Бухорода портловли моддалар цехи портлаб кетди
Ҳодиса оқибатида 4 киши ҳалок бўлган, омборда жами 30 киши бор эди.

Бугун, 6 декабр куни соат 09:40 да Бухоро вилояти Когон тумани Мустақиллик маҳалласида жойлашган тоғ-кон саноати корхоналари учун портловчи моддаларни ишлаб чиқариш цехида портлаш юз берган.
Оқибатда келиб чиққан ёнғин вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 7 та қутқарув бўлинмаси томонидан соат 10:27да тўлиқ ўчирилган.
Портлаш вақтида омборда 30 нафар ишчи бўлган, улардан 4 нафари вафот этган. Енгил даражада тан жароҳати олган 4 нафар ходим шифохонага жойлаштирилган, уларнинг 2 нафарига амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилган.
Президент топшириғига мувофиқ Саноат хавфсизлиги қўмитаси раиси А.Рафиқов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ҳукумат комиссияси тузилган.
Ҳукумат комиссиясига жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, портлаш оқибатларини бартараф қилиш, ушбу бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.
Маълумот учун, цех 2019 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Марказий Осиё ва Ўзбекистон тоғ-кон саноати корхоналари эҳтиёжлари учун янги конларни ўзлаштиришда қўлланиладиган портловчи моддаларни етказиб беришга ихтисослашган корхона ҳисобланади.