platina.uz
Иқтисод

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан божхона божининг нол ставкаси бўйича муддат узайтирилди

Ушбу Фармон 2026 йил 1 январдан бошлаб кучга киради. 

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан божхона божининг нол ставкаси бўйича муддат узайтирилди

Президентнинг 2025 йил 30 декабрдаги ПФ-269-сонли Фармони имзоланди.

Ушбу ҳужжат аҳолини асосий истеъмол маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Унга кўра, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган айрим турдаги товарларга белгиланган божхона божининг нол ставкаларини қўллаш муддати 2027 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Вазирлар Маҳкамаси ички бозордаги вазиятдан келиб чиқиб, божхона божининг нол ставкаси қўлланиладиган товарлар рўйхатига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар киритиб боради.

2026 йил 1 январдан бошлаб республикага олиб кириладиган қуйидаги товарлар божхона божидан озод қилинади:

Электромобиллар учун: қувватлантириш станциялари ва уларнинг сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар (2028 йил 1 январгача).

Ипакчилик соҳасида: пилла йигириш ва тўқиш дастгоҳлари эҳтиёт қисмлари, тут уруғи ва кўчатлари, ипак қурти уруғлари (2028 йил 1 январгача).

Балиқчилик соҳасида: республикада ишлаб чиқарилмайдиган наслдор она балиқ, увулдириқ, личинка ва балиқ етиштириш учун махсус ускуналар (2029 йил 1 январгача).

Транспорт соҳасида: автобуслар ва электробусларга хизмат кўрсатиш учун технологик асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмлар (2029 йил 1 январгача).

Экология соҳасида: чиқиндиларни утилизация қилиш ва биологик чирийдиган полимер материаллар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган махсус техника ва ускуналар (2031 йил 1 январгача).

2026 йилдан 2031 йилга қадар чиқиндиларни тўплаш, саралаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи (даромадларининг камида 90 фоизи шу соҳадан бўлган) тадбиркорлар учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланди.

Ушбу Фармон 2026 йил 1 январдан бошлаб кучга киради. Унинг ижросини ташкил қилиш ва назорат қилиш Бош вазир ва унинг ўринбосарлари зиммасига юклатилди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid