Фармацевтикадаги лоббистларга қарши кураш йўли топилди
Platina.uz сайтининг ушбу саволига Фармацевтика агентлиги директори жавоб бериб ўтди.

Фармацевтикада лоббизмнинг олдини олиш учун референт нархлар тўғри белгиланиб, шифокорларга бериладиган маржа олиб ташланди. Бу ҳақда матбуот анжуманида Platina.uz саволига Фармацевтика агентлиги директори Абдулла Азизов жавоб берди.
"Биз бу бўйича муаммонинг олдини олишга ҳаракат қиляпмиз. Муаммо бор, бу муаммо қандай шаклланганини раҳбариятга ҳам айтдик. Бунинг олдини олиш учун референт нархларни тўғрилаш жараёни бошланган. Агар референт нархларни тўғри белгиласак, яъни врачларга бериладиган маржани олиб ташласак, дистрибютерлар шифокорга пул беролмайди, лоббизм бўлмайди. Шифокор ҳам манфаатдор бўлмагач, бу нарсани ёзиб бермайди", деди у.
Унинг таъкидлашича, ҳозирги кунда дориларни олиб кирган кўплаб дистрибютерлар Ўзбекистондан чиқиб кета бошлаган. Референт нарх тушгач, маржа олиб ташлангандан кейин Ўзбекистон бозорида уларга фойда қолмаяпти.
"Аксинча, шу туфайли Ўзбекистонни тарк этган Европанинг яхши компаниялари ҳозир қайта бошлашди. Яъни шаффолик, қатъий назорат бўлгани учун рақобат ҳам кучайяпти", деди Азизов.