Дорихоналарда сертификатлаштирилмаган дори сотилаётгани аниқланди

Фармацевтика бўйича марказ фуқароларни огоҳлантирди. 

Жамият
16 февраль, 18:00
Дорихоналарда сертификатлаштирилмаган дори сотилаётгани аниқланди

ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази сотувда “Bar-VIPS” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган, оғиз орқали юбориш учун суспензия тайёрлаш кукуни шаклидаги “Bar-VIPS” препаратининг сертификатлаштирилмаган 520723 серияси аниқланганлиги ҳақида хабар берди. 

Айни пайтда марказ лабораториясида мазкур дори воситасининг сифати текширилмоқда.

Маълумот учун, “Bar-VIPS” дори препаратининг қуйидаги  сериялари, яъни 500820, 530820, 510820, 520820, 540820, 370622, 380622, 480722 мамлакатимизда тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган бўлиб, уларнинг сифатини тасдиқловчи тегишли мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилган.

Сертификатлаштирилган фармацевтика маҳсулотлари ҳақида қуйидаги манзилда танишишингиз мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Ўзбекистон ҳудудида дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублигидан, мулкчилик ва бошқарув шаклидан қатъий назар) барча ташкилотларни огоҳликка чақириб, “Bar-VIPS” препаратининг сифатини тасдиқловчи тегишли мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган, шу жумладан 520723 серияси, (яроқлилик муддати 08.2025) аниқланганда уни зудлик билан сотувдан чиқариб ташлашини сўрайди.

"Шу ўринда, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом”га мувофиқ, дори воситалари ва тиббий буюмларни мувофиқлик сертификатларисиз сақлаш ва (ёки) реализация қилиш лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланиб, лицензиянинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келишини эслатиб ўтамиз" дейилади хабарда.

Шунингдек, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисларидан "VIPS-MED" МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “Bar-VIPS” дори воситасини тиббий мақсадларда қўллашда ўрамда кўрсатилган серияларга эътибор беришларини ҳамда “Бар-ВИПС” препаратининг қуйидаги 500820, 530820, 510820, 520820, 540820, 370622, 380622, 480722 сериялари тиббиёт амалиётида қўллаш учун тасдиқланган.

Аввалроқ Фармацевтика хавфсизлиги маркази Тошкентда яроқсиз дори ишлаб чиқарган фирмани аниқлаганди. 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+