platina.uz
Жамият

“Ягона буюртмачи хизмати” директори ўринбосари ва экология бўлими бошлиғи ушланди

Наманганда эса ҳоким ёрдамчиси 90 сотих ер майдонини келгусида тўйхона қуриш учун олиб бериш ва тегишли ҳужжатларини тайёрлаш эвазига 4,5 минг доллар олган. 

“Ягона буюртмачи хизмати” директори ўринбосари ва экология бўлими бошлиғи ушланди

Тошкент ва Наманган вилоятларида коррупцион ҳолатлар фош этилди.

Тошкент вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” давлат муассасаси директори ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали шартнома қиймати 2 млрд 73 млн сўм бўлган объектни капитал таъмирлаш бўйича ғолиб бўлган пудратчи ташкилот ҳисоб рақамига бўнак сифатида 1,1 млрд. сўм маблағ ўтказиб берганлиги эвазига муқаддам МЧЖ раҳбаридан тамагирлик йўли билан 2 минг АҚШ доллари олади.

Шунингдек, у жиноий ҳаракатини такроран давом эттириб, пудратчи ташкилот томонидан қурилиш ишлари белгиланган муддатларда бажарилмаганлиги сабабли, ундан 643 млн 530 минг сўм пеня ундириш бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво аризасидан воз кечиш орқали МЧЖ фойдасига ажрим чиқартириб бергани эвазига 5 минг АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.

Ҳозирда ушбу мансабдор шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а, в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тошкент вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг туманлардан биридаги бўлими бошлиғи 1990 й.т. фуқаро томонидан ўзи истиқомат қилувчи уйнинг кўча қисмида қурилиш ишларини амалга ошириш мақсадида кўп йиллик дарахтларни кесиб ташлаши учун рухсат бериш эвазига 3 минг АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур раҳбар ходимга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Наманган вилоятида кузатилган ҳолатда эса Поп туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ҳоким ёрдамчиси давлат захирасидаги 90 сотих ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахсга келгусида тўйхона қуриши учун олиб бериш ва тегишли ҳужжатларини тайёрлатиб бериш эвазига 2025 йилда 4500 АҚШ доллари олади.

Аммо, муқаддам судланган ҳоким ёрдамчиси ваъда қилинган ишни битира олмагач, 4500 АҚШ доллари ҳисобидан 1 млн 200 минг сўмни қайтариб берган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департмент ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid