Хитойнинг савдо фойдаси тарихда илк бор 1,2 трлн долларга етди
Хитой экспорти АҚШ бозоридаги пасайишни Африка, Европа ва Жануби-Шарқий Осиё ҳисобига қоплади. 2024 ййилда бу кўрсаткич 992 млрд доллар эди.

Хитойнинг савдо профицити 20 фоизга ошиб, рекорд даражага етди.
Хитой экспорти АҚШ бозоридаги пасайишни Африка, Европа ва Жануби-Шарқий Осиё ҳисобига қоплади ва мамлакат савдо фойдаси тарихда илк бор 1,2 триллион долларга етди.
Божхона маълумотларига кўра, ўтган йил давомида Хитой экспорти 5,5 фоизга ошиб, 3,77 триллион долларга етди. Бунга хитойлик автомобил ишлаб чиқарувчилари ва бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг дунё бўйлаб янги бозорларга чиқиши сабаб бўлган. Импорт ҳажми эса 2,58 триллион доллар даражасида деярли ўзгаришсиз қолди. 2024 йил якунларига кўра, Хитойнинг савдо фойдаси 992 миллиард доллардан ошди.
Декабр ойида Хитой экспорти доллар ҳисобида ўтган йилга нисбатан 6,6 фоизга ошди. Бу иқтисодчилар кутганидан юқори бўлиб, ноябрьдаги 5,9 фоизлик йиллик ўсишдан ҳам юқори натижа бўлди. Декабр ойида импорт ҳажми ҳам йиллик ҳисобда 5,7 фоизга ошди, ноябрьда эса бу кўрсаткич 1,9 фоизни ташкил этган эди.
Хитой савдо фойдаси илк бор ноябр ойида 1 триллион долларлик маррадан ошди. Солиштириш учун, ўтган йилнинг дастлабки 11 ойида бу кўрсаткич 1,08 триллион долларга етган.
Иқтисодчилар савдо келишмовчиликлари ва геосиёсий кескинликларга қарамай, экспорт бу йил ҳам Хитой иқтисодиётини қўллаб-қувватлашда давом этишини кутишмоқда.
“Биз 2026 йилда ҳам экспорт иқтисодий ўсишнинг асосий драйверларидан бири бўлиб қолишини кутяпмиз”, — деди BNP Paribas банкининг Хитой бўйича бош иқтисодчиси Жаклин Ронг.
Трамп лавозимга қайтгач ва дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиёт билан савдо урушини кучайтиргач, ўтган йилнинг катта қисмида Хитойнинг АҚШГА экспорти кескин камайди. Бироқ бу пасайиш Жанубий Америка, Жануби-Шарқий Осиё, Африка ва Европадаги бошқа бозорларга етказиб бериш ҳажмининг ошиши ҳисобига асосан қопланди. 2025 йил якунларига кўра, Хитойнинг АҚШга экспорти 20 фоизга камайди. Шу билан бирга, Африкага экспорт 26 фоизга ошди. Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига экспорт 13 фоизга, Европа Иттифоқига 8 фоизга, Лотин Америкасига эса 7 фоизга кўпайди.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, компютер чипларига, бошқа электрон қурилмаларга ҳамда уларни ишлаб чиқариш учун зарур материалларга бўлган кучли глобал талаб Хитой экспортини қўллаб-қувватлаган асосий омиллардан бўлди. Ўтган йили автомобиль экспорти ҳам ўсди.
Хитой божхона бошқармаси раиси ўринбосари Ван Жун Пекинда журналистларга берган баёнотида 2026 йилда ташқи савдо муҳити ўта мураккаб ва қийин бўлишини айтди. Шу билан бирга, у Хитойнинг ташқи савдо асослари мустаҳкамлигича қолаётганини таъкидлади.
Халқаро валюта жамғармаси раҳбари ўтган ой Хитойни иқтисодий номутаносибликларни бартараф этишга ва экспортга қарамликни камайтириб, ички талаб ҳамда инвестицияларни оширишга чақирди.
Хитой раҳбарияти истеъмолчилар ва бизнес харажатларини оширишни иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишига айлантирган. Бироқ ҳозиргача кўрилган чоралар чекланган самара берди. Сўнгги ойларда жорий этилган давлат субсидиялари истеъмолчиларни эски техникаларни янгиларига, масалан, энергия тежамкор маиший техника ва автомобильларга алмаштиришга ундади.
Франциянинг Natixis инвестиция банки катта иқтисодчиси Гари Нг 2026 йилда Хитой экспорти тахминан 3 фоизга ўсишини кутмоқда. Бу 2025 йилдаги 5,5 фоизлик ўсишдан паст. Импорт ўсиши секин бўлиши сабабли, у жорий йилда ҳам Хитой савдо фойдаси 1 триллион доллардан юқори даражада қолишини прогноз қилмоқда.