platina.uz
Жамият

Давлат органларининг вазифа ва функциялари 5 даражага ажратилади

Ходимларнинг коррупцияга қарши даражасини диагностикадан ўтказиш тизими жорий этилади. Диагностика Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан ўтказилади. 

Давлат органларининг вазифа ва функциялари 5 даражага ажратилади

Айрим ҳудудлардаги давлат органларида кадрлар ротацияси тизими жорий этилади.

“Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–243-сон, 06.12.2025 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, давлат органларининг вазифа ва функциялари қуйидаги 5 та даражага ажратилади:

- конституциявий ва миллий даража;

- республика ижро этувчи ҳокимият органлари даражаси;

-ҳудудий даража;

-туман (шаҳар) даражаси;

- маҳалла (қишлоқ, овул) фуқаролар йиғини даражаси.

2026 йил 1 январдан “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақомидаги 33 та туман (шаҳар)да фаолият юритувчи давлат органларида кадрлар ротацияси тизими жорий этилади. Бунда:

- республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) бўлинма раҳбари ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ва унинг ўринбосарлари ҳар 5 йилда, қоида тариқасида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри доирасида бошқа туман (шаҳар)га ротация қилинади;

- ротация қилинадиган раҳбарлар Агентликнинг “hrm.gov.uz” электрон платформаси орқали аниқланади;

- раҳбар янги ҳудудга ўтишдан олдин ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолати бўйича интенсив курсда ўқитилади;

- ротация қилинган раҳбар фаолияти Агентлик томонидан электрон платформа орқали онлайн тарзда мониторинг қилинади.

-давлат органларида ходимларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш тизими жорий этилади.

Унга кўра, қуйидагилар диагностикадан ўтказилади:

- 2026 йил 1 январдан коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг раҳбар ва масъул ходимлари ҳамда ушбу лавозимларга номзодлар;

- 2026 йил 1 июндан соҳалар назоратига масъул инспекцияларда коррупциявий хавф-хатар даражаси “юқори” ва “ўрта” бўлган функциялар юклатилган лавозимларда фаолият юритаётган ходимлар ҳамда ушбу лавозимларга номзодлар;

- 2027 йил 1 январдан бошқа давлат органларида коррупциявий хавф-хатар даражаси “юқори” ва “ўрта” бўлган функциялар юклатилган лавозимларда фаолият юритаётган ходимлар ва ушбу лавозимларга номзодлар.

Диагностика Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг буюртмасига мувофиқ Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан ўтказилади.

Диагностика натижасига кўра ходимнинг коррупцияга барқарорлик даражаси “паст” деб баҳоланиши мазкур лавозимда меҳнат муносабатларни давом эттиришига монелик қилувчи ҳолат ҳисобланади.

Бунда ходим коррупциявий хавф-хатар даражаси “паст” бўлган бошқа лавозимга мажбурий равишда ротация қилинади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid