Сирдарёда "Султонҳовуз" сув омбори қурилиши бошланади
Бу орқали Боёвут, Гулистон, Сайхунобод, Сирдарё ва Мирзаобод туманларидаги 110 минг гектарда йилига 2 марта ҳосил олиш имконияти пайдо бўлади.

Сирдарё вилоятида 287 минг гектар сувли, 16,5 минг гектар яйлов ва ўрмон ерлари бор.
Жорий йил Мирзаобод, Ховос ва Сардобадаги 16 минг гектар чўл ерлар фойдаланишга киритилиб, ярмига янги технология асосида пахта экилгани учун гектаридан 60 центнергача ҳосил олинди.
Хитойлик инвесторлар 50 миллион доллар ҳисобига Боёвут, Гулистон, Оқолтин, Ховос ва Сирдарё туманидаги 30-40 йилдан бери ҳеч нарса экилмаган яна 12 минг гектар ташландиқ ерни томчилаб суғориш орқали фойдаланишга киритишни бошлаб юборди. Келаси йил бу ерларда пахта етиштирилиб, камида 60 минг тонна ҳосил олинади.
Бунинг натижасида шунча гектар кам ҳосилли пахта ва ғалла даласини қисқартирилиб, ўрнида озуқа экинларини жойлаштиришга рухсат берилади.
Хитойнинг Шимолий-ғарбий аграр университети, Янлин юқори технологиялар зонаси билан ҳамкорликда Сирдарёда қишлоқ хўжалиги уруғчилиги бўйича илмий-инноватсион марказ ишини йўлга қўйиш топширилди.
Сирдарё вилоятида жорий йил 10 минг гектарда асосий экин сифатида шоли етиштирилиб, 53 минг тонна ҳосил олинди.
Бу яхши кўрсаткич бўлса-да, сувни тежаш масаласи ҳам муҳимлиги қайд этилди.
Боёвутлик фермер томчилаб суғоришни йўлга қўйиб, ғалладан бўшаган 23 гектар ерда такрорий экинга 8 гектарида шоли, яна 15 гектарида эса пахта экиб, гектаридан 5-6 тонна ҳосил олди. Энг муҳими, сув сарфи 10 баробар камайди.
Шу боис, шоли етиштириладиган 8 та туман ҳокимларига ҳар йили камида 2 минг гектар шоли майдонини томчилатиб суғоришга ўтказиш топширилди.
Экин ерларида сув таъминотини яхшилаш учун келаси йил Боёвутда сиғими 100 миллион куб метр бўлган “Султонҳовуз” сув омборининг қурилиши бошланади.
Бу орқали Боёвут, Гулистон, Сайхунобод, Сирдарё ва Мирзаобод туманларидаги 110 минг гектарда йилига 2 марта ҳосил олиш имконияти яратилади.
Ерларнинг мелиоратив ҳолатини сақлаб туриш учун вилоятдаги 16 минг километр зовурларни босқичма-босқич тозалаш вазифаси қўйилди.
Вилоятдаги 200 минг гектарга яқин экин ерлари кучли ва ўрта даражада шўрланган. Шўрланган ерларни соғломлаштириш бўйича пилот лойиҳани Сирдарёда синовдан ўтказиб, натижасига қараб, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Мутасаддиларга сув ҳисобини юритиш бўйича Сирдарёни намунали ҳудудга айлантириш кераклиги кўрсатиб ўтилди.