумот узатиб турган, балки ҳарбий операцияларда ҳам иштирок этган. Бир марта Нэнси муҳим бир хабарни етказиш учун велосипедда душман ҳудуди бўйлаб 500 километр масофани босиб ўтган. Унинг жасорати қаршилик ҳаракатининг афсоналарига айланган.
Аёллар ўзларининг тўғри маънодаги маккорликлари билан бутун бошли халқларни ҳам қутқариб қолишган. Яҳудий анъаналарида Форс шоҳи Ахашверашнинг (Ксеркс Иккинчи) хотини бўлган яҳудий аёл Эстер (айрим афсоналарда Герна ёки Грета) ҳақида ҳикоя қилинади. Эстер вазир Хомон томонидан ишланган режа – яҳудий халқини қириб ташлашнинг ёмон оқибатларга олиб келишига шоҳни ишонтира олган.
Айрим афсоналарда Эстер Форс подшосининг унга турмушга чиқиш ҳақидаги таклифини бир шарт билан қабул қилишини айтган. У подшо ва барча амалдорлари, аскарлари яҳудийлик динини қабул қилиб, хатна этилишларини талаб қилади. Эстер ўта гўзал бўлгани боис подшо бунга рози бўлади. Ҳамма форслар хатна оқибатида юра олмай ётишганида, тунда яҳудийлар қўлига илинган нарсалар билан қуролланиб, саройга бостириб киришади ва ҳаммани ўлдиришади. Яҳудийлар ҳозир ҳам бу воқеани хотирлаб, яҳудий тақвими бўйича ҳар йили Адар ойининг 14-кунида Пурим байрамини нишонлашади.
Айрим маълумотларга кўра, Халқаро хотин-қизлар куни – 8 март ҳам Пурим байрамига тўғри келиб қолган сана ҳисобланади. Байрам яҳудий миллатига мансуб ёки уларга яқин фаоллар, хусусан, Клара Цеткин таклифи билан 1910 йилда Копенҳагенда бўлиб ўтган Халқаро социалистик аёллар конференциясида келишиб олинган.
Аёллар разведка объекти сифатида
Аёллар нафақат жосусликка жалб этилган, балки жосус ҳамда душманларнинг объектлари ва ёрдамчилари ҳам бўлишган. Монотеистик динлар учун ягона ва ўхшаш сюжетга эга Одам Ато ва Момо Ҳаво ҳақидаги қисса бунга мисол деб аташ мумкин. Унда айтилишича, Шайтон Одамга таъсир қилишнинг уддасидан чиқмагач, аёлнинг соддалиги ва ишонувчанлигидан, унинг эркакни манипуляция қила олиш қобилиятидан фойдаланиб Одам Атони йўлдан урган ва жаннатдан қувилишига эришган.
Разведкачилар одамларни ёллашда ҳамма учун умумий бўлган зарурий-ҳаётий эҳтиёжлар ва хавотирлардан унумли фойдаланишади. Узоқ умр кўриш, хавфсизлик, соғлик, гўзаллик, бойлик, мансаб ва машҳурликка иштиёқмандлик, шунингдек, бу неъматлардан ўзи ёки яқинлари ажралиб қолиш хавотиридан ўринли фойдаланиб, ўз мақсадларига эришади. Бунга Асма Асаднинг тарихи ёрқин мисол бўла олади.
Яқинда президентликдан ағдарилиб, Россияга қочиб кетган Башар Aсаднинг рафиқаси Асма Асад Британия разведкаси билан ҳамкорлик қилгани ҳақидаги фактлар ошкор этилди. Уларда келтирилишича, Асманинг қайнотаси, Сурия диктатори Ҳофиз Асад бўлажак келинига ишонмаган ва ўғлининг унга уйланишига қарши бўлган. (Башар ва Асма Ҳофиз Aсаднинг ўлимидан сўнг турмуш қуришган). Шу боис Ҳофиз Асад ўз разведка хизматларига Aсмани кузатиб боришни буюрган.
Aсма Aсад Лондонда туғилган, Лондон университетининг Қироллик коллежини тамомлаган ва JPMorgan банкида ишлаган. Сурия разведкаси маълумотларига кўра, унга Британия разведкаси ходими ҳамроҳлик қилган ва мансаб пиллапояларидан кўтарилишига ёрдам берган. Ҳофизга берилган разведка маълумотларига кўра, Башар Асад хотини Aсма ва унинг онаси билан Лондоннинг ҳашаматли меҳмонхоналарида учрашганида Британия разведкачилари ташқарида навбатчилик қилиб кутиб турган. Улар Aсманинг отаси уюштирган зиёфатларда ҳам иштирок этган. Асма биринчи хонимлик даврида Сурия ва эри Башар билан боғлиқ маълумотларни Британия разведкаси МИ-6 га етказиб турган.
Башар Асад “тахтдан” ағдарилгач Асма Асад эри билан ажрашишни истаб ариза берди ва Британияга қайтиб кетмоқчи бўлди. Бироқ ишлатиб бўлинган бир буюм ҳолатига тушган Асма энди Британия разведкаси учун қизиқиш туғдирмайди. Шу боис расмий Лондон Британия фуқаролигига эга Асманинг қайтишини истамади. Унга Европа Итифоқи қўйган санкциялар бунга монелик қилишини билдиришди.
Хулоса ўрнида
Аёл жосуслар фақат разведка операцияларининг иштирокчилари эмас. Улар сояда қолишса-да, тарих йўналишини ўзгартирган ҳақиқий қаҳрамонлардир. Аёл жосуслар ҳақидаги ҳикоялар ёш авлодни илҳомлантиради. Кўринишидан ожиза ва нозик бўлиб кўринган хилқатнинг аслида сиз кутмаган жасорат ва ғалабаларга қодир эканини исботлаб туради. Ҳар бир муваффақиятли эркак ортида аёл тургани каби, ҳар бир муваффақиятли операция ортида ҳам аёл агентлар туришини ёдимизга солади.
Абулфайз Сайидасқаров