Дам ва байрам кунлари, фавқулодда ҳолатларда дори сотиб олиш қандай бўлади?
Электрон рецепт амалиёти пайтида мазкур масала кўпчилик томонидан кун тартибига қўйилган эди.

Электрон рецепт амалиёти даврида дам олиш ва байрам кунлари, фавқулодда ҳолатларда дорихоналардан дори сотиб олишда муаммо юзага келмайди, демоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари матбуот анжуманида.
Хусусан, барча шифохона ва поликлиникаларда байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик жорий этилган. Қолаверса, агар фавқулодда тезкор ёрдам керак бўлиб қолса, тиббий ёрдамга қўнғироқ қилиш мумкин.
ССВ масъулларининг фикрича, поликлиникалар бир йилдан бери электрон навбатлар билан ишлаб, тажрибасини оширган. Электрон рецепт ёзишда ҳам муамо бўлмаслигига ишонтиришмоқда.
"Фавқулодда ҳолатларда, шунингдек, болаларга, кекса ёшдаги шахсларга ва сурункали касалликка чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишда ҳеч ким зарур дори воситаларисиз қолмайди. Ушбу тоифадаги беморлар алоҳида назоратда бўлади", деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари.
Янги тизимни жорий қилиш даври мобайнида Соғлиқни сақлаш вазири раҳбарлигида доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ушбу гуруҳ таркибига шифокорлар, дорихона ташкилотлари ва АКТ мутахассислари киради. Ишчи гуруҳ тизимнинг амалда қўлланилишини мунтазам мониторинг қилади, фуқаролар ва тиббиёт ходимларининг мурожаатларини кўриб чиқади, поликлиникаларга тушаётган юкламани, рақамли сервислар барқарорлигини ва дори воситаларини бериш тартибини таҳлил қилади. Зарур ҳолларда тезкор тарзда тегишли тузатишлар киритилади.
Шифокор рецептисиз бериладиган асосий ҳаётий муҳим дори воситаларининг базавий рўйхати шакллантирилган. Унинг мақсади — кундалик ва фавқулодда маиший ҳолатларда аҳолига тезкор тиббий ёрдам олиш имкониятини таъминлашдир. Рўйхат халқаро амалиёт, шифокорлар тавсиялари ва ҳаётий ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий ахборот ресурсларида эълон қилинган. Бу жараёнда у амалий қўлланиш натижалари ва келиб тушаётган таклифлар асосида аниқлаштирилиши ва тўлдирилиши мумкин.
Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба ҳудудларида жойлашган дорихоналарда жорий қилинган “Электрон рецепт” тизими доирасида вужудга келаётган мурожаатларни қабул қилиш учун телеграм @ssv_pilotbot ташкил этилди. Ушбу бот орқали ушбу тизим ва дори воситаларини бериш билан боғлиқ барча мурожаатлар устувор тартибда кўриб чиқилади.
Шунингдек, ишонч телефони ҳам ишга туширилган: 71 2025000.