platina.uz
Жамият

Божхона бошқармаси катта тезкор ходими ва туман кадастр бўлими раҳбари қўлга олинди

Контрабандага қарши курашиш бўлими ходими ноқонуний тарзда фуқародан 400 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Божхона бошқармаси катта тезкор ходими ва туман кадастр бўлими раҳбари қўлга олинди

Коррупция ва фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди.

ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Унда Божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими катта тезкор ходими ноқонуний тарзда фуқародан 400 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Маълум бўлишича, ушбу тезкор вакил хизмат мавқеидан фойдаланиб, Термиз туманида яшовчи фуқаронинг 20 минг АҚШ долларини декларация ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, танишлари ёрдамида “Сариосиё” чегара божхона пости орқали Тожикистон Республикасига ўтказиб беришни ваъда қилган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 25,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, вилоятдаги туманлардан бирининг Кадастр бўлими бошлиғи маҳаллий фуқарога тегишли озиқ-овқат дўконининг ташқи томонига қурилган бостирма (навес) учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 5 млн сўм талаб қилиб, 3 млн сўм олган вақтида ушланди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” филиали Наманган бўлинмаси Косонсой тумани юрисконсулти маҳаллий фуқародан 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

У ўтказилган рейд тадбирлари давомида фуқаро ўзининг яшаш хонадонида электр тармоғига ноқонуний уланганлиги ҳолати аниқлангани бўйича тузилган далолатномага асосан чиқарилган 28,6 млн сўм жаримани электрон тизимга киритмасдан бартараф этишни ваъда қилган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Аввалроқ ДХХ икки нафар солиқ бош инспекторини қўлга олганди.

Улар тадбиркордан корхонаси кам миқдорда солиқ тўлаётганини айтиб, пул талаб қилишган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid