ОАВ: ҳукумат Россия темир йўлларига “Moscow Towers”ни сотишни буюрди
2,4 миллиард долларлик осмонўпар мажмуани сотиш орқали 50 миллиард долларлик қарзнинг бир қисмини қоплаш мақсад қилинган.

РФ ҳукумати Россия темир йўлларига қарзларни ёпиш учун “Moscow Towers”ни сотиш буюрди.
Ҳукумат давлатга қарашли “Россия темир йўллари” компаниясига 2,4 миллиард долларлик “Moscow Towers” осмонўпар мажмуасини сотиш орқали 50 миллиард долларлик қарзининг бир қисмини қоплашни топширди. Ҳукумат бу қарор юк ташиш нархларининг кескин ошиб кетишининг олдини олишга қаратилганини билдирди.
Ҳукумат Россиянинг энг йирик тижорий иш берувчисини қўллаб-қувватлаш йўлларини муҳокама қилмоқда.
Тахминан 700 минг ходим ишлайдиган давлатга қарашли “Россия темир йўллари” компанияси уруш иқтисодиётида кескин секинлашув фонида даромадларнинг камайиши ва сўнгги йигирма йилдаги энг юқори фоиз ставкалари туфайли қарз нархларининг кескин ошиши оқибатида қийин вазиятга тушиб қолган.
“Манхеттен” услубидаги “Москва-Сити” мажмуасининг бир қисми бўлган “Moscow Towers” минорасини сотиш варианти ҳукумат йиғилишида ўтган ҳафта муҳокама қилинганини маълум бўлди.
Маълумотларга кўра, Россия темир йўллари қарзининг бир қисмини тўлаш ва юк ташиш нархларининг сезиларли ошиб кетишидан қочиш учун осмонўпар бинони сотиши керак деган қарор қабул қилинган.
Манбалардан бирининг сўзларига кўра, Россия темир йўлларига бинони 2024 йилда сотиб олинган нархдан кам бўлмаган суммага сотиш топширилган. Россия нашрлари - “Коммерсант”, “Ведомости” ва РБК бу нархни 193,1 миллиард рубл (2,42 миллиард доллар) деб хабар қилган.
Россия темир йўллари ҳам, ҳукумат ҳам саволларга жавоб бермади.
Агар харидор топилса, бу компания қарзининг бир қисмини камайтиришга ёрдам бериши мумкин. Россия иқтисодиёти жиддий секинлашаётган бир пайтда бу йил 1% ўсиш кутилмоқда, бу 2024 йилдаги 4,3% кўрсаткичдан анча паст.
Олдин муҳокама қилинган бошқа чоралар — юк ташиш нархларини ошириш, қарзларни қайта тузиш, давлат субсидиялари бериш, солиқларни камайтириш ёки кечиктириш масалаларида ҳали якуний қарор қабул қилинганича йўқ, деди манбалардан бири.
Банк қарзининг бир қисмини акцияларга айлантириш варианти ҳануз кун тартибида эканини ҳам манба қўшимча қилди.
Манбага кўра, Россия темир йўллари, Молия вазирлиги ва Марказий банк уч йилгача конверция имкониятини муҳокама қилиши ҳамда Молия вазирлиги кафолатлари асосида қайта сотиб олиш (буйбаcк) вариантини ҳам кўриб чиқиши керак.
Россия темир йўлларининг энг йирик кредитори бўлган ВТБ банки раҳбари Андрей Костин Reuters'га кредиторлар қарзни акцияларга айлантириш таклифини рад этганини айтди.
“Москва-Сити” — Москва дарёси бўйидаги осмонўпар бинолар мажмуаси бўлиб, у ерда ВТБ банки ва бир нечта вазирликлар ҳамда йирик Россия компаниялари жойлашган.
Россия темир йўллари аввал ўз марказий офисини шу осмонўпар бинога кўчиришни ва харажатни Москвадаги бошқа офис кўчмас мулкларини сотиш орқали қоплашни режалаштирган эди, бироқ бу амалга ошмади.