Жанубий Кореяга юбориш учун 10 минг доллар сўраган раҳбар ушланди
Наманган шаҳрида консалтинг фирма иш юритувчиси ҳам 2 минг доллар билан қўлга олинди.

Хорижга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди.
Ноқонуний миграцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирлар ўтказилди.
Наманган шаҳридаги консалтинг фирма раҳбари 2001 й.т. маҳаллий фуқаронинг ишончига кирган ҳолда, танишлари орқали уни Жанубий Корея давлатига ишга юбориш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 1,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Наманган шаҳрида фаолият олиб борувчи бошқа бир консалтинг фирма иш юритувчиси ўзининг танишлари орқали, Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи, 1998 й.т. фуқарони Латвия давлатига ишга юбориш эвазига 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.