platina.uz
Жаҳон

Трампнинг Европага бож таҳдиди жаҳон бозорларини ларзага солди

Геосиёсий хавфларнинг кучайиши қимматбаҳо металлар нархини янги рекорд даражаларга олиб чиқиши мумкин. 

Трампнинг Европага бож таҳдиди жаҳон бозорларини ларзага солди

Геосиёсий кескинликнинг кучайиши инвесторларни хавфсиз активларга йўналтириб, олтин ва кумуш нархларининг ошишига туртки бермоқда.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг 1 февралдан бошлаб Дания, Норвегия, Швеция, Франция, Германия, Буюк Британия, Нидерландия ва Финляндиядан импорт қилинадиган товарларга 10 фоизлик янги божлар жорий этишни, 1 июндан эса уларни 25 фоизгача оширишни режалаштирмоқда.

Бу қарор бозорлар ва Европа бизнес доиралари орасида жиддий хавотир уйғотмоқда.

IG брокерлик компаниясининг ҳафта охири савдоларига кўра, 19 январь куни Лондон фонд биржаси қайта очилганда акциялар нархи пасайиши кутилмоқда. Геосиёсий хавфларнинг кучайиши эса қимматбаҳо металлар нархини янги рекорд даражаларга олиб чиқиши мумкин. 20 январ қайта очиладиган Уолл-стрит ҳам пасайиш томон ҳаракатланиши эҳтимол қилинмоқда.

IG компаниясининг бозор таҳлилчиси Тони Сикаморга кўра, сўнгги кескинлик НАТО иттифоқларининг емирилиши эҳтимоли ва Европанинг бир қатор давлатлари билан ўтган йили тузилган савдо келишувларининг издан чиқиши борасидаги хавотирларни кучайтирди. Бу акцияларда таваккалчиликдан қочиш кайфиятини кучайтириб, олтин ва кумушга бўлган хавфсиз активлар сифатидаги талабни оширмоқда.

IG ҳафта охири бозори маълумотларига кўра, Буюк Британиянинг FTSE 100 индекси душанба куни 0,9 фоизга пасайиши кутилмоқда. Weekend Wall Street бозори эса АҚШнинг 30 та йирик компаниясини қамраб олувчи Dow Jones саноат индексининг 0,5 фоизга тушишини кўрсатмоқда.

IG’нинг ҳафта охири қимматбаҳо металлар бозорида олтин нархи 0,6 фоизга ошиб, бир унция учун 4 625 долларга етди ва ўтган ҳафтада қайд этилган 4 642 долларлик рекордга яқинлашди. Кумушнинг спот нархи эса 0,5 фоизга кўтарилиб, бир унция учун 90,41 долларни ташкил этди.

17 январ куни Европа етакчилари, жумладан Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Трампнинг бу қарорини танқид қилиб, у НАТО мудофаа иттифоқига путур етказиши мумкинлигини таъкидладилар.

Wealth Club’нинг бош инвестиция стратегисти Сузанна Стритерга кўра, Трампнинг янги сиёсати янги иқтисодий бетартибликни қўзғатди ва Буюк Британия иқтисодиёти учун орқага қадам бўлди.

"Бу аллақачон мураккаб музокаралардан ўтиб, тариф битимларининг дастлабки босқичига эришган сиёсатчилар учун бош оғриғига айланувчи ҳолатдир. АҚШ бозорига маҳсулот сотаётган компаниялар ва уларнинг мижозлари учун эса бу яна мураккаб қарорлар қабул қилиш заруратини туғдиради.

Улар ҳозирги божларни ўзлаштиришга зўрға улгураётган эди, энди эса қўшимча юкни ютиб юборишга имкон қолмайди. Шу боис янги божлар охир-оқибат америкалик истеъмолчилар зиммасига тушиши эҳтимол", — деди у.

Якшанба куни Европа бизнес уюшмалари Европа Иттифоқини АҚШга нисбатан қатъийроқ позиция эгаллашга чақира бошлагани ҳам кузатилди. Германиянинг машинасозлик уюшмаси — VDMA Европа Комиссиясини АҚШга қарши мажбурий чоралар механизмидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқишга чақирди.

" Европа Иттифоқи бу сафар ён берса, бу АҚШ президентини яна асоссиз талаблар қўйишга ва янги божлар билан таҳдид қилишга ундайди" — деди VDMA президенти Бертрам Кавлат кечаги баёнотида.

Германия автомобил саноати уюшмаси президенти Хильдегард Мюллер эса ушбу қўшимча божларнинг Германия ва умуман Европа саноати учун ниҳоятда катта харажатлар келтириб чиқаришини таъкидлади.

Британия Савдо палаталари савдо сиёсати бўйича раҳбари Уильям Бейн АҚШга экспорт қилинадиган маҳсулотларга янги божлар жорий этилиши британиялик экспортчилар учун яна бир ёмон хабар бўлишини айтди. У Буюк Британия ҳукуматини ўтган йили АҚШ билан тузилган, аммо ўтган ой музлатиб қўйилган савдо битимини амалга оширишга ундади.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid