Тошкентда 3,7 мингдан ошиқ ер билан боғлиқ қонунбузарликлар аниқланди
Ерга оид энг кўп ҳуқуқбузарлик пойтахтнинг Сергели, Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Миробод ҳамда Олмазор туманларида қайд этилган.

Тошкентда кадастр ходимлари 3 721 та ер билан боғлиқ қонунбузилишини аниқлади.
Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг туманлардаги бўлим ходимлари томонидан 2025 йилнинг 11 ойида ўтказилган ер ва кадастр назорати тадбирлари натижалари эълон қилинди.
Унга кўра, 3 721 та ҳолатда 55,75 гектар ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланган.
Ерга оид энг кўп ҳуқуқбузарлик пойтахтимизнинг Сергели, Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Миробод ҳамда Олмазор туманларида қайд этилган.
Берилган ёзма кўрсатмалар, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 2 510 та ҳолатда 21,26 гектар ер қонунбузилиш ҳолати фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилишига эришилган.
Ўз вақтида бартараф этилмаган ҳолатлар юзасидан ер участкаларини қайтариш ва уларда қурилган иморатларни бартараф этиш бўйича судларга даъво аризалари киритилган. Ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари мавжуд бўлган 33 та иш ҳужжати ўрнатилган тартибга мувофиқ прокуратура органларига юборилган.
Юқоридаги ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ҳолатлар Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги 937-сон Қонуни талабларига мутаносиб эмас. Айнан шунинг учун ҳам ушбу жойларда ер ва кадастр назорати тадбирлари амалга оширилди.