Қурилиш компаниялари фуқароларга 6,7 млрд сўм қайтаради
Мижозлар томонидан тўловлар амалга оширилганига қарамасдан, айрим қурувчи ташкилотлар томонидан белгиланган муддатларда хонадонлар топширилмаган.

Қурилиш компаниялари фуқароларга 6,7 млрд сўм қайтаради.
Рақобат қўмитаси томонидан 5 та қурилиш компаниясига 6,7 млрд сўмлик пул маблағларини истеъмолчиларга қайтариши юзасидан тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларда, хонадон харид қилиш бўйича тузилган шартнома талабларига мувофиқ ўз вақтида тўловларни амалга оширган бўлишларига қарамасдан, айрим тадбиркорлик субъектлари (қурувчи ташкилотлар) томонидан белгиланган муддатларда хонадонларни топшириш мажбуриятлари бажарилмаётгани таъкидланмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 19-моддасига мувофиқ, ижрочи томонидан шартномада ёки белгиланган қоидаларда кўрсатилган муддат, ҳажм ва сифат талабларига қатъий риоя этилган ҳолда ишларни бажариши ёки хизматларни кўрсатиши шартдир.
Шу муносабат билан, Ҳудудий бошқарма томонидан истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қурилиш соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари бўйича суд органларига жами 32 нафар истеъмолчи манфаатида 11 млрд сўмдан ортиқ маблағни ундириш ҳақида даъво аризалари киритилди.
Олиб борилган ишлар натижасида “GLAMUR GOLD”, “TRANSPORT FREE GROUP”, “LUCKY TECHNICAL”, “BROCCOLI PLUS”, “NUR” МЧЖларга нисбатан 16 нафар истеъмолчи фойдасига жами 6,7 млрд сўм миқдоридаги маблағни қайтариш тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарорлари қабул қилинди.
Айни пайтда қолган истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан суд ишлари белгиланган тартибда давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Рақобат қўмитаси томонидан "Li Auto" автомашиналари рекламасида қонунбузилиши аниқланганди.
Оқибатда истеъмолчиларда чалғитувчи тасаввур шаклланган ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар асосида қарор қабул қилиш хавфи пайдо бўлган.