platina.uz
Жаҳон

Таиланд Камбоджага ҳаво ҳужумларини бошлади: сулҳ хавф остида

Ҳар икки томон бир-бирини айблади. Октябр ойидаги сулҳ келишуви Доналд Трамп томонидан йирик дипломатик ғалаба сифатида баҳоланган эди. 

Таиланд Камбоджага ҳаво ҳужумларини бошлади: сулҳ хавф остида

Таиланд ва Камбоджа ўртасида баҳсли чегара ҳудудларида ҳарбий тўқнашувлар яна авж олди — Бангкок ҳаво ҳужумларини бошлаган, тинч аҳоли эвакуация қилинмоқда ва АҚШ воситачилигида тузилган тинчлик келишуви амалда барбод бўлиш арафасида турибди.

Таиланд 8 декабр куни Камбоджага қарши ҳаво ҳужумларини бошлади — Жануби-Шарқий Осиёдаги қўшни давлатлар ўртасида жанглар яна авж олди. Бу воқеа АҚШ президенти Доналд Трамп воситачилигида атиги икки ой олдин тузилган тинчлик келишувидан сўнг рўй берди.

Ҳар икки томон 8 декабр куни эрталаб баҳсли чегара ҳудудларида зарбаларни бир-бири бошлаганини даъво қилмоқда. Бу эса бир неча ҳафталик кескинлик ва Таиланд томонидан ўт очишни тўхтатиш келишуви бўйича жараён тўхтатилганидан кейин юз берди.

Таиланд армияси матбуот котиби, генерал-майор Уинтҳай Суварее ҳаво зарбалари Камбоджанинг ҳарбий инфратузилмасига қаратилганини ва бир Таиланд аскари ҳалок бўлганига жавоб эканини билдирди.

“Зарба нишони Чонг Ан Ма довони ҳудудидаги Камбоджанинг қурол-ёрдам позициялари бўлди, чунки айнан шу нуқталардан Анупонг базасига артиллерия ва миномётлар билан ҳужум уюштирилган. Натижада бир аскар ҳалок бўлди" — деди Суварее. Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужумда яна етти киши жароҳат олган.

Таиланд армияси баёнотида Камбоджа 8 декабр куни маҳаллий вақт билан соат 03:00 атрофида Таиланд чегараси томон зарбаларни бошлагани айтилди.

Шу билан бирга, Таиланд Қироллик Ҳарбий-ҳаво кучлари Камбоджа оғир қуролларни сафарбар қилгани, жанговар бўлинмаларни қайта жойлаштиргани ва ўт очишни қўллаб-қувватлаш воситаларини тайёрлаганини, бу эса ҳарбий ҳаракатлар кенгайишига ҳамда Таиланд чегарасига таҳдид солиши мумкинлигини маълум қилди.

Камбоджа Миллий мудофаа вазирлиги эса бу айбловларни рад этиб, Х ижтимоий тармоғидаги баёнотида буни “ёлғон маълумот” деб атади.

“Барча аввалги келишувларга ҳурмат руҳига таянган ҳолда ва можароларни халқаро ҳуқуқ асосида тинч йўл билан ҳал қилиш тамойилига содиқ қолган ҳолда, Камбоджа икки марта уюштирилган ҳужумларга умуман жавоб қайтармади ва вазиятни жуда эҳтиёткорлик билан, ҳушёр кузатишда давом этмоқда” — дейилади баёнотда.

Алоҳида баёнотда Камбоджа армияси маҳаллий вақт билан соат 5:04 атрофида Таиланд ҳарбийлари ҳужум уюштирганини маълум қилди.

Таиланд армияси маълумотига кўра, Таиланд чегарасига яқин шаҳарлардаги тинч аҳолининг қарийб 70 фоизи эвакуация қилинган.

Таиланд ва Камбоджа июл ойида беш кунлик чегара можаросини бошдан кечирган бўлиб, у ўнлаб инсонлар ҳалок бўлишига ва икки томонда ҳам қарийб 200 минг кишининг кўчишга мажбур бўлишига олиб келган.

Томонлар ўртасида дастлабки ўт очишни тўхтатиш келишуви 28 июл куни Доналд Трамп уларнинг етакчилари билан телефон орқали мулоқот қилганидан сўнг тузилган.

Шундан сўнг, октябр ойининг охирида Таиланд ва Камбоджа Куала-Лумпур шаҳрида Трамп ва Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим иштирокида кенгайтирилган ўт очишни тўхтатиш декларациясини имзолаган эди.

8 декабр куни Анвар Иброҳим Камбоджа ва Таиланд кучлари ўртасидаги қуролли тўқнашувлар ҳақидаги хабарлардан чуқур ташвишланганини билдириб, ҳар икки томонни вазминликка чақирди.

Октябр ойидаги сулҳ келишуви Трамп томонидан йирик дипломатик ғалаба сифатида баҳоланган эди.

Бироқ келишув имзолангач, орадан икки ҳафта ҳам ўтмай, Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги битим "емирила" бошлади.

Таиланд ва Камбоджа сўнгги ўн йилликларда баҳсли чегара ҳудудлари юзасидан бир неча бор қисқа тўқнашувларга киришган. Яқинда бўлиб ўтган жанглар эса сўнгги йиллардаги энг жиддийларидан бири бўлди. Ҳар икки томон навбатдаги кескинлашувни бир-биридан деб ҳисоблаб, можаролар учун айбни ўзаро юклади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid