Бу йил бир миллион кишини иш билан таъминлаш вазифа этиб белгиланди
Бундан ташқари 181 минг оила камбағалликдан чиқарилади, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар оширилади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Президент мавжуд имкониятларни ишга солиш бўйича ҳокимлар ва “маҳалла еттилиги”га методик билим ва тажриба етишмаётгани, масъул вазирлик ва идоралар эса уларга кўмаклашмаётганини кўрсатиб ўтди.
Арнасойда чорвачилик, Шўрчида банан етиштириш, Қувада анорчилик, Бўстонлиқда асаларичилик бўйича аҳоли ва тадбиркорлар яратган тажрибалар шундай ихтисослашувга эга бошқа туманлар учун яхши намуна бўла олиши, лекин бундан унумли фойдаланилмаётгани қайд этилди.
“Бундай тажрибалар ҳамма жойда бор. Лекин уларни ўргатиб, қамровини кенгайтирадиган тизим йўқ!” – деди давлатимиз раҳбари.
Мутасаддиларга бир ойда ишсизлик ва камбағаллик юқори маҳаллалардаги имкониятларни ўрганиб, уларга энг яхши тажрибаларни олиб кириш бўйича “методик қўлланма” қилиб бериш топширилди. Ҳокимлар эса жойларда бунинг ижросини ташкил этиб, одамларни ишли қилиш, даромадини кўпайтириш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топишга масъул ва жавобгар бўлади.
“Умуман, бу йил ҳар бир вазирлик ва ҳокимликнинг фаолияти маҳалла билан боғланади, қабул қилинадиган қарорларда ҳам маҳаллада нима ўзгариши назарда тутилади”, – деди Президентимиз.
1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингга етказиш, ишсизлик ва камбағалликни 4,5 фоизга тушириш жорий йил учун вазифа этиб белгиланди.